ҲИКОЯТ: Бир куни ҳазрати Абу Язид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолога муножот қилиб ўтиргандилар, диллари пок, ақллари Арш тарафга учиб чиқиб кетди. Бир ҳолати мақомга етдиларки, кўнгилларида бу мақом мақоми Муҳаммад алайҳи салоту вас саломдир. Умидим шуки, жаннатда сарвари оламга ҳамсоя бўлайин деб турганларида, ҳотифдан нидо келдики: “Эй Або Язид, сенинг жаннатдаги ҳамсоянг фалон шаҳардаги фалон шайх ҳамсоя бўлур”.
Ҳушларига келиб, Абу Язид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ ўша шаҳарни ва ўша одамни излаб бориб шаҳар аҳлидан ўша шайхни қайда бўлишлигини сўрадилар. Одамлар масхара қилиб кулдилар ва дедиларки:
- “Эй меҳмон, фалон номлик одам кўп ёмон ва фосиқдир. У шаробхўрдир ва уни шайх дейишликка муносиб эмас. Кўринишингиздан олим одамга ўхшайсиз, аммо у фосиқни излаб келганингиз бизни кўп ҳайратга солди”. Шайх Абу Язид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ бу сўзни эшитиб кўп маъюс бўлдилар ва менга ҳотифдан келган нидо нидойи шайтоний экан, деб орқаларига қайтдилар. Бироз йўл юргандан кейин, ўзларига фикр қилиб, дедиларки: “Мен шунча узоқ ердан келдим. Энди мақсадга етганимда ахтарган одамимни ўзини кўрмай, аҳволини билмай, бегоналарнинг сўзига ишониб кетавераманми, бу ишим яхши эмас, ҳарна ўзини кўришим керак”, деб келиб:
- “Эй биродарлар, ўша фалончанинг уйи қаерда?” деб сўрадилар. Улар:
- “У фосиқ фалон майхонада майхўрлар билан хамр ичиб ўтирган бўлиши керак. У майхонадан ўзга жойга бормайди”, дедилар.
Абу Язид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ ўша майхонани бориб кўрдиларки, ҳақиқатан бир нечта фосиқлар жамланиб хамр ичиб ўтирибдилар. Уларнинг ичида ҳалиги киши ҳам ўтирибди. Абу Язид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳолни кўриб хафа бўлиб чиқиб кетаётганиларида, ҳалиги киши:
- “Эй шайхул муслимийн, Абу Язид Бистомий нима учун ичкари кирмайсиз, жаннатдаги ҳамсоянгизни ахтариб келиб, салом бермай кўришмай кетаверасизми?” деди. Абу Язид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ бу фосиқ бўлса, мени қаердан таниди ва жаннатдаги ҳамсоямни ахтариб келганимни қаердан билди, деб ҳайратда қолдилар.
- “Эй Або Язид, кўп фикр қилманг, ичкари киринг, биз билан бир соат ҳамнишин бўлинг”. Абу Язид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ ичкарига кирдилар ва сўрадилар:
- “Эй шайх, бу нима ҳол? Нима учун бу фосиқлар билан ҳамнишинсиз?” Абу Язид Бистомийнинг жаннатдаги ҳамсоялари жавоб берди:
- “Булар ҳаммалари маҳалламдаги қўшниларим. Булар 80 киши эдилар. Қўшнига яхшилик мўминликдан, деб мен буларга улфат бўлиб юриб кам-кам, даражама даража яхшиликка бошлаб, шулардан 40 тасини тавба қилдириб, фисқу фужур ишларидан тамоман қайтиб жаннатдаги қўшниларим бўлишди. Энди бу 40 киши қолди. Эй Або Язид Бистомий энди шунча узоқдан келибсиз, сиз ҳам хизмат қилишингиз лозим. Бефойда ва бекор қайтишлингингиз яхши эмас. Буларнинг тавбаларига сиз ҳам энди сабабчи бўлинг”.
Бу гапларни эшитиб турган шаробхўрлар ва буларнинг мартабаларини билиб, Шайх Абу Язид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳни таниб қолишди. Ҳаммалари қилган фисқ ишларига пушаймон бўлиб тавба қилдилар. 80 киши ҳаммалари дунёлик қўшниликдан ухровий қўшниликка айландилар.
Ботиржон домла Фахриддинов
Андижон шаҳри “Мирпўстин ота” жоме масжиди имом-хатиби