Болалик чоғимизда ўқиган эртакларимизда “гар саломинг бўлмаса икки ямлаб бир ютардим” деган ибораларни жуда ҳам кўп учратганмиз. Гарчи ўша пайтдаги ҳали етилиб камол топмаган дунёқарашимиз ўлчамида бу сўзнинг маъносини тўлиқ англаб етмасакда, ҳар ҳолда саломнинг нақадар эътиборлик эканини бир мунча ҳис қилар эдик. У пайтларда салом сўзига ислом нуқтаи-назаридан баҳо беришлик амри маҳол эди. Бугунга келиб бу муқаддас саломлашишликнинг пурҳикмат маъноларини тобора англаб бормоқдамиз.
Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳим. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Ҳар миллат ва элатларнинг ўзларига хос саломлашиш иборалари бўлиб улардаги турмуш тарзининг оқими ўша саломлашишларда ўз аксини жилолатиб туради. Мусулмон бўлмаган миллатларда кўпроқ бир лаҳза, пайт ёки куннинг бир бўлагига оид тилакни билдиргувчи саломлашиш бўлишини мулоҳаза қилар эканман, меҳрибон Холиқ таоло бизларни мукаммал саломлашгувчи миллатлардан қилиб қўйганига шукрона келтираман. Зотан “салом” сўзи луғатда “айб ва нуқсонлардан холилик, имоннинг саломатлиги, омонлик, хотиржамлик, тинчлик, осойишталик” каби бир қанча улуғвор маъноларни билдиришлиги билан бирга Аллоҳ таолонинг исмларидан бири ҳамдир.
Дарҳақиқат, кундалик турмушимизда самимият ила саноқсиз изҳор қилаяжак саломлашишларимиз фақатгина даврий ёки оний тилак эмас, балки улкан ҳикмат, пур маъно, дунё ва охиратнинг бахт-саодати илинжини англатгувчи муборак калом ва жуда ҳам осонгина адо этилиб жуда ҳам кўпгина савобларга етказгувчи ибодатдур!
Ҳа, бу саломлашиш усулини бизлар асрлар давомида ўзимизча одат қилиб олмаганмиз, буни бизга оламларнинг тарбиячиси – Тангри таоло ва ўн саккиз минг оламнинг яралишига сабаб бўлган ҳабибимиз Муҳаммад мустафо саллалоҳу алайҳи ва саллам таълим қилганлар.
* فَإِذَا دَخَلْتُم بُيُوتاً فَسَلِّمُوا عَلَى أَنفُسِكُمْ تَحِيَّةً مِّنْ عِندِ اللَّهِ مُبَارَكَةً طَيِّبَةً *(سورة النور، 61)
Яъни: “Бас, қачон уйларга кирсангиз ўзларингизга Аллоҳнинг ҳузуридан покиза муборак таҳийёт ила салом берингиз” (Нур сураси, 61-оятдан)
Ушбу ояти каримадаги “ўзларингизга” жумласини Саид ибн Жубайр, Ҳасан Басрий ва бошқа муфассирлар “бир-бирларингизга” деб тафсир қилганлар. Мужоҳид ва Қатода каби машҳур муфассир тобеъинларларнинг тафсирларига биноан уйда ҳеч ким бўлмаса “ассалому алайно ва ало ибодиллоҳис солиҳин” (бизларга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин) деб кирилади дейилган.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда жаноб Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
عن أبي هريرة قال: قال رسو ل الله صلى الله عليه و سلم “والذي نفسي بيده لا تدخل الجنة حتى تؤمنوا و لا تؤمنوا حتى تحابوا أفلا أدلكم على أمر إذا فعلتموه تحاببتم أفشوا السلام بينكم” (رواه أبو داود)
“Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, мўмин бўлмагунларингизча жаннатга кира олмайсизлар. Бир-бирларингизни яхши кўрмагунларингизча мўмин бўла олмайсизлар. Сизларни бир-бирларингизни яхши кўришингизга сабаб бўлгувчи ишга далолат қилайми? – Ораларингизда саломни кенг ёйинг”. (Абу Довуд ривояти)
Ҳақиқатан ҳам мўъмин мусулмонлар қачонки самимийлик ила саломалашар экан, қалбларга оқиб келган ўзаро дўстлик туйғулари ўртадаги бўғзу адоватларни сиқиб чиқара бошлайди. Бу эса бандаси томондан зўрлаб ҳам киритиб бўлмайдиган илоҳий туйғу эмасми?
Жаноб сарвар олам саллалоҳу алайҳи ва саллам Анас разияллоҳу анҳу тимсолида бутун умматига насиҳат қилиб:
“Қачонки (уйингга) кирсанг аҳлингга салом бергин, уйингда яхшилик кўпаяди” деганлар. (Абу Бакр Баззор ривояти)
Саломнинг баракаси ва ҳикмати юқорилигидан асҳоблар саломга ўзгача муҳаббатда бўлганлар. Фикримизга ушбу воқеа ҳам далил бўлади.
Набий саллалоҳу алайҳи ва саллам Саъд ибн Убод разияллоҳу анҳунинг хонадонига изн сўраб “Ассалому алайка ва раҳматуллоҳ” дедилар. Саъд ҳам “Ассалому алайка ва раҳматуллоҳ” деди, аммо Набий саллалоҳу алайҳи ва саллам эшитмадилар. Шу аснода уч бора салом бердилар, у ҳам уч бора алик қайтарди Набий саллалоҳу алайҳи ва саллам эшитмадилар ва энди қайтиб кетаётган эди, ортларидан Саъд разияллоҳу анҳу келиб:
– Отам билан онам Сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг расули. Йўллаган саломларингиз қулоғимда турибди, батаҳқиқ мен ҳам Сизга жавоб қайтардим. Аммо, шоядки саломингизни ва баракани яна ҳам кўпайтиришингизни хоҳлаганлигимдан Сизга эшиттирмадим, – деди.
Сўнгра уйига олиб кириб, олдиларига майиз қўйди. Набий саллалоҳу алайҳи ва саллам тановул қилдилар ва:
– Таомларингзни аброрлар есинлар, фаришталар сизларга салавот йўлласинлар ва ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилсинлар, – деб дуо қилдилар.(имом Аҳмад ривояти)
Саломлашишнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Шулардан бири салом лафзини тўлиқ талаффуз қилишликка ҳаракат қилмоқликдур.
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло “Нисо” сурасида саломлашиш одобларидан берган таълимига кўра саломга ундан чиройлироғи ёки ўзини қайтариш ила жавоб берилади.
Салмон Форсий разияллоҳу анҳу айтадилар: Пайғамбар саллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши кириб келиб:
– Ассалому алайка ё Расулаллоҳ, – деди.
– Ва алайкас-салому ва раҳматуллоҳ, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Кейин бошқаси келиб:
– Ассалому алайка ё Расулаллоҳ ва раҳматуллоҳ, – деди.
– Ва алайкас-салому ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Кейин яна бошқаси келиб:
– Ассалому алайка ё Расулаллоҳ ва раҳматуллоҳи баракотуҳ, – деган эди
– Ва алайка, – деб қўйдилар.
– Эй Аллоҳнинг пайғамбари, Отам билан онам Сизга фидо бўлсин. Фалончи ва фалончи келиб Сизга салом берди, уларга менга қайтарганингиздан кўра кўпроғини қайтардингиз?
– Чунки сен бизга (қўшиб қайтаргани) ҳеч нарса қолдирмадинг, шунинг учун борини қайтардим, – деб мазкур сурани ўқидилар. (Ибн Жарир ривояти)
Албатта, юқоридаги лафзлар араб тилининг хусусиятидан келиб чиқиб қўлланилганлигини эътиборга олган ҳолда саломалашишнинг энг тўлиқ ва мукаммал лафзи бизнинг ўзбек лаҳжаларида “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ” дейилиши тўғрироқ бўлади.
Валлоҳу аълам. Ассалому алайно ва ало ибодиллоҳис солиҳин.
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,
Асака тумани “Холид ибн Валид”
жоме масжиди ходими