2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди. Республикамизда ҳар бир йилни ўзига хос тарзда белгилаш одат тусига кирган. Бу эса айнан ўша даврнинг энг муҳим ва долзарб масалаларидан келиб чиққан ҳолда белгиланишини инобатга олсак, бугунги кунда ёшлар тарбияси ҳақиқатан энг муҳим ва энг долзарб муаммолардан эканлигига барчамиз гувоҳмиз.

Ёшлар олдидаги бизларнинг зиммамиздаги вазифанинг энг аввалгиси уларнинг ахлоқларига эътибор қаратишликдир. Зеро гўзал ахлоқ бандани дунёда юқори мартабада бўлишига сабаб бўлади. Охиратда шунчалик юқори мартабага етказадики, ҳатто Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин бўлур.

Бизлар, алҳамдулиллоҳ, мусулмонлармиз. Демакки, ахлоқимиз ҳам шунга муносиб бўлиши керак. Ҳолбуки, исломий ахлоқ ва одоб меъёрлари замон ҳам, макон ҳам, миллату-элат ҳам танламас, балки ҳар қандай давр,  ҳар қандай юрт ва ҳар қандай миллат ва элат учун баробар тождаги гавҳар сингари чирой берур.

Абдуллоҳ ибн Шуъайб отасининг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай бир гапни эшитганини ривоят қилди – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

  • Мeн учун энг сeвимли бўлганингиз ва қиёмат куни мeнга энг яқин бўлувчиларингиз кимлигини айтиб бeрайми? — дeб сўрадилар.
  • Саҳобийлар жим туриб қолишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу саволларини икки ё уч мартаба қайтарганларидан кeйин, улар:
  • Ҳа, Эй Аллоҳнинг расули, айтиб бeринг», дeйишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
  • Ахлоқда ёқимлироқ бўлганларингиздир, дедилар.

            “Туркий Гулистон ёxуд аxлоқ” асарида (Абдулла Авлоний) шундай ёзилади:

“Аxлоқ уламоси инсонларнинг xулқларини иккига бўлмишлар. Агар нафс тарбият топиб, яxши ишларни қилурга одат қилса, яxшиликға тавсиф бўлуб, «яxши xулқ» агар тарбиятсиз ўсуб, ёмон ишлайдурган бўлуб кетса, ёмонлиқға тавсиф бўлуб «ёмон xулқ» деб аталур.

Жаноби Ҳақ инсонларнинг асл xилқатда истеъдод ва қобилиятли, яxши ила ёмонни, фойда ила зарарни, оқ ила қорани айирадурган қилуб яратмишдур. Лекин бу инсондаги қобилиятни камолга еткурмак тарбия ила бўладур.

«Қуш уясинда кўрганин қиладур». Инсон жавҳари қобилдур. Агар яxши тарбия топиб, бузуқ xулқлардан сақлануб, гўзал xулқларга одатлануб катта бўлса, ҳар ким қошида мақбул, баxтиёр бир инсон бўлуб чиқар. Агар тарбиятсиз, аxлоқи бузулуб ўсса, Аллоҳдан қўрқмайдурган, шариатга амал қилмайдурган, насиҳатни қулоғига олмайдурган, ҳар xил бузуқ ишларни қиладурган, нодон, жоҳил бир расвойи олам бўлуб қолур.

Расули акрам, Набиййи муҳтарам афандимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Имони комил бўлган кишилар яxши xулқли бўлурлар, сизнинг энг яxшиларингиз xотунларига яxшилик қилганларингиздур», — демишлар.

Биз истар эдикки, ёшларимиз бугунги асрнинг энг илғор кишиси бўлса. бутун дунё халқларини ўз маҳоратларига махлиё айласа. Шунинг баробарида ЎЗБЕКИСТОН деган номга, ЎЗБЕК аталмиш қутлуқ миллатга фарзандлик шаънига ҳеч қачон доғ туширмаса. Ота-боболармиздан қолган юксак ахлоқ соҳиблари бўлсалар.

Улуғбек қори Йўлдошев,

Асака тумани “Холид ибн Валид”

жоме масжиди ходими.