Бу синовдан дуо билан чиқайлик

1003

Дуо – ибодат турларидан бири бўлиб, инсон руҳига қўшиб яратилгандир. Қийинчилик вақтида ўз-ўзидан, биров ўргатмаса ҳам ҳар бир одам Аллоҳга илтижо қилади.
Ҳаётдаги ҳодисалар қаршисида ожиз қолганда ўзига дуодан бошқа суянчиқ топа олмайди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло мусулмонларни дуо қилишга буюрган:
“Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору-зор холларида кирурлар” – деди. (Ғофир сураси, 60-оят).
Мана шу оятда Аллоҳ дуони “ибодат” деб атаган. Кимки ундан юз ўгирса Аллоҳнинг ғазабига учрашини эслатиб ўтган.
Дарҳақиқат, дуо — банданинг Яратган парвардигорига қарата йўллаган дил изҳоридир. Баъзи кишилар кенгчилик даврда, омади келиб турган вақтда дуо-ю истиғфорни унутиб қўяди, бошига ташвиш тушиб, мусибат етганда эса, суянчиғи дуо бўлиб қолади. Ҳолбуки, банда хотиржам, дасти узун, соғ-саломат юрган кунларда Аллоҳни эсласа, У ҳам оғир кунларида унутмаслиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ворид бўлган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в): “Аллоҳга дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ дедилар”.

Имом Бухорий (р.х): “Ал-Адабул Муфрад” китобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади”, – дедилар.
Ибн Масъуд (р.а)дан қилинган ривоятда : “Аллоҳдан у зотнинг фазлини сўранг, чунки, Аллоҳ сўралишни хуш кўради”, – дейилган.
Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ таоло унга ғазаб қилишини, шунинг учун барча хожатларимизни Роббул оламийнга арз қилиб, мушкулларимизни осон қилишини сўраб дуо қилиш, биз учун фарзу вожиб амаллардан эканини билиб оламиз.
Дуо қилишнинг одоблари, услублари, шартлари бор. Имкони бўлса, дуодан олдин бирор солиҳ амални тақдим қилиш керак.
Дуоларим қабул бўлсин, деган киши учун энг биринчи шарт – тавбадир. Чунки, тавба – солиҳ амалдир. Қилинган гуноҳларга афсус-надоматлар билан, пушаймон бўлиб, Аллоҳ таолога йиғлаб, ёлвориб, астойдил тавба қилиш – дуодан олдин қилинадиган солиҳ амалдир.
Ундан кейин, дуолар қабул бўладиган соатлар, ҳолатлар бор, дуонинг қабул бўлиши учун қилинадиган амаллар бор. Ана шуларни топиш, излаш керак.
Дуо қабул бўладиган соатлар – тонг, саҳар чоғларидир. Ана шу пайтлардаги дуолар кўпроқ қабул бўлади.

Азизлар, ҳозир хар доимгиданда кўра кўпроқ Аллоҳга дуо қилишимиз керак, боиси ҳаммага маълум, устимизда улкан синов турибти, бу ҳолатдан сабр билан, ихлос муҳаббат билан тонг саҳар вақтларда қилинган дуолар билан ва ниҳоясида ажр, савоб ва мукофот билан чиқамиз иншааллоҳ.
Роббим Бутун дунёни тинч қил, ер юзидаги барча инсониятни соғ омон қил, дунёни ваҳимага солган бу касалликни тезда устимиздан кўтар.


Мухаммадкуддус Абдухалимов

Хӯжаобод тумани

“Етти Чинор”

жоме масжиди имом-хатиби