Бой берилган бахт

715

Аллоҳ таоло бандасини бахтдан қисмасин экан. Акс ҳолда егани ичига тушмас экан. Комилжонга (исми ўзгартирилган) ана шу бахт насиб этмади. Энди бахтимни топдим деганда кўз тегди. Унинг оиласига барча ҳавас билан қарарди. Комилжон топармон-тутармон. Омад деганлари нақ Комилжонни ортидан соядай эргашиб юрарди. Ушлаган жойидан узиб оладиган йигит кун келиб барча-барча нарсасидан, обрўси, омади, мол-дунёсидан ҳатто оиласидан  ажралиши етти ухлаб тушга ҳам кирмаганди.

Шаҳло (исми ўзгартирилган) ўртаҳол оиланинг эркатой ягона қизи. Борига ҳам йўғига ҳам қаноат қилар, онасининг ёнида уй-рўзғор сирларини эринмай ўрганиб борар эди. Бир кун ўзга хонадоннинг бекалигига шу зайл тайёргарлик кўришдан ўзи ҳам қувониб кетар эди. Маҳалланинг кекса аёллари Шаҳлони келин қилиш орзусида юришарди. Шарофатхон ая (Шаҳлонинг онаси), келган совчиларга рад жавобини беравериб, ҳолдан тойган эди. Улар Шарофатхон аянинг дидига тўғри келмаган эди. Шарфотхон ая яккаю ягона қизини қўли кесов, сочи супурги бўлмаслигини орзу қилиб, бой-бадавлат хонадондан совчи келса бераман деб гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона айтар эди. Унинг сўзларидан ўз ҳаётидан норозилиги шундоққина сезилиб турар эди.

Шарофатхон ая кичгина бўлса ҳам, озиқ-овқат дўконида ойлик эвазига сотувчилик қилар, гоҳида дўкон эгасидан яширинча киши билмас қилиб, маҳсулотлар олиб келиб расталар остидан пуллаб юборар, гоҳида оғзи маҳкам ҳаридорларга белгиланган нарҳдан кўра қимматроққа сотиб киссасини тўлдирар эди. Қўйинки, ҳалқимиз тилидан айтилган “тушликдан кейин бой бўлганлар” сарасига кирар эди.

Отаси ҳалол, меҳнаткаш ҳақиқий бобо деҳқон эди. Эрталабдан кечгача боғ оралаб тинмай меҳнат қилар, гоҳида боғ ичида чайлада тунашга тўғри келар, бояқиш тиним билмас эди.

Ниҳоят, Шарофат ая орзилаган куёв томонидан совчилар келишди. Куёв боланинг топиш –тутиши тўғрисида маълумотларни эшитган Шарофатхон ая дарров рози бўлди қўйди.  Ўзини йўқотиб қўйди. На эридан, на Шаҳлодан, на бошқалардан маслаҳат олди. Барчасининг номидан совчиларга розилик берди. Шаҳлонинг таърифини эшитган совчилар, “нега дарров рози бўлди?” дейишга  ҳаёллари йўл бермади.

Совчилар келганидан хабар топган Шаҳло аввалига рози бўлмади. Эҳтимол уялгандир, ўзбек қизларига  хос, ибо-ҳаё билан “ойи мен сизларни ташлаб кетмайман, эрга тегмайман ”дерди-ю, юзини кафти билан беркитганича ўз хонасига чопар эди.

“Қизим, бунақа куёвлар анқовнинг уруғи бўляпти. Бундай куёвни қўлдан чиқармаслик керак. Қара, топармон-тутармон, янги уйлари, машинаси, шаҳарнинг қоқ ўртасида савдо дўконлари бор экан”- деди бир куни Шарофатхон ая.

Шарофатхон аянинг қистовлари иш бериб, Шаҳло  розилик берди.  Келган совчилар ноумид қайтишмади. Тўй кунлари белгиланди.

Шайтон: “Муҳаммаднинг (с.а.в) умматларини алдаш йўлини топдим. Бу умматни мол-дунё билан ҳоҳлагнимизча алдаймиз. Уни орқасидан улар қуваверади, қуваверади. Йўлларида  учраган жиноятлар борки, ҳаммасига бир-бир бош суқиб чиқишди”, -деди. Шайтонваччалар  ўзларига шундай бошлиқ борлигига тасаннолар айтишди.

Шаҳлони ҳам эрининг қўлидаги бойликлар йўлдан урди. Келин бўлиб тушганидан уч ой ўтар ўтмас хунари чиқишни бошлади. Қизлигидаги фазилатлари ортга чекиниб, ўрнига  ҳар хил бўлмағур қилғилиқлар кела бошлади.

Комилжон олдин ўзи учун ишлаган бўлса, энди икки киши учун меҳнат қиларди. Қайнона, шўрлик болам эртадан кечгача тер тўкиб ишлаяпти, хотинини айбларини яшириб турай,  янги хонадонга кўникса ҳаммаси изига тушиб кетар, деб ўғлига бу мавзуда оғиз очмас эди.  Ярим тунда уйқуси қочган қайнона шулар ҳақида ўйлар, гоҳида Яратган Эгамга: “Эй Аллоҳим, ўғлимнинг тоқати етмайдиган ишлар билан синама! Келинимга инсоф бер, хиёнаткор қилма”, дея дуолар қиларди.

Комилжоннинг иши кўпайганда кўпайди. Раҳбарнинг ҳам Комилжонга ишонганидан хориждаги ишларни ҳам унга топширди. Иш юзасидан хизмат сафарига чиқишни ҳам ўзи бўлмас экан. Ҳафталаб сафарда юрган Комилжон хориб, чарчаб уйга қайтарди. Онаси келини тўғрисида оғиз жуфтларди-ю, Комилжонни авзойини кўриб, унга раҳми келиб барча юкларни елкасига олиб, индамай қўя қоларди.

Шаҳло ростмана ўзига хон, ўзига бек бўлганди. Ётоқхонасига кириб кетиб кимлар биландир телефонда гаплашар, смслар ёзишар, гоҳида беҳаёларча тушган расмлар ҳам алмашиб туришар эди. Буни Шарофатхон ая сезганди. Бировнинг ҳаққида ёмон гумонга бормай, деб бу тўғрисида дарди ичида эди.

“Одно” деган аждарҳо Шаҳлони ростмана ўз домига тортган эди. Нафақат ётоқхона, қаерда бўлмасин, унинг ҳаёт мазмунига айланган эди. У сиз ҳаёт қоронғу эди. Туни билан вертуал оламидаги дўсти билан дилдан сухбатлар қилишарди. Бу дўстлик бора-бора муҳаббатга кейинроқ ишқий муносабат қурбонига айланди. Уни кўзини кўр қилди. Егани олдида, емагани кетида бўлган Шаҳлони Шайтон кўчага етаклади. Бозор учар, тўй, гап-гаштак баҳона Шаҳло “дўсти” билан учрашиб юрди. Нафақат кўча кўйда, гоҳида “дўсти” ни ўз уйига ҳам таклиф қилар, тунни деярли ярмини у билан ўтказар эди. Шаҳло бу кетишда нақ жаҳаннам сари илдамлаётганини билмас эди.

Шайтон алайҳиллаъна: “Ўлай агар, мен шунчаки қозиқни қимирлатиб қўйдим холос, қолганларини ўзлари бажаришди. Мен аралашмадим. Тухматчилар, ўзлари ишни бажариб, тағин айбни менга  ағдаришади-я”, деган экан.

Воқеа бундай бўлган эди.  Кунларнинг бирида Шайтон қия очиқ турган дарвозадан ичкарига мўралади. Қараса, катта бир қўчқор қозиққа боғланиб турар эди. Аста ҳовлига кирди-да, қозиқ томон қадам  ташлади. Қозиқни ушлаб  секингина қимирлатиб қўйди-да, шарпа берди. Шарпадан қўрқиб кетган қўчқор бошини бир силтади-да, қозиқни суғуриб олди. Озодликка чиққан қўчқор меҳмонхона рўпарасига қўйилган тош ойнани усиб, чил-чил синдирди. Бундан ғазабланган уй бекаси хизматкорларга қўйни сўйиб, гўштини рўпарага илиб қўйишни буюрди.

Кечга томон эр ишдан келди, қараса рўпарада қўй гўшти осиғлиқ турибди. Бундан хайрон, наҳотки, суйиб, эркалаб катта қилган қўйимни сўйган бўлса. Ахир у менга ҳамма нарсадан  аъло эканини хотиним яхши билардику.

Эр-хотин ўртасида ростмана даҳанаки жанг бўлди. Бир-бирларига анча мунча “дилномалар” йўллашди. Бу “дилнома”нинг охири етти осмонни ларзага келтирадиган  ибора билан якун топти.

Шаҳло ҳам эрининг кўнгил ойнасини чилпарчин қилди. Барчанинг боши эгилди. Бу воқеалар Комилжонга қаттиқ таъсир қилди. Бир неча кун ўзига кела олмади. Мол дунё топаман деб бахтни бой берганини энди англаб етди.

Ҳа, мол-дунё топаман деб, кўз очиб кўрган жуфтига меҳр бермади, меҳрини дариғ тутди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари: “Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидир”, деб бежиз айтмаган экан.

 

Андижон туман

бош имом-хатиби

Салимжон Матғозиев