Инсон ва жамият ҳаётининг барча тармоқларини қамраб олувчи мукаммал шариатимизда оддий фуқаронинг раҳбарга қай йўсинда муомала қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Аҳли суннат ақидавий йўналишида бош матнлардан ҳисобланмиш «Ақидатут-таҳовия”да мавзуга доир қуйидагича матнлар бор:
«Имомларимиз, бошлиқларимиз агарча зулм қилсалар–да, уларга қарши чиқишни ҳақ деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз» (Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий).
Пешқадам салафларимиздан бири — имом Таҳовийнинг бу жумлалари аҳли сунна вал-жамоа ақидавий мазҳабининг эътиборли муҳим ҳужжатларидан бўлиб, унда фуқаро ва ҳукумат муносабатларига доир, аҳли суннат мазҳабининг усулий муҳим масалаларидан қуйидаги бандлар баён қилинмоқда:
- Раҳбарга итоат қилиш ва ҳатто зулм қилса ҳам унга қарши қурол кўтариб чиқмаслик;
- Шариатга зид бўлмаган ҳолатларда раҳбарга итоат Аллоҳ ва Расулуллоҳга итоат каби фарз деб эътиқод қилиш;
- Ҳукумат раҳбарларига насиҳат қилиш ва яхшилик тилаб дуо қилиш;
Бугунги кунда бутун дунё бошига бало бўлиб турган коронавиирус касаллиги ҳаммамизни беҳаловат қилмоқда. Бу касаллик сабаблик жуда кўп нарсалардан маҳрум бўляпмиз ва жуда кўп неъматларни қадрига етяпмиз.
Ҳа мусулмон уммати жонини сақлашлиги фарз, шундай экан, ҳозирги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда вирусга қарши қилинаётган чора тадбирларга жиддий риоя қилган ҳолда, корантин қоидаларини бузмасдан, халқимизни ўйлаб эрта-ю кеч хизмат қилаётган бошлиқларимизга бўйин сунишлигимиз биз учун лозим бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг.». (Нисо / 59).
Ояти каримадаги «ишбошилар»дан кўплаб тафсирчилар султон-у, подшолар кўзда тутилган, деб изоҳ берган.
Ибн Жарир ибн Зайддан у киши эса отасидан «ишбошилар»нинг тафсирида «улар султонлардир» деб тушунтирганини ривоят қилган. (Имом Суютий. ад-Дур-рулмансур фит-тафсир бил-мансур. 4 – Ж. 504 – Б. Қоҳира 2004).
Соф аҳли суннат йўлида юраман деган мусулмон ҳукумат қарори ёқмаган тақдирда ҳам бўйсунишдан бош тортмайди, жамиятдан ажрамайди, халқ тинчлигини бузиб, давлатга қарши исёнчилик ҳаракатига қўшилмайди, бошлиқлар ортидан иғво қилмайди, қарғамайди, фитна қўзғамайди. Ҳанафий мазҳабининг йирик фақиҳларидан имом Сарахсий имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг «Ас-сияр ал-кабир» асарини шарҳлашда: бошлиққа итоат қилиш лозим, агар гуноҳ ишга буюрса итоат қилинмайди балки сабр қилиб, унга қарши қурол кўтаришдан тийилишини айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини далил сифатида келтиради:
عن إبن عباس عن النبي صلى الله عليه و سلم قال: من كره من اميره شيئا فليصبر، فإنه من خرج من السلطان شبرا مات ميتة جاهلية
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди: «Кимки амир тарафдан бирор қарорни номаъқул кўрса, бас, сабр қилсин. Чунки, ким подшо қарорларидан бир қарич бўлса-да ташқари чиқса, шубҳасиз жоҳилятда ўлади». (Бухорий, китоб ал-фитан 7054. Муслим, китоб ал-имарот 1849. Доримий, китоб ас-сияр 2519. Имом Аҳмад. Муснад 2491).
Аллоҳим бизларни бошлиқларга итоат қилувчи ва доимо сабр қилучи бандаларингдан қилгин. Инсоният бошига бошига юборган ўзингни аскаринг бўлмиш бу балони яъни каронавирусни бизлардан тезроқ кўтаргин!
Саидбурхон домла Сотволдиев
Андижон вилояти Шаҳрихон тумани
“Жўрабой” жоме масжиди имом–хатиби