Динимиз насл ва насабни сақлаш учун никоҳ ва унинг аҳкомларини баён қилиб берди. Никоҳ барча пайғамбар алайҳимуссаломларнинг ҳалол билан ҳаромни ажратувчи суннат амалидир. Никоҳ билан ота-она келгуси авлодларининг асосий тамал тошини қўяди. Қиз ўзи учун муносиб жуфт танласа, келажакда фарзандларига рисоладагидек ота танлаган бўлади.
Йигит ҳам ўзи учун яхши жуфт танласа, келажакда фарзандларига муносиб онани раво кўрган бўлади. Туғилган фарзандларда ота-она ва насл-насабидан фахр туйғуси бўлгани яхши. Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон ота-она ушбу тамал тошини қўйишда, албатта, диний ва миллий кўрсатмаларга қатъий амал этиши лозим. Динимиз отага бўлажак фарзанди учун яхши она танлашни буюради.
Ота-она бурчларидан бири туғилажак фарзанднинг насл-насабини ойдинлаштиришдир. Фарзандларнинг насаби аниқ бўлиши лозим. Бу ҳолат уларнинг келажагига таъсир кўрсатади.
Халқимизнинг насл-насабга эътибори, элати ва шажаралари билан насл ва насаб суриштириб, бир-бирларини танишлари, айниқса, оила қуришда, қуда-андачиликда миллий қадриятга айлангандир.
Никоҳнинг яна бир фазли борки, насл ва насабнинг поклиги, жамият маънавиятига таъсири беқиёс.
و روى البيهقي عن أنس رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله تعالى عليه و سلم قال: “ما افترق الناس فرقـتيـن إلا جعلني الله تعالى في خيرهما فأخرجت من بين أبوي فلم يصبني شيء من عهر الجاهلية و خرجت من نكاح ولم أخرج من سفاح من لدن آدم حتى انتهيت إلى أبي و أمي” (روح الـمعاني)
Анас разияллоҳу анҳудан Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Мен Одам (алайҳис салом) қошидан токи отам билан онамгача етиб келгунимча никоҳдан чиқдим. Ахлоқсизликдан чиқмадим”. (Алусий. “Руҳул-маоний” тафсири. “Тавба” сурасининг тафсиридан)
Оламларни яратган Маъбуди барҳақ, дунёнинг яралишига сабабчи бўлмиш ҳабибини ана шундай покиза насабдан танлаши никоҳ Аллоҳ наздида қанчалик эътиборга моликлигини кўрсатади.
Бунинг акси ўлароқ пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ашаддий душмани Валид ибн Муғира эса никоҳсиз туғилганидан никоҳга эътиборсиз жамият қанчалик маънавий таназзулга юз тутишини англаш мумкин.
Имом Насафий “Мадорикут-танзил” тафсирида баён қилинишича Валид онасининг олдига кириб:
– Муҳаммад мени ўнта сифат билан васф қилибди. Тўққизтасини ҳақиқатан ҳам ўзимда топдим. Аммо ҳаромзода эканлигимни билмас эканман. Ё менга бу сўзнинг ҳақиатини айтиб берасан, бўлмаса бошингни танангдан жудо қилгум! – деди.
– Сенинг отанг наслсиз эди. Вафот этса мол-дунёсига бегоналар эгалик қилиб олмасин деб қўрқдим. Кейин бир чўпонни ўзимга чорладим. Сен ўша чўпондансан, – жавоб берди онаси.
Яна ўша тафсирда келтирилганидек “Қачонки нутфа ифлосланса, ундан ўсиб чиқувчи ҳам ифлос бўлур”.
Никоҳга эътиборсиз жамият таназзулга юз тутгай. Бунга тарих гувоҳ. Аввало ҳозирги кунимизга назар ташласак, никоҳ эътиборда бўлмаган юртлар зоҳиран қараганда тараққий топаётганга ва тобора гуллаб-яшнаётганга ўхшагани билан, аслида ичидан зил кетмоқда. У юртларнинг фуқаролари одам зоти тугул тилсиз ҳайвон ҳам қилмайдиган қабихликларни бутун жамият меъёнасида шармандаларча намоён қилиб, бу тубанликларини сурбетларча “жинсий эркинлик” деб даъво қилмоқдалар.
Улар шу даражага етдиларки, оталарининг тайини йўқлиги оммалашиб кетганлигидан фуқаролик ҳужжатларида “отасининг исми”га ўрин қолмади.
Шаҳобиддин домла Парпиев,
Асака туман бош имом-хатиби