Бақара сурасининг 25-оятида “Улар жаннатда абадий қолучдирлар“- деб зикр қилинади. Оятдаги “хулд“ сўзини уламолар узлуксиз доимий боқийлик, деб таъкидлайдилар.
Табиийки савол туғилади. Биз Аллоҳни Азалий ва Боқий зот деб биламиз, зеро Аллоҳ Қуръони Каримнинг Ҳадид сурасининг 3 – оятида ўзини “У Аввалдир ва Охирдир…“-деб зикр қилади. Юқоридаги оятда эса “Улар жаннатда абадий қолучдирлар“-деб зикр қилинмоқда. Бунда Аллоҳ билан банда Боқийлик сифатида бир хил бўлиб қолмаяптими?. Ваҳоланки биз Аллоҳни бандаларга ўхшаш эмас деб биламиз.
Имом Насафий ўзинг тафсирларида ушбу саволга қуйидагича жуда ҳам ўринли жавоб берадилар.
Оятдаги “хулд“ сўзи узлуксиз доимий боқийликдир. Бу оятда Жаҳмийя тоифасининг сўзлари ботил эканлиги собитдир. Зеро улар “Жаннат ва унинг аҳли йўқ бўлувчидир. Чунки Аллоҳ ўзини Аввал ва Охир деб сифатлаган. Аллоҳнинг махлуқотлардан аввалда бор бўлиши ила энг Аввал Зот эканлигини ҳамма такидлайди. Бас шундай экан Аллоҳ барча махлуқотлардан Охир эканлигини ҳам таъкидлаш зарурдир. Аллоҳнинг Охир эканлиги эса барча махлуқотлар йўқ бўлганидан сўнг ўз-ўзидан собит бўлади. Яна иккинчидан Аллоҳ ва Сифатлари боқийдир. Фаразан жаннат ва жаннатийлар ҳам боқий дейилса, бунда Холиқ билан махлуқлари ўртасида ўхшашлик пайдо бўлиб қолади. Бу эса муҳолдир.“-деб айтадилар.
Биз уларга жавобан айтамизки: Аввал сўзи Аллоҳга нисбатан қўланилганда “Унинг бор бўлишинг бошланиши йўқ“, Охир сўзи эса “Унинг ниҳоя топиши йўқ“- деб тушунилади.
Биз (бандалар)га нисбатан эса аввал сўзи “аввал ўтган биринчи шахс“ деб тушунилса охир сўзи “кейинги келган охирги шахс“-деб тушунилади.
Аллоҳнинг бу иккала сифат билан сифатланиши комиллик сифатларини баёни ва ноқислик, зоил бўлишни йўққа чиқариш учундир.
Бу нарса эса Аллоҳни пайдо бўлиш ва йўқ бўлиш эҳтимолидан поклаш ила амалга ошади. Иккинчидан қандай қилиб Боқийлик сифатида Аллоҳ ва махлуқ ўртасида ўхшашлик бўлиши мумкин. Ахир Аллоҳ Ўз Зоти ила боқийдир, боқийлигида бировга муҳтож эмас. Бандаларнинг боқийлиги эса Аллоҳнинг боқий қолдиришига мужтождир, (зеро ўзалари Аллоҳнинг қудратисиз боқий қололмаслар).
“Тафсир Насафий“ асосида
Омонов Миркомил
Дардоқ имом хатиби