БИР ОЯТ ШАРҲИ ЁХУД ҚАЧОН МЎМИН БЎЛАМИЗ?

512
Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 8-оятида

وَمِنَ ٱلنَّاسِ مَن يَقُولُ ءَامَنَّا بِٱللَّهِ وَبِٱلۡيَوۡمِ ٱلۡأٓخِرِ وَمَا هُم بِمُؤۡمِنِينَ٨

Баъзи инсонлар борки, улар: “Бизлар Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишондик”, дейишади, ҳолбуки улар мўмин эмаслар.
Лекин шундай одамлар ҳам борки, улар Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонганларини айтишади, бироқ аслида бунга ишонишмайди. Булар асло мўмин (ишонувчи) саналмайди. Бу ояти карима Авс ва Хазраж қабиласи мунофиқлари ҳақида тушган. Ҳозирда ҳам бундай одамларни кўп учратиш мумкин. Айримларимиз “Бирорта ишим Аллоҳга маъқул келиб қолар” деймизу, Аллоҳни рози қилиш учун У буюрган амалларни, амрларни бажаришга шошилмаймиз. Гуноҳ нима, савоб нима – яхши ажратамизу аммо тарозунинг осийлик, гумроҳлик палласига юк босаверамиз. “Сен аввал қалбимга боқ, балки ўша намозхонларингдан менинг қалбим ўн чандон тозароқдир” деб сафсата сотамизу аммо Ислом фақат яхши хулқ, тоза виждондангина иборат бўлмаслигини тушунгимиз келмайди. Мусулмон бўлиш учун “мен ҳам мусулмонман” дейишнинг ўзи кифоя эмаслигини тан олмаймиз. Бир куни Яратганнинг ўзи инсоф бериб қолар, деган ўй билан руҳнинг ороми эмас, нафснинг хоҳиши йўлида, осийлик чангалзорларида кезамиз. Ҳазрати Усмон ибн Афон розияллоҳу анҳунинг “Жаҳаннам азобини билган ҳолда гуноҳ қилаверган кишидан ҳайратдаман” деган гапларини эсдан чиқарганмиз.
Мусулмонлик, мўминлик даъвосини қиламиз, аммо қалбларимиз ибодатдан кўра дунё васвасаларига, ҳаёт лаззатларига мойилроқ. Қанчалаб мусулмоннинг пешонаси сажда кўрмаган, Аллоҳни танимаган. Рамазон ойида мўмин бандалар ейиш-ичиш ва дунё лаззатларини тарк этиб, ибодат ва зикруллоҳни кўпайтираётганларини, масжидларда бўлаётган Қуръон тиловатию амру маъруф, наҳйи мункар, илм мажлисларини кўриб ҳам тош қалблари эримайди, жаҳолатдан қутула олмайди.
Кўпларимизнинг мусулмонлик даъвомиз бор. Аммо ҳалқумларимиз ҳалол-ҳаромни, бировнинг ҳаққини ажратмайдиган, ифлосликлардан парҳез қилмайдиган бўлиб қолган. Бозорларимизда тарози ва бошқа ўлчовларда уриб қолиш, молининг айбини беркитиб, ёмонини яхши деб сотиш, ёлғон қасам ичиш, хиёнат ва алдамчилик урфга кириб бўлган. Кишилар ўртасидаги муносабатларда товламачилик, қарз олиб қайтармаслик, рибохўрлик, порахўрлик, фирибгарлик тобора урчиб бораётгани ҳам бор гап. Дунёга муккамиздан кетиб, нафсимиз жиловини бутунлай қўйиб юборганмиз… Мўминлик даъвосини қилсак-да, аммо ахлоқ-одобимиз издан чиққан: ароқхўрлик, бангилик, фаҳш-бузуқликлар, зино, даюслик, мунофиқлик каби иллатлар ҳаётимизга тобора кириб келяпти. Фарзандларига тарбия бериши, уларни имон-эътиқод ва эзгуликка чорлаши керак бўлган катталарнинг ўзлари исломий тарбияга кўпроқ муҳтожлар. Хориждан беижозат ёпирилиб келаётган жирканч “маданият” йўлига тўсиқ қўйиш ўрнига ўзимизни унинг ифлос қучоғига отяпмиз… Мусулмонлик даъвосидамиз, бироқ ўтмишдан мерос қолган худобехабарлик, даҳрийлик қолдиқлари қалбимиз, дунёқарашимиздан батамом чиқиб кетгани йўқ. Қуръони карим огоҳлантираётганидай, бундайлар ўзини тузатмаса, чин мўмин бўла олмайди.
Азизлар қачон мўмин бўламиз, камчиликларимиз кўп.
Гуноҳларимизни, исрофларимизни ўзи кечирсин. Амийн.


Анваржон домла Ибайдуллаев,
Олтинкўл тумани “Уйшин”
жоме масжид имом-хатиби.

Манба: Тафсири Ирфон.