Бир қарич ер масъулияти

1046

Юртимиз тупроғи серунум ва гўзал боғлари серҳосил эканлигидан қанча кўп фахрлансак арзийди. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг бизларга кўплаб яхшиликларини ато этганинг аломатидир. Бунинг нақадар ҳақиқат эканлигини қуйидаги ҳадиси шарифдан ҳам билиб олишимиз мумкин. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сайҳон, Жайҳон, Фурот ва Нил ҳаммаси жаннат анҳорларидандир», дедилар». Муслим ривоят қилган. Сайҳон-Сайҳун, Жайҳон-Жайҳун шаклида ҳам айтилади. Сайҳун-Сирдарё, Жайҳун-Амударёдир. Бу ҳадиси шарифдан мурод, мазкур исмдаги ҳозирда ер юзида мавжуд дарёлар жаннатдаги анҳорлар каби баракали деган маънода бўлади.Ушбу икки дарёлар сир эмаски бизнинг юртимиздан оқиб ўтади. Азиз Ватанимизнинг барча ҳудудлари ушбу икки дарёдан сув ичадилар.Шунинг учун юртимиз тупроғи серунум ва гўзал боғлари серҳосил бўлади. Ватанимизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилаётган меҳнатсевар ва миришкор халқимиз чин ихлос билан турли соҳаларда хизмат қилмоқдалар. Хусусан бахор мавсумида ишлар ўзининг қизғин палласига чиқади. Деҳқонларимиз эса яхши ниятлар билан дарахт экиб, ерга уруғ қадайдилар. Деҳқончилик билан шуғулланиш савобли ишлардан эканлиги Хадиси шарифларда кўб бора таькидланган. Зеро, деҳқончилик ҳаёт зийнати ва таянчидир. У зот бу ҳақда марҳамат этиб бундай деганлар: “Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса, ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилганлик савобига эришур”.Бу хадиси шарифдан кучат экса ёки экиндан фойда келиб турса, уша инсон вафот этиб кетган бўлса ҳам ,унга қиёматгача савоб бориб туриши билдирилмокда. Ривоят қилинадики, бир киши улуғ саҳобий Абу Дардо (рз.)нинг олдиларидан ўтиб бораётса, у зот ёнғоқ кўчати экаётган эканлар. У киши Абу Дардо (рз.)га қараб: “Улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу фалон йилдан сўнг мевага кираду-ку” – деди. Абу Дардо (рз.) бунга жавобан: “Менга савоби етса бўлди, мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин” – деган эканлар. Деҳқончилик , зироатчилик билан шуғулланиш чиройли ишлардан бўлганидек ,экин экишга яроқли жойи бўла туриб у жойга бирор нарса экмаслик хуник ишлардандир. Жобир ибн Абдуллох розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кимнинг ери бўлса бас унга эксин ёки уни биродарига берсин. Агар бош тортса ерини тутиб қолсин». Мунзир рохматуллохи алайхи айтадилар: инсон учун ўз молу-дунёсидан манфаат ҳосил бўлиши керак. Кимнинг ери бўлса, унга (бирор нарса) эксин токи ундан манфаат ҳосил бўлсин ёки унга савоб ҳосил бўлиши учун уни биродарига берсин. Агар иккала ишдан бирини қилмаса ерини тутиб қолсин. Ушбу ҳадиси шарифда молу дунёси бўла туриб ундан фойда кўролмаган кимса мазаммат қилинмокда. « Ерини тутиб қолсин » ҳадисининг мазмунида бундай кишилар мазамматга қолиб, уятли иш қилган бўлиши ёки ҳадис бунданда қаттиқроқ маънода бўлиб, ундай кимсалар жиддий огохлантирган бўлиши мумкин. Демак ҳар бир қарич ернинг масъулияти бор, асло биз бундай ишларга эътиборсиз бўлмаслигимиз, ҳар бир қарич ернинг жавобгарлигини ҳис қилиб жиддий ёндашишимиз керак бўлади.

«Имом Ал- Бухорий» жоме
масжиди имом хатиби Рахимов Олимжон