Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир….

996

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир. Беришни ўзингни аҳли оилангдан бошлагин. Садақанинг энг яхшиси ўзинг ва аҳлингга қилган нафақангдан ортганидир. Ким иффатли бўлса Аллоҳ таоло уни иффатли қилади. Ким инсонлардан ўзини беҳожат тутса Аллоҳ таоло уни беҳожат қилади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини иззат-нафсли бўлиб одамлардан бирон нарса сўрашдан беҳожат бўлишга чақирар эдилар. Ҳатто, айрим саҳобалардан инсонлардан бирон нарса сўрамасликка байъат ҳам олганлар. Ўша байъат қилганлар орасида шундай саҳобалар бор эдики, агар уларни қамчиси ерга тушиб кетса ҳам бировга олиб бергин, дейишмас эди.

Бировлардан нарса сўрашдан беҳожат бўлиш шариатнинг талабидир. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг “Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир”, деган сўзларида очиқ ойдин таъкидлаб айтганлар. Лекин бирор инсон ҳадя берадиган бўлса уни олишда ҳеч қандай зиён йўқ. Чунки, Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳу айтадилар: Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Саъдий розияллоҳу анҳуга йўлиқиб қолганида: сенга мусулмонларни ишидан бир ишга волий бўлгин, дегандим, сен эса уни қабул қилмадинг, деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Саъдий: мени ҳолатим яхши, қул ва отларим бор. Мен у ишдан беҳожатман, сен менга таклиф қилаётган ўша иш бошқа мусулмонларга садақа бўлиши мен учун яхшироқдир, деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: ундай қилмагин чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ҳадялар берар эди мен эса: Эй Аллоҳнинг Расули! уни мендан бошқаларга беринг, дер эдим. Бу ҳол яна қайтарилганда мендан бошқага беринг, десам “буни олгин эй Умар! агар ўзинг учун ишлатмасанг уни садақа қиларсан, Аллоҳ таоло сенга бу молдан берган нарсани агар ўзинг сўрамаган бўлсанг уни олгин, бўлмаса ўзингни ундан сақлагин!, дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳадисларини давомида: “агар ортиқча молинг бўлса, уни ўз аҳлингга инфоқ қилгин”, дедилар. Чунки, мусулмон киши аввало вожиб бўлган нафақани қилиши керак. Шундай нафақалардан бири бу-киши ўз аҳлига ва болаларига қилган нафақадир. Бундан кейин эса яқин қариндошларига сўнгра бошқа муҳтож инсонларга берилади.

Ҳадиснинг давомида “Садақанинг энг яхшиси ўзинг ва аҳлингга қилган нафақангдан ортганидир” дейилди. Чунки, фарз амалларни бажариш нафл амалдан кўра авлороқдир. Бирор бир киши ўзи ва аҳли оиласини ҳалокатга ташлаб бошқа бировни қутқармайди. Чунки, ўзи ва аҳли оиласининг ҳаққи бошқа бировнинг ҳаққидан кўра вожиброқдир.

Ҳозирги кунимизда ушбу ҳадисга қанчалар муҳтож эканлигимизга бир назар ташлайлик! Баъзи бир инсонлар ўткинчи ҳою-ҳавасга берилиб дабдабали тўй қилмоқда, натижада эса, ўзи ва аҳлини нафақасини унитиб қарзга ботиб қолмоқда. Бу эса биз ўрганаётган ҳадисга мутлақо зид эканлигини кўриб турибмиз.

Ҳадиснинг давомида “Ким иффатли бўлса Аллоҳ таоло уни иффатли қилади. Ким инсонлардан ўзини беҳожат тутса Аллоҳ таоло уни беҳожат қилади” дейилди. Яъни, бир инсон одамлардан ўзини беҳожат тутса, Аллоҳ таоло уни мол-давлат бериб ёки борига қаноат қиладиган қилиб, мукофотлайди.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўзидан ўзгага муҳтож қилмасин! Зиммамиздаги аҳли оиламизнинг ҳақларини тўла-тўкис адо қиладиган инсонлардан бўлишимизни барчамизга насиб айласин!

 

Андижон шаҳар

“Чинор” жоме масжиди имом-хатиби

Авазбек Мўминов