Бахтлимизми?

929

Бугунги кунда кўп оилалар жар ёқасида қулаб тушишга шай турибди.  Бунинг сабаби оиладаги эр ва хотиннинг ўртасида садоқат, меҳр-оқибат, илиқликнинг йўқлигидир.  Хонадонларда илиқликнинг қайта тиклаш учун  Росулуллоҳ с.а.в нинг насиҳатларига, саҳобалар ва саҳобия аёлларнинг тарбиясига муҳтожмиз.  Минг афсуски,  бугун  илиқликнинг  ўрнини совуқлик эгаллаган. Мана шу сабабли бугун аксар оилалар  мажбурликда кун кечиришмоқда. Болаларни етим қилмаслик бахонасида  бирга яшамоқдалар.  Аслида иккала тараф ҳам ажрашишга тайёр, бир-бирларини кўргани кўзлари йўқ, отгани ўқи йўқ.

       Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оила масаласида барчамизга ўрнак бўлганлар. Биз Росулуллоҳнинг ҳаётларини ўрганар эканмиз, у зотнинг бутун бир ҳаётлари  меҳр-муҳаббатга бой эканликларига гувоҳ бўламиз. У зот ўз аёлларига  нисбатан юмшоқ, меҳрибонликлари сабабли атрофидагиларга доимо: “Аёлларга юмшоқ муомалада бўлинглар!”,  деб буюрардилар.

        Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам ер юзида энг мулойим  турмуш ўртоқ бўлганлар.

        Кунларнинг бирида Оиша онамиз розияллоҳу анҳога: “Менга жаҳл қилганингизни ҳам, ёки хурсанд бўлганингизни ҳам  гапингиздан биламан”,- дедилар. Оиша онамиз: “Қандай биласиз, эй Расулаллоҳ?”-дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар мендан хурсанд бўлсангиз “Муҳаммаднинг Роббисига қасамки, ундай эмас!”-дейсиз.  Агар менга жаҳл қилсангиз “Иброҳимнинг Роббисига қасамки, ундай эмас!”-дейсиз” –дедилар.

      Оиша онамиз бу  сўзларни эътироф этиб: “Аллоҳга қасамки, ҳақиқатдан ҳам жаҳлим чиққанда сизнинг исмингизни айтмайман”-деди.

       Энди эътибрингизни бошқа бошқа бир ривоятга қаратаман.

 Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: “Олдинроқда юринглар!” – дедилар ва Ойша онамизга қараб: “Келинг, мусобақа қиламиз!” – дедилар. Ойша онамиз шундай ҳикоя қиладилар:

       “Мен Расулуллоҳ с.а.в билан мусобақа ўйнаб, у кишидан ўзиб кетдим. Вақтлар ўтиб мен бу воқеани унутдим ва олдингига қараганда семириб қолдим. Бир ғазотга чиққанимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга: “Олдинроқда юринглар!” – дедилар ва менга: “Келинг, мусобақа қиламиз!” – дедилар. Мен у киши билан мусобақа ўйнадим, у киши мендан ўзиб кетдилар ва кулиб: “Мана энди биру бир бўлди” – дедилар”.

      Агар бугун биз эрлар ҳам Расулуллоҳ с.а.внинг аёлларига бўлган муносабатидек ўз аёлимизга муносабатда бўлсак, улар: “Раҳмат, дадажониси, бахтимизга омон бўлинг, Аллоҳ ишингизга ривож берсин”,– деган бўлур эди.

 Салимжон домла Матғозиев,

“Аммор ибн Ёсир” жоме масжиди имом-хатиби