Бароат кечаси ходисаси.

1626

Муборак уч ойлардан бири бўлмиш Шаъбони шариф кириб келди. Рамазонга оз қолди. Бароат кечаси яқинлашгани сабабли кўнглимиз талошланди. Шаъбон ойи Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратларининг ойидир. Чунки ул зот бу ойда кўп рўза тутар эдилар, кечалари тонгга қадар ибодат қилиб чиқар эдилар. Оиша онамиз бунинг сабабини сўраганларида:

«Эй Оиша, бу ой малакул-мавт – ўлим фариштаси Азроилга йил давомида вафот этадиганлар рўйхати ёздириладиган ойдир. Мен эса бу ойда исмимнинг рўзадор ҳолда қайд этилишини истайман», – деб марҳамат қилдилар У зот саллаллоҳу алайҳи васаллам.

Саҳобаи киром ва ўтмиш авлиёуллоҳ улуғларимиз ҳам бу ойда кўп рўза тутишар, Қуръони карим тиловат қилишар, Пайғамбаримизга саловотлар айтишар, Аллоҳдан афву мағфират тилаб, ул зотни васила қилар эдилар. Бойлар камбағалларга закотларини бериб, уларнинг рамазон рўзасини қийналмай тутишларини таъминлар, савдогарлар қарздорларнинг қарзларини узиб, уларни қарздорликдан халос этишар ва ниҳоят рамазон ҳилолини кўргач, ғусл таҳорати олиб эътикофга кирар эдилар.

Бароат кечаси шаъбон ойининг энг муҳим кечасидир. Шунингдек, йилнинг энг муборак, энг эътиборли, қадрланадиган қимматли кечаларидандир. Бу кеча ер юзига илоҳий раҳмат, баракот ва хайр нозил бўлгани учун уни, ҳатто малаклар ҳам байрам қилишади.

Аллоҳ таоло бу кеча ширк келтирганлар, бир-бирларига кина, адоват тутганлар, дўсту қариндошларидан алоқани узганлар, сеҳргарлар, коҳинлар, сархушлар, номуссизлардан ташқари кўплаб имон эгаларини авфу мағфират қилади.

Бароат кечасида ажаллар, ризқлар, ҳажга борадиганлар, вафот этадиганлар, саидлар – охират саодатига эришувчилар, шақийлар – охират саодатидан бенасиблар, йилнинг муҳим воқеалари қатъий белгиланиб ёзилади…

Бароат кечаларининг бирида Ҳасан Басрий ҳазратларини юзи сарғайган ҳолда кўрганлар, унинг бу ташвишли ҳолатини сўраб-суриштирганларида: «Аллоҳга қасамки, кемаси тўфонга учраган бир киши мендан ҳам баттар ёмон аҳволда бўлмаса керак. Чунки қилган гуноҳларимни биламан, аммо яхши амалларим қабул қилиндими йўқми, аҳволим нима бўлади? – дея ташвишдаман», – деб жавоб берибдилар.

Азизлар! Бу муҳим кечага аввалдан тайёрланинг, рўзалар тутинг, закотлар, садақалар беринг, саловотлар айтинг, зикру тасбеҳотлар айлаб, тавба-истиғфор қилинг, Қуръон ўқинг, нафл намозлар ўқинг, силаи раҳм этиб, кўз ёшлар ила дуо қилингки, Парвардигоримиз сизу бизни мағфират қилсин, номимизни «Девони суадо» (саидлар девони)га киритсин. Маънавий файзу футуҳларга мазҳар этсин, устимиздаги балою мусибатларни даф этсин, Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айласин!

Андижон вилояти вакиллиги

ходими Искандарбек Закиров

(манбаълар асосида тайёрланди)