Young muslim woman reading Quran in the mosque and sunlight falling from the window

Мўминларга Аллоҳ таоло берган неъматлари ичида Исломдан кейин аёл зотининг ўрнини боса оладиган неъматни топа олмаймиз.

Аёл зоти эркакнинг бир умрлик эҳтиёжидир. У шундай неъматки, бошқа ҳеч қайси инсон, ҳеч қайси бойлик аёл ўрнини боса олмайди. Аёл ҳар қандай ўринда ҳам алоҳида мавқега эгадир.

Аёл – она. Онамизнинг ўрнини ким ҳам боса олур эди? У эмасми ҳеч нарсадан умидвор бўлмай, ҳеч нарсага таъма қилмай молини, жонини, борлиғини фидо қилгувчи зот?

Шу мўътабар зот ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишга буюрмаганми?

عن أبي هريرة رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قال: جاء رجل إلى رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم فقال: يا رَسُول اللَّهِ من أحق الناس بحسن صحابتي قال: (أمك) قال: ثم من قال: (أمك) قال: ثم من قال: (أمك) قال: ثم من قال: (أبوك) مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб сўради:

  • Эй Аллоҳнинг расули! Яхшилик қилишим учун инсонларнинг ҳақлироғи ким?
  • Онанг! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам.
  • Кейин-чи?
  • Онанг!
  • Кейин-чи?
  • Онанг!
  • Кейин-чи?
  • Отанг, — дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам. (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Аёл бизнинг опамиздир, синглимиздир. Болалигимиз шулар билан тотли ўтган. Опа ва сингилдек қадрдон қайда?

Аёл бизнинг қизимиз. О, у бизнинг кўз қувончимиз! Бизни онасидан ҳам кўра кўпроқ яхши кўришини очиқ изҳор қилганида дунёларни фидо қилгимиз келади. Шундай экан, қизимизни ҳеч кимга алишмаймиз!

Улар ҳақида Расул акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам нима деганлар?

عبيد الله بن أنس ابن مالك عن أنس قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم من عال جاريتين دخلت أنا وهو الجنة كهاتين وأشار بأصبعية (سنن الترمزي)

            Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтади – “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

            “Кимки икки қизни балоғатга етгунча боқса, мен у билан жаннатга шундай кираман” деб икки бармоқларини қўшдилар” деган. (Муслим ва Термизий ривоятлари)

Аёл – бизнинг жуфти ҳалолимиз! Дунёнинг барча неъматларини жамлаганимизда ҳам биргина ёстиқдошимизнинг ўрнини боса олмайди! Худо сақласин, биз уларни йўқотсак, ҳаётда жовдираб қоламиз.

Аёл эркакнинг бир умрлик ҳамроҳи. Ҳаётда ҳеч ким ота ва онанинг ўрнини боса олмаганларидек, хотиннинг ўрнини ҳам бошқа кимсалар боса олмайдилар. Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло бу икки жинс вакилларини бир-бирларига муҳтож қилиб қўйди ва уларнинг қалбларида ўзаро бир-бирларига доимий интилиш бор.

وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُم مِّنْ أَنفُسِكُمْ أَزْوَاجاً لِّتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُم مَّوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

            Яъни: “Ва Унинг оят-белгиларидан – сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир. (Рум. 21)

            عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « الدُّنْيَا مَتَاعٌ وَخَيْرُ مَتَاعِ الدُّنْيَا الْمَرْأَةُ الصَّالِحَةُ ».  (صحيح المسلم)

Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

            “Дунё бир матодур. Дунё матосининг яхшиси солиҳа хотиндир” – дедилар. (Муслим, Насаий, ибн Можа ва Байҳақий ривоят қилганлар)

Яна бошқа бир ҳадисда ўша яхши хотининг сифатларини кўрамиз:

عن أبي أمامة عن النبي صلى الله عليه و سلم  : — أنه كان يقول ( ما استفاد المؤمن بعد تقوى الله خيرا له من زوجة صالحة . إن أمرها أطاعته . وإن نظر إليها سرته . وإن أقسم عليها أبرته . وإن غاب عنها نصحته في نفسها وماله )    (سنن ابن ماجه)

Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Мўмин Аллоҳга тақво қилишдан кейин солиҳа хотинчалик унинг учун фойдалик нарсани топа олмайди – унга иш буюрса, итоат қилади; унга қараса хурсанд қилади; унинг устидан қасам ичса эзгулик қилади; ундан ғойиб бўлса ўз нафси ва унинг (яъни эрининг) молига насиҳатда (муҳофазада) бўлади” – дер эдилар. (Ибн Можа ривояти)

Аллоҳ бизларни бу неъматдан маҳрум қилмасин.

Бизларга эса уларни қадрлашни илҳом айласин!

Улуғбек қори Йўлдошев,

Асака тумани “Холид ибн Валид”

жоме масжиди ходими