Андижонда коронавирусга қарши хайрия тадбирлари

1484

Бугунгилик кунда бутун дунёга жиддий ташвиш олиб келаётган коронавирусдан одамларимизни асраш, ушбу ташвишдан талофатсиз чиқиш борасида муҳтарам Президентимиз бошчилигида бир қатор қатъий чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлиб, ушбу чора-тадбирлар замирида халқимизнинг тинч-саломат, бехавотир яшаш каби улуғвор ниятларни кўришимиз мумкин.
Ушбу офатни юртмиздан, бутун мўъмин-мусулмонлар бошидан аритиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳам бир қатор хайрли ва мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугун эса анашундай хайрли ишлардан яна бирига қўл урилди. У ҳам бўлса Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ташаббуси билан юртимиздаги барча вилоятларда фаолият кўрсатаётган масжидларда қора мол ва қўйлар сўйилди. Тасбеҳ ва саловотлар айтилиб, дуолар қилинди.
Андижон вилоятида ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги томонидан бир бош қора мол, барча шаҳар ва туманларда эса биттадан жами 20та қўйлар сўйилиб, гўштлари ва қўшимча ҳадиялар меҳрга мухтож, камтаъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга беминнат тарқатилди.
Жумладан, тадбир доирасида вилоят бош имом-хатиби М.Алимов бир қатор кам таъминланган оилаларга бирма-бир кириб, гўшт ва бошқа хайрия махсулотларини тарқатиб дуолар қилдилар.
Шунингдек, вилоят бош имом-хатиби М.Алимов бошчилигидаги вакиллик ходимлари кўчаларда ишлаётган ободонлаштириш ходимлари, бозорлардаги кам таъминланган аҳоли қатламларига ҳам гўшт ва хайрия тарқатиш акциясини ўтказдилар. Акция доирасида Андижон шаҳридаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйига, Қўрғонтепа туманидаги ногирон болалар учун интернат уйиларига ҳамда 200та кам таъминланган оилаларга ташриф буюриб гўшт ва хайрия махсулотларини тарқатдилар.
Барча шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳамда масжид имом-хатиблари ҳам туманларда сўйилган қўйларни ва хайрияларни 1200та кам таъминланган хонодонларга тарқатиб, дуои-хайрлар қилдилар.
Ушбу хайрия тадбири доирасида вилоят бўйича барча масжид имом-хатиблари, масжид ходимлари ва кенг аҳоли вакиллари томонидан ўқиб етказилган 75564та Нажот сўраш намозлари, 166400та Солатан тунажжино, 128888та Солатан нория дуолари, 316та Фотиҳа, 316та Ихлос, 316та Ҳасбуналло ваниъмал вакил дуолари бағишланди. Вилоятдаги имом-хатиблар томонидан ўқиб етказилган 74та Хатми-Қуръонлар бағишланиб, дуои-хайрлар қилинди.
Бу қилинган барча хайрли тадбирлар юртимизга кириб келган коронавирус офатидан ҳамюртларимиз жабр кўрмасдан тезроқда даф бўлишлигию ва касалланган барча беморларга шифо сўраш илинжида амалга оширилди.
Аллоҳ таоло юртимизни манашундай офатлардан ўз паноҳида асрасин. Юртимиз тинч-осмонимиз доимо мусаффо бўлсин.

ЎМИ Андижон вилояти вакиллиги матбуот хизмати