Андижон вилояти масжидларида мавлид таровати

786

Бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари барчамизга муборак бўлсин!
Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам милодий 571 йили Рабиул аввал ойининг 12 куни Маккаи Мукаррамада Қурайш қабиласида таваллуд топганлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам – пайғамбар ва расулларнинг охиргиси, Ҳавзи кавсар соҳиби, умматлари жаннат аҳлининг учдан бир қисмини ташкил қиладиган Зотдирлар. Ҳатто пайғамбарлар ҳам У Зотга уммат бўлишни орзу қилганлар.
Дарҳақиқат, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам – пайғамбарларнинг энг улуғи ва хотималовчиси, бутун оламга раҳмат қилиб юборган элчи, инсоният фахри, одамларнин энг яхшиси, энг яхши хулқлиси ва комилидирлар. Аллоҳ таоло Ўз Расулига хитоб қилиб, уни бутун оламга раҳмат элчиси эканини тасдиқлаб, Қуръони каримда бундай деган:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси 107-оят).
Қайси бир мусулмон Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаламни чин дилдан яхши кўрса, албатта жаннатда У Зот билан ҳамроҳ бўлиш бахтига муяссар бўлади.
Ҳар биримиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари ва ҳаётларини янада кенгроқ ўрганиб, барча иш ва амалимизда У Зотга эргашиш, У Зотнинг хулқларига мувофиқ ҳаёт кечиришимиз керак. Чунки, қанча Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўргансак, ўз-ўзидан У Зотга бўлган муҳаббатимиз яна ҳам ортади. Шу билан бирга шариатимизнинг баъзи ҳукмларини янада яхшироқ англаймиз.
Маълумки, бу улуғ ойда юртимиз бўйлаб Пайғамбаримизга атаб мавлудун Набийлар ўқилади.
Шу ўринда гўзал ва бетакрор юртимизнинг юртимизнинг ҳар бир гўшасида бўлганидек, бизнинг Андижонимизда жуда катта байрам, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган ойлари вилоятимиз масжидларида тараннум этилмоқда. Мавлуд маросимида Қуръон тиловат қилиниб, саловотлар айтилади. Пайғамбаримизнинг ота-боболари, насл-насаблари, туғилишлари, хулқ-атворлари ва ҳаётлари ҳақида назм ва қасидалар ўқилади. Бу эзгу иш – Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганишга яна бир туртки бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизнинг қалбимизга Расулининг муҳаббатини жо қилсин! Қиёматда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “ҳамд” байроқлари остида туриш ва У Зотнинг муборак шафоатларига эришиш ҳамда жаннатда Расулига қўшни бўлиш бахтини насиб этсин! Омин!

ӮМИнинг Андижон вилояти вакиллиги матбуот хизмати