Киши ҳаётлик вақтидаёқ ўзининг гуноҳкорлигини англаб етиши ва охиратдаги ҳолатини ўйлаши катта бахт. Чунки, қанча инсонлар «беш кунлик дунёда ўйнаб қол», — деган нотўғри тушунчада гуноҳ маъсиятлар билан вафот этаётгани изоҳ талаб қилмайдиган ҳақиқат. Шундай экан ўзлигини англаган банда динимизда ҳаром қилинган амаллардан бутунлай тийилиши ва буюрилган амалларни эса имкон қадар бажариб бориши зарур. Жумладан, беш вақт намозни вақтида адо қилиш, Рамазон рўзасини тутиш, ҳалол касб қилиш, яқинлари ва омма мусулмонларга имкон қадар яхшилик қилиш, доимо Аллоҳ таолони зикри билан юриш ва ҳоказо динимизда тарғиб қилинган амалларни бажаради.

    Қисқа қилиб айтганда Аллоҳ ва Унинг Росулига итоат қилиш Охиратда нажот, аксинча бўлса эса ҳалокатдир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

     “Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турадиган боғларга (жаннатга) киритур. (Улар) у ерда абадий (бўлурлар). Бу улкан ютуқдир. Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоатсизлик қилса ва ҳудудларидан тажовуз қилса, уни дўзахга абадий (қолиши учун) киритур ва унинг учун хор қилувчи азоб (бордир)” (Ниса сураси 13-14 оятлар).

    Айниқса, беш вақт намозни вақтида адо қилиш муҳим, зеро, қиёматда биринчи сўраладиган амал намоздир. Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.

      Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жалла: “Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди”, — деб айтдилар” (Имом Ибн Можа ривоятлари)

    Банда намозни вақтида ўқиса, охиратда ютуққа эришади, дўзахдан халос бўлиб, жаннатга киради. Агар намозни ўз вақтида адо этмаган бўлса, муваффақиятсизликка учрайди, надомат чекади.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қиёмат куни банда амаллари ичидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани унинг намозидир. Агар (намози) тўғри (адо этилган) бўлса, аниқ ютуққа эришибди, нажот топибди. Агар (намози) фосид бўлса, шубҳасиз ноумид бўлибди, ютқазибди. …”, деганларини эшитганман” (Имом Доримий ва Имом Аҳмад ривоятлари)

    Чин ихлос билан намозни адо этсангиз  барча истакларингиз амалга ошади, иншааллоҳ.

    Китоб дўконларини айлансангиз инсонни нажотга етакловчи китоблар ва аудио дарсликлар ҳам бугунги кунда етарли. Китоб ва диск сотиб олаётганда унинг расмий рухсат билан чиққанига ва муаллифига диққат қилинг. Илм-маърифати билан танилган, халқ эътироф этган олимларнинг китобларини олиб ўқинг. Валлоҳу аълам.

Анваржон домла Ибайдуллаев

Олтинкўл туман «Уйшин» жоме масжиди имом-хатиби