Аллоҳ хоҳласа бўлади

1829

“Зинҳор бир нарсани: “Буни эртага албатта қилгувчиман”, дема. Магар: “Аллоҳ хоҳласа”, дегин. Қачонки (бу сўзни айтишни) унутсанг, (ёдингга келиши билан) Роббингни эсла (яъни, Аллоҳ хоҳласа, дегин)…” (Каҳф сураси 23–24-оятлари).

Бу оятлар бизга шаръий одоблардан бирининг таълимини бермоқда. Бу оятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло тарафидан Унга нисбатан одобли бўлишга иршодни кўрамиз. Биз ҳам “иншаа Аллоҳ” демай туриб, бирор нарса ҳақида “эртага қиламан” демаслигимиз керак. Чунки биз бандаларнинг барча ишларини Аллоҳ таоло яратишига эътиқод қилганмиз. Инсон бирор иш қилишни қасд қилса, ўзини ҳам яратган, у бажарадиган ишларни ҳам яратган, ғайб илмидан хабардор бўлган, келажакда нима вужудга келади-ю, нима вужудга келмаслигини яхши биладиган зот Аллоҳ таолонинг хоҳишига ҳавола қилиб “иншаа Аллоҳ қиламан” ёки “иншаа Аллоҳ бўлади” деб гапирмоғи лозим. Агар “иншаа Аллоҳ” дейишни унутган бўлса, кейин бўлса-да айтиб қўйсин.

Лекин биз бугун “иншаа Аллоҳ” ёки “Худо хоҳласа” ни қандай қўллаяпмиз. Бу сўзлар алдаш учун, ортга суриш учун ёки бировни умид қилдириш учун ишлатиладими?

Бугунги кунда кўпинча мазкур сўзларни нотўғри маънода қўллайдиган бўлиб қолдик. Аслида ўйлаб кўрадиган бўлсак, бу сўзлар иймон тақозосида ишлатиладиган сўзлардир. Лекин бугун амалий татбиқда салбий маънода яъни, бировни алдаш ёки ишни ортга суриш ё шу ишни умуман қилиш нияти бўлмаса ҳам “иншаа Аллоҳ қиламан”, “иншаа Аллоҳ бўлади”, “Худо хоҳласа…”, “насиб…” деб қўлланилмоқда.

Бу сўзларнинг бундай салбий маънода кенг тарқалиши Қуръони каримнинг маъносига хилофдир. Худди шу “иншаа Аллоҳ” каби салбий маънода “тақдир экан”, деб иймон тақозосидаги сўзни нотўғри қўллаш кўпайиб бормоқда. Агар: «Нима учун қилмадингиз?», деб сўралса, ўзи шу ишни қилишга ҳаракат қилмаган бўлса ҳам “Аллоҳ хоҳламаган экан-да”, ёки “Тақдир экан-да”, деб жавоб бериладиган бўлиб қолди.

Қуйида бугунги кунда мазкур сўзларнинг нотўғри қўлланаётганига баъзи мисолларни келтириб ўтамиз:

Масалан, баъзида хотин эридан бирор нарса олиб келишини сўраса, ўйламай ёки олиб келиш нияти бўлмаса ҳам вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида “иншаа Аллоҳ” ёки “Худо хоҳласа” деб жавоб беради. Лекин шу нарса олиб келинмайди. Агар сабаби сўралса, “иншаа Аллоҳ, дегандим, Худо хоҳламабди-да», дейди.

Ёки ўғил отасига велосипед олиб беринг деса, ота олиб бермаслигини билиб туриб, “Худо хоҳласа олиб бераман ўғлим” деб ваъда қилаверади, лекин ваъдасининг устидан чиқиб велосипед олиб бериш хаёлига ҳам келмайди. Бу нарса эса фарзандларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатади.

Ёки бир киши дўстига “худо хоҳласа, эртага эрталаб соат тўққизда кўришамиз” деса,  кечки тўққиз ҳам бўлади, лекин ҳалиги дўстидан дарак йўқ. Гўё “иншаа Аллоҳ” деса ваъдасини бажармаса ҳам бўлаверади, деб ўйлайди.

Агар баъзи бир кишиларга “намоз ўқинг” дейилса, “иншаа Аллоҳ, худо хоҳласа ўқийман” дейди. Лекин ўзининг ўқишга истаги йўқ. Натижа ҳам шунга кўра бўлади. Ушбу ўринларда “худо хоҳласа” лафзи ўз маъносида қўлланилмаяпти. Қолган ишларни ҳам шунга қиёс қилаверинг.

Бугун ҳаётимиздаги барча муваффақиятсизликларни “иншаа Аллоҳ”га боғлаб қўйдик. Гўёки Аллоҳ таоло бизга муваффақиятсизликни ирода қилган.

Нима учун “иншаа Аллоҳ” деганимиздан кейин ўзимиз ҳаракат қилиб, уриниб кўрмаймиз? Унинг ўрнига эриниб, Аллоҳ шуни ирода қилган экан-да, деб қўя қоламиз.

Ҳатто шундай ҳолатга тушиб боряпмизки, биров биздан ёрдам сўраб келганда: “Худо хоҳласа бўлади” деб жавоб берсак, гапимизга ишонмай, ишим битмас экан-да деб, умидни узиб, бошқа ердан ёрдам излайдиган бўлиб қолишди. Наҳотки сўзимизнинг шунчалик қадри йўқолиб кетаётган бўлса?

Шунинг учун бўлса керак, бозорда бирор нарса ёқиб қолса, сотувчига сотмай туринг, буни мен олдим, ҳалироқ пулини бериб олиб кетаман десак, сотувчи бизнинг лафзимизга ишонмай, лафзидан қайтиб қолмасин деб: “закалад” беринг, дейди. Биз ҳам “закалад” берган бўлсак, пулимиз куяётгани учун мажбуран оладиган, агар “закалад” бермаган бўлсак, лафзимизга ёки ваъда берганимизга эътибор қилмай олмай ҳам қўяверадиган бўлиб қолдик. Лафзимизнинг қадри қаерда қолди?

Ривоят қилинишича лафзига ўта мустаҳкам бир киши бўлган экан. Бир куни уйини сотадиган бўлиб қолибди. Уйининг нархи ўттиз минг экан. Харидор билан савдо қилаётган пайтда янглишиб уч минг деб юборибди ва шунга ақд боғлабди. Ёнидагилар у кишига: «Сиз адашиб уч минг дедингиз, сўзингиздан қайтинг, ақдни бошқадан ўттиз мингга боғланг», дейишибди. У киши эса: «Йўқ, менинг лафзим ўттиз мингдан қиммат туради», деган экан.

Аслида инсон бирор ишга “иншаа Аллоҳ” дейишдан олдин ўша ишни қилишга ўзи қатъий ишонган ва қасд қилган бўлиши лозим. Лекин уни қилишдан инсоннинг ихтиёридан ташқари бўлган бирор бир сабаб тўсиб қолиши мумкинлигини ҳис қилиб, “Иншаа Аллоҳ” дейиши керак.

Демак, ҳаётимизни барча нарсани яратган зотнинг хоҳишига кўра интизомга солишимиз бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Бу билан кучли ирода ила қувватланган бўламиз. Модомики биз “иншаа Аллоҳ” дегандан сўнг Аллоҳ таолонинг қонуни бўлган сабабларни тутсак, ўзимиз ҳам ҳаракат қилсак, натижалар биз қилган ҳаракатнинг тескариси бўлиб чиқмайди. Бунинг учун афсус-надомат ҳам чекмаймиз ва, албатта ўйлаганимиз амалга ошади.

Хулоса шуки, мусулмон киши бирор ишни бажаришга ваъда қилса аввало “иншаа Аллоҳ” ёки “Худо хоҳласа” деб ваъда қилсин ва шунга биноан ўзи ҳам ҳаракат қилсин. “Худо хоҳласа” дегандан сўнг агар ўзи шу ишни бажаришга ҳаракат қилмаса, у ваъдасига хилоф қилувчи ва ёлғончи бўлади. Энг ёмони сўзининг қадри қолмайди, унинг рост сўзига ҳам биров ишонмай қўяди. Натижада Аллоҳ таолонинг ва халқнинг назаридан қолади…

 Манбалар асосида Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.

Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.