Тарих воқеаларини белгилаш, тинмай ўтаётган вақт ҳисобини аниқлаб ёзиш ва кейинги авлодга қолдириш мақсадида йил, ой, кунларнинг ҳисобини тақвим шаклида қадимдан кенг истеъмол қилиб келинади.Қуръони каримда ойларнинг сони ўн иккита қилиб яратилгани, булар биргаликда йил ҳисобини ташкил этиши баён этилган. Аллоҳ таоло ана шу ойларнинг тўрттасини, яъни Муҳаррам, Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ойларини “ҳаром”, яъни жангу жадал ва зулм қилиш ҳаром қилинган ойлар, деб эълон этди. Ҳижрий-қамарий тақвимнинг еттинчи ойи Ражаб бўлиб, у мазкур ойлардан биридир. Бу муборак ойга боғлиқ бир неча маълумотлар бор. Қуръони каримда:“Албатта Аллоҳнинг наздида ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлару Ерни вужудга келтирган куни Ўз ҳузуридаги китобда (ёзиб қўйганидек) ўн икки ойдир. Улардан тўрти (уруш) ҳаром қилинган (ойлар)дир……………” (Тавба, 36)
Ражаб ойи шундай бир баракали ва улуғ ойларданким, ундаги озгина яҳши амал эвазига кўп ажру савоблар ато қилиниши ва аксинча озгина маъсият-гуноҳ ишларга каттароқ гуноҳлар ёзилиши, барча ибодатлар ва дуолар тезда ижобат бўлиши ҳамда бир қанча бошқа фазилатлари тўғрисида кўп ҳадислар ворид бўлган.
Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам Ражаб ойига алоҳида эътибор қаратганлар. Сабаби у рамазон ойининг даракчиларидан биридир. У Зот солаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойи кирганида мазкур дуони қилар эдилар: “Эй Алло, бизлар учун Ражаб ва Шаъбон ойларини баракали қилгин ва бизни Рамазон ойига (омонликда) етказгин!”.
Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам: “Ражаб Аллоҳнинг ойидир. Кимики Аллоҳнинг ойини ҳурматласа Аллоҳ таоло уни бу дунёда ва охиратда улуғлайди”-дедилар.
Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам: “Меърож кечасида бир дарёни кўрдим. Унинг суви асалдан ширин, қордан совуқ,мушки анбардан хушбўй эди. Жаброил алайҳиссаломдан “Бу дарёни сувидан кимлар баҳраманд бўлур?” деб сўраганимда У : “Бу дарёдан кимки Ражаб ойида сизга салавоту дурудни кўпроқ айтган бўлса шуларга насиб бўлгай”,-дедилар.
Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда бир анҳор бор. Уни Ражаб деб номланади унинг суви сутдан оқроқ, ширинлиги асалдан ширинроқ. Кимики ражаб ойида бир кун рўза тутса Аллоҳ таоло унинг сувидан у кишига сероб қилади”-дедилар.
Аллоҳ таоло Ражаб ойини барчаларимизга муборак айласин. Юртимиз осмонини мусаффо, халқларини тинч ва фаровон айлаб, ватанимиз тинчлиги ва тараққиётини бундандан юқори қилсин.
Муҳаммадюсуф домла Тўрақулов,
Олтинкўл туман бош имом-хатиби.