Ҳар бир ишни одоби бўлгани каби Аллоҳнинг байтларида ҳам одоб юксак ўринда бўлмоғи лозимдир. Инсон одобни жойига қўймагунича, ҳеч қандай ишида муваффақиятга эриша олмайди. Бирон иш ёки соҳа йўқки унда одоб билан ўша амаллар зийнатланмаса.
Масжидлар намозларни жамоат билан адо этиш жойларидир. Масжидлар Аллоҳнинг тоати ва зикри билан машғул бўлинадиган маконлар бўлгани учун улар «Аллоҳнинг уйлари» дея васф қилинади. Қуръони Каримда масжидларнинг фазли ва аҳамияти ҳақида кўплаб ояти карималар келган. Аллоҳ таоло марҳамат этади: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар, ажаб эмас» (Тавба сураси, 18-оят);
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло айтади: «Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир» (Абу Нуайм ривоят қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлар фазилати ҳақидаги бир неча ҳадиси шарифлари бор.
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат этадилар: «Масжидга (кўнгли) боғланган кишини кўрсангиз, унинг иймонига гувоҳлик беринг», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйлари (масжидлар)дан бирига Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси билан даражаси кўтарилади» (Имом Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилишган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжиддан қанча узоқ бўлганнинг ажри шунча улуғ бўлур», дедилар (Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган).
Шунинг учун мусулмонлар масжидларни икром-эҳтиром қилишлари, уларда макруҳ саналган амалларни қилмасликлари, унинг тозалиги ва ободлиги борасида қайғуришлари лозим.
Каъбул Ахбор розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Мўминларга шайтондан ҳимояланиш учун учта қўрғон бор, булар масжид, Аллоҳни зикр этиш ва Қуръон ўқишдир».
Масжидга киришнинг ҳам ўзига хос тартиб-одоблари бор:
- Масжидга ўнг оёқ билан кириб, чап оёқ билан чиқилади.
- Кириш-чиқишда суннатда келган маъсур дуоларни ўқилади.
Масжидга кираётгандаги дуо:
«Бисмиллаҳи. Аллоҳумма, солли ъалаа саййидинаа Муҳаммадин ва ъалаа олиҳи ва саҳбиҳи ва саллим. Аллоҳумма, ифтаҳ лий абвааба роҳматика».
Маъноси: «Аллоҳнинг исми била (кираман). Аллоҳим! Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг оила аъзоларига ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Аллоҳим! Менга раҳмат эшикларингни очгин».
Масжиддан чиқаётгандаги дуо:
«Бисмиллаҳ. Аллоҳумма, солли ъалаа саййидинаа Муҳаммадин ва ъалаа олиҳи ва саҳбиҳи ва саллим. Аллоҳумма, иннии асъалука мин фазлика»
Маъноси: «Аллоҳнинг исми билан. Аллоҳим! Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг оила-аъзолари ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Аллоҳим! Мен Сендан фазлингни сўрайман».
- Масжидга кирганда намоз ўқиш макруҳ бўлмаган вақт бўлса, икки ракат «Таҳийятул масжид» намозини ўтирмасдан олдин ўқиб олинади.
- Масжидга таҳоратли кириб, турли нажосатлардан пок бўлинади.
- Имом одамларга масжидда ваъз-иршод қилиб, уларга таълим бераётган бўлса, овозини кўтармаслик керак.
- Покликка риоя қилиш масжидда бўлишнинг энг муҳим одобларидандир.
- Масжидга бадбўй ҳид билан кирмаслик керак. Мисол учун пиёз, саримсоқ, нос, сигарет каби нарсаларни истеъмол қилиб, сўнг масжидга кирса, ўзидан келаётган сассиқ ҳид билан намозхонларга озор беради. Бу ҳам ҳаромга яқин макруҳлардан ҳисобланади.
- Масжидда виқор ва осойишталик билан юриш керак. Ҳовлиқиш ва шошқалоқликдан сақланиш лозим. Агар жамоатга ёки бирор ракатга кеч қолаётган бўлса ҳам, шошилмаслик даркор. Секин-асталик билан жамоатга келиб қўшилади.
Юқоридаги ишларга ҳаётимизда тўла амал қилишга ўтсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини бажо келтирган бўламиз иншаллоҳ.
Хулоса қилиб айтганда, масжид одобларига қатъий риоя қилиш, ҳар бир намозхоннинг вазифасидир. Зеро, масжидда намоз ўқиш, зикр ва ибодат қилишга ташна бўлиш ҳам масжидни обод қилиш эканини унутмаслик лозим.
Аллоҳ таоло барча ишларда одобга риоя этмоқликларимизни насиб этсин. Зеро, барча ишлар одоби билан гўзалдир!!!
Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.