Аллоҳ таоло бандаларини гуноҳлардан поклаш ёки даражасини кўтариш учун турли қийинчиликлар бериб синайди.
Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари сабр-қаноатда инсониятга ибрат бўлишган. Энг суюмли фарзандидан айрилган Яъқуб алайҳиссалом, туҳмат ва фитна туфайли узоқ вақт зиндонбанд бўлган Юсуф алайҳиссалом, Аллоҳ юборган машаққат, дард-офатларига кўнган Айюб алайҳиссалом, золим Фиръавннинг чидаб бўлмас азоб, камситиш, хўрлаш-қийноқларига дош берган Мусо алайҳиссаломларнинг буюк сабрлари инсониятга ибрат ўлароқ тарих саҳифаларида қолган. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам, у зотдан олдин ўтган барча элчиларини ҳам ваҳийни етказишда, инсонларни иймонга чақиришда бошларига тушаётган машаққат ва озорларда сабр кўрсатишга буюрган.
Сабр энг олий фазилатлардан, сабр туфайли зафарга эришилади, унинг меваси ниҳоятда ширин бўлади. Сабрнинг акси сабрсизликдир. Сабр – нафснинг юксак хулқларидан бири. Пайғамбар (алайҳис салом) сабрни уч турга бўлиб, ибодатда чидам, гуноҳдан сақланишда чидам ва мусибат-машаққатларга чидамга буюрганлар. Ҳадиси шарифда: «Сабр иймоннинг ярмидир», дейилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон бошларига қийин иш тушса, намоз ўқишга шошилар эдилар, чунки намоз сабрга битмас-туганмас сабр қўшувчи сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. Сабр инсонни оқибат чексиз-ҳисобсиз зафарларга, муваффақиятларга етиштиради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним измида бўлган Зотга қасам, Аллоҳ таоло мўмин банда учун нимани етказса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади – унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади – унга яхши бўлади. Бу фақат мўминлардагина бўлади», деганлар.
Айниқса, мусибат етганида мусулмон киши сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг ўзи ўргатган истиржоъ «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» –
«Албатта, ҳаммамиз Аллоҳникимиз ва, албатта, ҳаммамиз Унга қайтгувчимиз») дуосини айтиши, ҳамма нарса Аллоҳ таолоники ва бари Унга қайтади, деган эътиқодни маҳкам тутиш керак. Уламолар: «Мусибатга илк тўқнашгандаги сабр муҳим, чунки вақт ўтгач киши хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам сабр этади. Ақлли киши мусибатнинг бошида чидаган кишидир», дейишган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мисоли майсага ўхшайди. Уни шамол доимо у ёқ-бу ёққа эгиб туради. Мўминга доимо бало етиб туради. Кофир мисоли Арз дарахтига ўхшайди. Қимирламай туриб, бирдан томиридан қўпорилади», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Мўмин бандага бу дунёда турли кўнгилсиз ҳолатлар ориз бўлиб туриши ҳам Аллоҳ таолонинг унга нисбатан яхшилиги бўлиши мумкин. Агар Аллоҳ таоло истаса, уни ҳам кофирни тек қўйиб туриб, бирдан томиридан қўпоргани каби қўпориши мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло бу дунёдаги етадиган мусибатлар орқали мўминга бир неча фойдаларни ирода қилган. Уларнинг нималар эканлигини келгуси ҳадиси шарифларда ўрганамиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин ва мўминага жонида, боласида ва молида бало етиши бардавом бўлади. Токи, у Роббисига рўбарў бўлганда, бирор гуноҳи қолмасин», дедилар».
Турли балоларнинг етиши мўминларнинг гуноҳлари ювилишига сабаб бўлар экан. Албатта, ўша бало етганда уни Аллоҳ таолонинг ҳукми, дея розилик ила қабул қилиб олиш ва сабр қилиш шарти ила. Мўмин ўзига, боласига ва молига етган мусибатларни сабр ила қарши олиб, Аллоҳ таолонинг савобини кўпроқ касб қилишга уриниш ила зоҳиддик даражасига етишади.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра шиддатлироқ бемор бўлган бирор кишини кўрмадим», дедилар».
Пайғамбаримиз алайҳиссалом энг афзал банда бўлганлари учун энг шиддатли балоларга дучор бўлганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бемор бўлишлари ҳақидаги ривоятларни диққат билан ўрганган ҳар бир киши бу ҳақиқатни тўла англаб етади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят кцлинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон Аллоҳ Ўз бандасига яхшиликни ирода қилса, унга бу дунёда уқубатни тезлатади. Қачон Аллоҳ Ўз бандасига ёмонликни ирода қилса, унга қиёмат куни тўлиқ азоб бериш учун гуноҳига яраша жазо бермай туради», дедилар».
Демак, мўмин банда бу дунёда ўзига етадиган балоларга қиёматга қолмай ёруғ дунёнинг ўзида гуноҳлари учун олаётган жазо сифатида ҳам қараши керак бўлади. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўмин бандага кўрсатган меҳридир.
Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлмоғи одам боласининг саодатидандир. Аллоҳнинг истихорасини тарк қилмоғи одам боласининг бадбахтлигидандир. Аллоҳнинг ҳукмидан ғазабланмоғи одам боласининг бадбахтлигидандир», дедилар».
Мўмин банда ўзига мусибат етганда уни Аллоҳ таолонинг ҳукми сифатида қабул қилиб, рози бўлиши зарурлиги ушбу ҳадиси шарифда алоҳида таъкидланмоқда. Саодатга эришаман, деган одам Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб, сабр қилмоғи даркор.
Шу билан бирга, ҳар бир муҳим ишни қилишдан олдин Аллоҳ таолога истихора қилиши ҳам керак. Ўша ишни қилиш ёки қилмаслик ҳақида ишорани кутиб, икки ракъат истихора намозини ўқиб ухлаши ва тушига кирган ёки кўнглига тушган ишорага қараб, иш юритиши лозим.
Ўзига етган мусибатни Аллоҳ таолонинг ҳукми деб билмасдан ғазабланиш эса, банданинг Аллоҳ таоло ғазабига дучор бўлишига сабаб бўлади.
Одам боласи ҳаётдаги ҳодисалар қаршисида ожиз қолганда ўзига дуодан бошқа суянчиқ топа олмайди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло мусулмонларни дуо қилишга буюрган:
“Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору-зор холларида кирурлар” – деди. (Ғофир сураси, 60-оят).
Дарҳақиқат, дуо — банданинг Яратган парвардигорига қарата йўллаган дил изҳоридир. Баъзи кишилар кенгчилик даврда, омади келиб турган вақтда дуо-ю истиғфорни унутиб қўяди, бошига ташвиш тушиб, мусибат етганда эса, суянчиғи дуо бўлиб қолади. Ҳолбуки, банда хотиржам, дасти узун, соғ-саломат юрган кунларда Аллоҳни эсласа, У ҳам оғир кунларида унутмаслиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ворид бўлган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ дедилар”.
Азиз Юртдошлар, қадрли ака-укулар, муҳтарама опа-сингиллар, ҳозир хар доимгиданда кўра кўпроқ Аллоҳ таолога дуо қилишимиз керак, сабаби ҳаммага маълум, устимизда улкан синов (жиддий касаллик) турибти, бу ҳолатдан сабр билан, ихлос муҳаббат билан тонг саҳар вақтларда, намаозлардан сўнг қилинган дуолар билан яхшиликда, хайр баракада чиқамиз иншааллоҳ.
Роббим Бутун дунёни тинч қил, ер юзидаги барча инсониятни соғ омон қил, дунёни ваҳимага солган бу касалликни Юртимиздан ва бутун инсоният устидан тез фурсатда кўтар деб дуо қилиб қоламиз.
Манбалар асосида тайёрланди.
Мухаммадкуддус Абдулманнон
Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом-ноиби