Аллоҳ таоло инсон зотини бир ота ва онадан кўпайишини ирода қилди. Ота-онага катта мартаба бериб, фарзандлар уларнинг олдида доимо хизматга шай туришини ҳам таъкидлади. Қуръони каримнинг қайси бир ояти каримасида Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишни буюрган бўлса, ундан кейин ота-онага яхшилик қилишга чорлади. Аллоҳ таоло Исро сурасининг 23-оятида шундай марҳамат қилади: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!  Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси – «Ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма», дегани бўлса, иккинчи маъноси – «Ота-онанг олдида «Уфф», дема, улар «Болам оғир ҳолга тушибди», деб озорланадилар» деганидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир нечта ҳадиси шарифларида ота-онанинг ҳаққи нақадар улуғ эканлигини айтганлар. Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир”, дедилар.

Шунинг учун, Аллоҳ таолони рози қиламан деган фарзанд ота-онасини рози қилсин. Аллоҳ таолонинг ғазабидан сақланаман деган фарзанд ота-онасини ғазаблантирмасликка ҳаракат қилсин.

Ота-она рози – Худо рози, деган ибора бор. Демак, ота-она фарзанддан рози бўлмаса, Худо ундан рози бўлмас экан. Уларнинг хизматини қилиш, ҳурматини жойига қўйиш, кексайганларида боқиш, кийинтириш, уларнинг олдида овозини кўтармаслик, вафот этганларидан сўнг ҳақларига дуо қилиш ва ҳоказо… фарзандларнинг бурчидир.

Лекин, ҳар бир нарсада чегара бўлгани каби ота-онага итоат қилишда ҳам чегара бор ва бу чегарани Аллоҳ таоло Ўз каломида белгилаб берган. Аллоҳ таоло Луқмон сурасининг 15-оятида шундай марҳамат қилади:

Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин! Сўнгра (яъни Қиёмат кунида) ўзимга қайтурсизлар. Бас, Мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман».

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар:

 Ҳасан (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Холиқнинг маъсиятида махлуққа итоат йўқ» – дедилар”. Ибн Абу Шайба ривоят қилган. (Муттафақун алайҳ)

Яъни, бандани рози қиламан деб, Аллоҳ таолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди. 

 Юқоридаги оят ва ҳадисдан билиниб турибдики, Аллоҳ таолога маъсият бўладиган ишда бошқа бировларга итоат қилинмайди.

Ҳозирги кунда айрим ота-оналар фарзандларини хотини билан ажрашишини талаб қилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Ваҳоланки, аслида улар ёшларни оиласи мустаҳкам бўлишига ҳиссаларини қўшиши керак эди. Ота-оналар ўғлига хотинини талоқ қилиш баробаринда розилигини рўкач қилишаяпти яъни, “хотинингни талоқ қилмасанг, рози эмасман” деб, бу билан ўзлари катта гуноҳга қўл ураётганлигини билишмаяпти.

“Талоқ” деган сўздан Аллоҳнинг арши ларзага келишини бир зум ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак. Хотинини талоқ қилиб бериш ота-онага қилинадиган яхшиликлар сирасига кирмайди. Қолаверса, ота-она бу ишлари учун Аллоҳнинг олдида гуноҳкор бўладилар. Фарзанд эса ота-онасига бу борада итоат қилиши лозим эмас.

Шунинг учун ҳар бир ота-она Аллоҳ таоло уларга берган мансаб ва мартабадан фақат Аллоҳнинг ғазаби келмайдиган ишлардагина фойдаланиши мумкин бўлади.

 

Авазбек домла Мўминов,

Андижон шаҳар “Чинор”

жоме масжиди имом хатиби