Аллоҳ покланувчиларни севади

1072

Ислом соғлиқни сақлаш борасида катта аҳамият берган нарсалардан бири тозаликка риоя қилишдир. Дунё тарихида ҳеч ким, ҳеч қандай тузум ва дин тозаликка риоя қилишга Ислом диничалик аҳамият бермагани маълум ва машҳурдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Бақара сурасида қуйидаги оятни нозил қилган:
«Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади».

Тозаликка риоя қилиш масаласига соғлиқни сақлашнинг муҳим омили сифатида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам катта эътибор берилган.
Имом Муслим Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Поклик иймоннинг ярмидир», дейдилар.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насаий ва бошқалар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси шарифда:
«Ўн нарса фитратдандир: мўйлабни қайчилаш, соқолни кўпайтириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни қисқартириш, баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш, қўлтиқ ва киндик ости тукини тозалаш, сув ила истинжо қилиш. Мисъаб: «Ўнинчисини унутдим, менимча, оғизни сув билан тозалаш бўлса керак» деди», дейилган.
Ушбу ҳадиси шариф ҳозирги ғарб маданияти Исломдан ўн беш аср кеч қолиб тарғиб қилаётган «шахсий тозалик ишлари» ҳақида сўз кетмоқда.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ хушҳолдир, хушҳолликни суяди, озодадир, озодаликни суяди, карамлидир, карамни суяди, сахийдир, сахийликни суяди. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!» дедилар.
Ҳозирги кунда ҳовли-жойларни тоза тутиш соғлиқни сақлашнинг муҳим омилларидан бири эканини ҳамма жуда яхши тушуниб турибти, бу ҳолатга жуда қаттиқ амал қилиш керак.

Исломда поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий қаралган. Ҳозирда кўпчилик назарида поклик тиббий ёхуд шахсий озодалик иши ҳисобланса, Исломда эса бу иймон иши бўлиши билан бирга, поклик бўлмаса, банданинг ибодати ҳам қабул бўлмайди.

Азизлар, бизларга улкан неъмат бўлган, иймонни ярмига тенг келадиган покликка ҳар доимгиданда кўра бугун кўпроқ амал қилайлик, шу сабабдан Аллоҳ таоло бошимиздаги улкан синов бўлиб турган  касалликни тезроқ кўтарса.

Аллоҳ таоло бу синовдан барчаларимиз гўзал сабр ва бардавом дуолар билан, сўнгида савоб ва мукофот билан чиқишлини насиб қилсин.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо барчамиз самимият билан истиқомат қилмоқдамиз, Аллох таоло буни бардавом қилсин.

Биз фуқароларга кечасию кундузи жон куюктириб ишлаётган Юртбошимиз ва барча раҳбарларни қилаётган диний ва дунёвий хайрли ишларига Аллоҳ Ўзи ёрдамчи бўлсин.

Мухаммадкуддус Абдухалимов

Хўжаобод туман

“Етти чинор”

жоме масжиди имом-ноиби