Кўп йилларки ака ука отасидан мерос қолган фермада кун кечиришар эди. Лекин бир куни арзимаган тушунмовчилик юзасидан баҳслашиб, ораларига совуқчилик тушди. Бир неча кунлардирки улар бир-бирлари билан гаплашмас, шунинг натижаси ўлароқ ораларидаги  масофа узоқлаша бошлади. Охир оқибат,  ака-ука ажралишиб, ферманинг қарама қарши томонида алоҳида истиқомат қила бошладилар.

Қуёш нур сочган кунларнинг бирида аканинг эшик қўнғироғи чалинди. Эшикни очиб, катта ёшлардаги устани кўрди. Уста:

—           Мен мана неча кунлардан буён  иш қидириб юрибман. Балким, сизда мен учун фермадами ёинки уйингизда қандайдир юмуш топилиб қолар. Сизга ёрдамим керак эмасми? — деди

Уй эгаси дарҳол деди:

—           Ҳа! албатта, ҳозироқ, сиз каби кишига муҳим ишим бор эди. Ферманинг  ҳув анави йўлагидаги  ариқни кўряпсизми? Менинг  қўшним – бу менинг укам. Ўтган ҳафтада у бир неча ишчиларни ёллаб, фермани туташтириб турадиган ана шу йўлакка  ариқ кавлатди. Бу  билан у фермани ажратиб,  ерни чегаралаб қўймоқчи бўлди. Бу ишни қилишига албатта мени ёмон кўрганлиги сабаб бўлди.

Шу сўзларни айта туриб ака омборхонасига ишора қилиб:

—           Анави ерда  тахтаю ғиштлар турибди. Укамни бошқа умуман кўришни хохламайман шу сабабдан сиз фермамизни буткул ажралиб туриши учун ўша ариқ бўйлаб бир тўсиқ қуринг.

Уста ишга киришиб, тахталарни ўлчаб рандалай бошлади. Ака устага қарата:

—           Мен шаҳарга бир иккита нарса харид қилгани тушмоқчи эдим. Ишингизга бирон бир нарса керак бўлса айтсангиз олиб келардим.

—           Раҳмат, ҳеч нарса керак эмас деб, уста ишини давом эттирди.

Кечга яқин шаҳардан фермага қайтган ака, кўрган нарсасидан ҳайратга тушди. Ҳеч қандай тўсиқ қурилмаган эди. Бунинг ўрнига ариқ устидан кўприк қуриб қўйилган эди! Аччиқланган ҳолда уй эгаси устадан сўради:

—           Ахир мен сизга тўсиқ қуришингизни айтган  эдим-ку?

Айни шу вақтда, ариқнинг нариги ёқасидан ўз ери  узра тушган кўприкни кўриб қолган таниш чеҳрали бўлмиш аканинг  укаси пайдо бўлди. Ука кўприкни акаси буйруғи асосида қурилди деб ҳисоблаб, хурсанд ҳолда кўприкдан ўтди. Акаси ёнига яқинлашиб, қучоқлаб,  ариқ қаздиргани ва ораларига тушган совуқ муносабат учун узр сўради.

Ака-ука ўзаро суҳбатга киришиб кетишдики, ҳаттоки ака  бир қанча муддатдан сўнг   уста  анжомларини йиғиштириб кетишга ҳозирланганлигини кўрди. Ака устанинг олдига бориб, бир неча кун уларнинг фермасида меҳмон бўлишини таклиф қилди. Бунга жавобан уста:

—           Таклифингиздан ҳурсандман, лекин мен ҳали жуда кўплаб кўприклар қуришим керак , деб табассум қилиб йўлида давом этди…

Ўз атрофимизга тўсиқ қуришдан, қалбдан қалбга кўприк қуриш  иши нақадар самарали… Ҳам ўзаро муҳаббат зиёда бўладир… Ҳам кармонга  роҳат бағишлайдиган ажиб ҳолдир…

Аммо мавзуни бахтли якун қилмасдан долзарб мавзуга айлантирсак. Чунки бу ўткинчи ҳаётдаги чақиртикандай ботадиган бундай масалалар ёмғирдан сўнг камалакни зоҳир қилавермайди. Танганинг нариги томони бўлгани каби айрим ака-укалар ўртасида ғиштин девору-тўсиқлар бўлмаса-да, “кўринмас девор” улар ўртасидаги оқибатни, меҳрни тўсиб туради.

Фарзандларнинг ҳаммаси ҳам ота ёки онадан яхши фазилатларни ўзига мерос қилиб олмас экан. Бурун замон ака-ука, опа-сингиллар ўртасида мол-дунё талашишлар, жанжал-суронларнинг ҳаммаси ота оламдан ўтгандан кейин бошланса, энди бу масала тараққиёт замонига ҳамнафас падарнинг  ҳали тириклигидаёқ рўй  бериб турибди.

Чегара — деворга разм солган киши борки, унинг ортида бола-бақраси билан қайнаб, умргузаронлик қилаётган жигаргўшаларга қараб — “Бир қоринга сиққан оға-инилар энди бир ҳовлига сиғишмайди”, деса ҳам ака-укалар оҳанграбонинг икки қутбига ўхшаб тураверадилар…

Бунга албатта аёллар ўз ҳиссаларини қўшмай қолишмайди. Ака-укаларнинг  фарзандлари ўртасидаги болабоп дилхираликлар қадамба-қадам овсинларнинг қиёмат можаросига айланади. Овсинлар ўртасидаги ғиди-бидилик босқичи ўтгандан сўнг, хотин-боласининг “ҳимоя қалқони”дек ўртага  тушиб ака-уканинг ўзаро ёқалашиши охир оқибат совуқчилик туширади. Улар хонадон дарвозасидан чиқа туриб бир-бирларига рўпа  ра келишса, бош қурғур  бўйинда бурмаларни ҳосил қиладиган даражада тескари қараб ўтар экан, овсинлар ўзаро бир-бирига чанг солишадиган даражага етишади. Натижа шу даражага етадики, ҳовли ўртасидан девор тортишадиган бўлишади. Сенинг қўй-товуғинг мени боғимга ўтмасин, каби майда-чуйдадан бошланган ғурбатлар охир-оқибат юз кўрмаслик билан тугайди. Ака-ука шу тариқа, умрининг охиригача бир-бири билан гаплашмайди, тўй қилса чорламайди, эҳсон қилса бир коса таом илинмайди ва на азасида иштирок этади…

Балким бу деворларни йиқиш чораси ҳам мавжуддир, лекин қалблардаги деворнинг ечими қандай бўлади? Бундай кўринмас тўсиқлар мавжуд экан, бундай хонадонларда тинчлик, файз-барака, хотиржамлик каби неъматлар асло бўлмайди.

Зеро, ҳаётнинг ўнқир-чўнқиру қийинчиликлари ҳар бир инсон тақдирида бор экан, шундоқ ҳам ташвишларимизга ғарқ бўлиб турган бу дунёда ғафлатга берилиб, яқинларимиз қалбига озор беришдан тийилиб яшашни ўрганишимиз керак эмасми?!

Юқоридаги воқеамиз сингари қалбларни туташтирувчи КЎПРИК бўлишимизга илк қадамни биз ташласак, ортимиздан келадиганларга тўғри йўл кўрсатган бўламиз. Бир шоир айтганидек:

Кимнингдир сўзига доим мунтазир,  Кимнингдир меҳрига зор яшар инсон! Оллоҳ таоло ораларимиздаги оқибатларимизни мустаҳкам айлаб доимо яқинларимиз билан меҳр – оқибатда ҳаёт кечириб бормоғлигимзни узи насиб айласин. Омин.

М.Қорабоев
Жалақудуқ тумани “Қўштепа” жоме масжиди имом –хатиби