Мен бу ерда ушбу буюк диннинг аниқ кўзга ташланиб турган ҳақиқатларини эслаб ўтишимга эҳтиёж бор деб ўйлаган эмасман.
Лекин бу асрга келиб одамлар ажойиб ва ғаройиб ишларга дучор бўлмоқда.
Мен ўйлайманки, ибодатнинг мағзи бўлган дуони Аллоҳга яқинлаштирувчи қурбат эканини, балки Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, дуонинг ўзи айнан ибодат эканини билмайдиган мусулмон киши бўлмаса керак.
Лекин мен ушбу асрда эътибор бериб Аллоҳ азза ва жалланинг динидаги ушбу улуғ асосдан юз бураётган кишилар борлигини кўраябман. Аллоҳ таолога ибодат қилиш маъносидаги бу буюк моҳиятдан юз ўгираётган одамларни учратаябман.
Кошки мен эътибор бериб масала юз буриш чегарасида тўхтаётганини кўрсам эди.
Йўқ, инсонда таъжуб ва ҳайратни зиёда қиладиган ушбу масала инсонлар орасида дуони писанд қилмай уни енгил санайдиган, гуёки уни диннинг жавҳаридан бўлмаган ва динга қўшилган иш деб қарайдиган кишилар борлигидир.
Ҳуллас инсон ушбу аниқ кўзга ташланиб турган ҳақиқатларга қайтиб уни тушунтириб беришга ўзида эҳтиёж сезади.
Эй Аллоҳнинг бандалари сизларнинг ичингизда Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини ўқимаган ёки эшитмаган киши бўлмаса керак. Аллоҳ айтади:
«Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди».
Аллоҳ таоло бир гуруҳ солиҳ бандаларини васф қилиб айтган ушбу сўзини ҳам ўқимаган ёки эшитмаган одам бўлмаса керак;
«Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар». Анбиё, 90.
Ушбу оятлар дуо қилишга бўлган буйруқнинг қатъий эканига ишорадир.
Балки бу ерда яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган маълум ва машҳур саҳиҳ ҳадислар ҳам бор. Ушбу ҳадислар бизларга дуо инсон ҳар доим шошиши керак бўлган ибодат эканини тушунтириб беради.
Нўъмон ибн Башир Расулуллоҳдан ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дуо ибодатдир» – деганлар. Ушбу ҳадисни икки шайх ҳамда имом Насоийнинг шартига биноан имом Термизий, имом Байҳақий ва Хокимлар ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда: «Дуо ибодатнинг илиги (олий кисми)дир» – дейилган.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Агар Аллоҳ бандага дуо (эшигини) очса банда дуо қилсин. Албатта Аллоҳ уни ижобат қилади» – деганлар.
Сизларнинг ҳар бирларингиз Аллоҳнинг Китобини ўқигансизлар ҳамда Анбиё ва Расуллар ҳақида айтган сўзини эшитгансизлар.
Аллоҳ таоло бизларни энг муҳим нарсанинг олдига қўяди. У ҳам бўлса ушбу Пайғамбарларнинг дуоларидир.
Аллоҳ таоло ўзининг Китобида ҳар бир Пайғамбарнинг Аллоҳ азза ва жаллага ёлвориб дуо қилган жиҳатлари ҳақида айтган:
«Батаҳқиқ, Бизга Нуҳ нидо қилди. Бас, нақадар яхши ижобат қилгувчимиз». Соффат, 75.
(Нуҳга ўхшаб илтижо этган бандаларимизнинг дуоларини доимо ижобат қиламиз. Тафсир ҳилол).
«Бас, у (яъни Нуҳ) Роббисига дуо қилиб: «Албатта, мен мағлуб бўлдим, ёрдам бер», деди. Осмон эшикларини шаррос сув билан очиб юбордик». Қамар. 10.
Аллоҳ таоло бизларга дуо билан ижобат қилиш ўртасидаги боғликликни кўрсатиб бермоқда.
«Ва Нуҳ: «Эй Роббим, ер юзида кофирлардан бирорта ҳам харакатланувчини қўймагин. Албатта сен уларни тек қўйсанг, бандаларингни адаштирурлар ва фожиру кофирдан бошқа туғмаслар», деди». Нуҳ, 26-27.
Аллоҳ таоло бизларга Пайғамбарларнинг отаси Иброҳим алайҳис-салом ҳақида айтди.
У киши ҳақида Раҳмоннинг айтган сўзи нима эди?
У киши ҳақида айтган сўзларининг ҳаммаси унинг дуоси ва ёлвориб қилган илтижоси ҳақида эди. Шундай эмасми эй дўстларим?!
«Иброҳим билан Исмоил: «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деб, байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла. «Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли зотсан». Бақара, 127.
Роббимиз субханаҳу ва таоло бизларга бобомиз Иброҳим билан қавми ўртасида бўлган суҳбат ҳақида гапириб кейин уларнинг ушбу суҳбати Иброҳимнинг ўз Роббисига ёлвориб қилган дуоси билан якунлангани ҳақида айтиб берган эмасми?!
«У: «Нимага ибодат қилаётганингизни билдингизми?! Сиз ва қадимги оталарингиз?! Албатта, Роббул Оламийндан бошқа уларнинг барчаси менга душмандир», деди. У мени яратган зотдир. Бас, мени ҳидоят қиладиган ҳам Унинг Ўзи. Ва мени таомлантирадиган ва суғорадиган ҳам Унинг Ўзи. Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи. Мени ўлдирадиган, сўнгра тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзи. Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан умидвор бўлганим ҳам Унинг Ўзи.
Эй Роббим, менга ҳикмат ҳадя эт ва мени солиҳларга қўшгин. Ва менга кейин келгувчилар ичида содиқ мақтовлар бўладиган қилгин. (Яъни, ўтиб кетганимдан кейин ҳам одамлар мени қиёматгача яхшилик билан эслаб юрадиган қилгин.) Ва мени наъийм жаннати ворисларидан қилгин. Ва отамни мағфират қил. Албатта, у адашганлардан бўлди. Ва қайта тирилтириладиган кунда мени шарманда қилмагин. У кунда на мол манфаат берар ва на болалар. Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар)». Шуаро, 75-89.
Аллоҳ таоло бизларга Айюб алайҳис-салом ҳақида гапириб берган. У ҳақида Қуръон айтган сўзларнинг ҳаммаси нима тўғрисида эди?
«Ва Айюбнинг ўз Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлигисан!» деганини эсла». Анбиё, 83.
(Айюб алайҳиссаломга жуда катта зарар етгани маълум. Лекин ўша зарарнинг айнан номини Қуръони Карим аниқ айтмайди. Ушбу оятда ҳам Айюбнинг алайҳиссалом Аллоҳга ёлбориб нидо қилаётганлари келяпти, холос.Тафсир ҳилол).
Роббимиз субханаҳу ва таоло бизларга Мусо алайҳис-салом ҳақида гапириб берган. У ҳақида Қуръон айтган сўзлар нима тўғрисида эди? Унинг турли муносабатларда Аллоҳга ёлвориб қилган дуолари ҳақида эди.
Анбиёларнинг саййиди ва уларнинг Аллоҳ таолога энг кўп дуо қилгани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўладилар.
Агар биз Расулуллоҳнинг ўз Роббисига эрталаб ва кечқурун, уйдан чиқаётганларида, сафардалик чоғларида, уйларига қайтиб келган пайтларида, масжидга кирганларида, фарз намозларининг сўнгида, кечасининг ярмида ва булардан бошқа вақтларда қилган ҳамма дуоларини жамласак ушбу дуолар Расулуллоҳдан бизларга етиб келган саҳиҳ ҳадисларнинг тўртдан бирини ташкил этади.
Бу ишларни бирор мусулмон қандай қилиб унутади, хатто улар диннинг асоси бўлган ибодатнинг ушбу олий қисмидан юз ўгирмоқда, эй дўстларим?
Балки ушбу дуодан қандай қилиб жирканади? Балки у, қандай қилиб Аллоҳга дуо қилаётган бир гуруҳ мусулмонлар жамоасига бетартиблик қилади? Ушбу ҳолатда бу инсон қандай қилиб Аллоҳ субханаҳу ва таолога мўмин мусулмон бўлади? Ва ҳолангки улар мусулмонларку.
Уларнинг бири айтади: “Ушбу вақтда дуо қилишни шариат қонунчилигига киритилиши қайердан собит бўлган? Намоздан кейин дуо қилишнинг қонуний экани қайерда айтилган?..
У ўзининг ушбу ишидан кейин; “Чошгоҳ вақтида дуо қилиш, қуёшнинг чиқиши олдидан ёки ботгандан кейин, пешин вақтида дуо қилишлар қайердан собит бўлган”? – деб савол беришга ҳам ҳақли.
Жавоб шу; Агар “Бундай дуо қонунуний саналмайди”, деган сўзни айтаётган кишилар илм ҳидидан бахра олганларида эди бу каби танқидий саволдан иборат ушбу сўзларни айтишдан уялишган бўларди.
Уламоларнинг барчалари: «Мутлақ (қатьий) лафз ўзининг мутлақлигича ишлатилади» – деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар Аллоҳ бандага дуо (эшигини) очса банда дуо қилсин. Албатта Аллоҳ уни ижобат қилади» – деган сўларидаги (иза) калимаси умумийлик юкламасидир. Яъни; Қачон ҳис туйғулари дуога йўналганини сезса фурсатни ғанимат билиб дуо қилсин – деган маъно чиқади.
Уламолар; “Умумий лафзлар, умумий ҳолатлар, умумий вақтлар ва маконлар умумийлик заруратини келтириб чиқаради” – деганлар.
Кейин улар ушбу умматга ва бу умматнинг ўтганларига хурматсизлик қилиш бекатига тўхтайдилар. «Умматнинг охиргиси унинг аввалгисини лаънатлаши (айблаши) қиёматнинг аломатларидандир» – деган зотга Аллоҳнинг солавот ва саломлари бўлсин.
Ҳа… Менга кўп марта; «Намоздан кейин дуо қилишнинг мустаҳаб эканлиги тўғрисидаги далил нима»? – деб савол берилган.
Биринчидан бу ерда хос далилга зарурат йўқ, чунки Аллоҳ таолодан бизларга келган буйруқлар мутлақ бўлади ёки умумий бўлади. Мутлақ лафзлар барча ҳолат ва замонларга киради. Умумий лафзлар ҳам барча замонларга киради.
Нўъмон ибн Башир Расулуллоҳдан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам:«Дуо ибодатдир» – дедилар.
Бу ерда ибодат учун хос вақтлар борми? Агар ушбу вақт кетиб қолса Аллоҳ таолонинг ибодатидан қайтиш лозим бўлиб қолади-ку?!
Иккинчидан; Имом Бухорий ва имом Термизийлар Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисни эшитмаганмисиз?!
У ўз фарзандларига ушбу дуони муаллим ўқувчиларига китоб ўргатгани каби ўргатар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ҳар намознинг сўнгида: «Аллоҳим мен сендан баҳиллик ва қўрқоқликдан паноҳ сўрайман. Мен сендан умрнинг энг заифлигига қайтиб қолишимдан, дунё фитнасидан ва қабр азобидан паноҳ тилайман» – деб дуо қилишга чақирар эди – дерди.
Учинчидан; Имом Термизийнинг саҳиҳ санад билан Абу Умома ал-Боҳилийдан ривоят қилган ушбу ҳадисини эшитмаганмисиз?!
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Қайси дуо кўпроқ эшитилади?” – Яъни дуонинг қайси тури кўпроқ ижобат бўлади, деб савол берди.
Шунда у зот; “Кечасида қилинган дуо ва фарз намозларидан кейин қилинган дуо (кўпроқ ижобат бўлади), деб жавоб бердилар.
Мусулмон одам бундан кейин яна нимани истайди?
Ўзини ёлғондан ислом аҳкомларини ушлаётган қилиб кўрсатаётган мусулмон одамни ушбу масжиддаги дўстлари каби ёки ёлғиз бир ўзи дуо қилишдан нафратлантираётган нарса нима?!
Мен улардаги ажойиб бир ғалати нафратланишни ҳис қиламан, балки ҳаёлимга ушбу ҳолатда Аллоҳ таолонинг ғазаби тушаётгандек бўлиб кўринади.
Ушбу масжид каби масжидларда мусулмонлар намозларини тамомлаганларидан сўнг овозларини баланд кўтариб Аллоҳнинг зикрини қилгач қўлларини дуога очганларида қараб туриб, Аллоҳ таолонинг зикридан қочиб чиқиб кетаётган одамларни ҳам кўраман.
Уларнинг аксарияти ушбу дуолардан қочиб кетадилар.
Бундан ҳам аянчлироғи шуки, мен ушбу масжидда ғаразгуйлик билан қараб ўтирган бир ўспирин йигитни кўрдим. Дуо қилиш вақти келганида, биз ҳаммамиз қўлларимизни дуога очиб Расулуллоҳ буюрганларидек дуо қилаётган, намозхонлар ҳам бирлари дуо қилиб, қолганлари омийн деб турган вақтимизда ҳалиги йигит ўрнида қотганича дуо қилаётганларга ғазаб билан қараб турарди.
Бу ҳолат, эй дўстларим, бизнинг бошимизда айланаётган энг ёмон кўринишлардан биридир.
Уларнинг бири ўзини ўта талабчан қилиб кўрсатиб: «Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг зикр қилишда нима учун овозлар бундай баланд кўтарилмоқда»?- дейди.
Сен Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ўқи, имом Нававий жамлаган кўплаб ҳадисларга қара.
У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз намозни ўқиб бўлганларидан кейин, суннат намози бўлмаса бурилиб орқасини қиблага ўгриб юзини намозхонларга қаратиб ўтирардилар. Кейин саҳобаларга ўргатиш учун айтаётган зикрларини баланд овозда ўқирдилар. Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айтилган ушбу ҳадис саҳиҳ ҳадислардан саналади.
«Аллоҳ таоло «Ким Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан, ким Мени жамоат ичида зикр қилса, Мен ҳам уни унинг жамоатидан яхшироқ жамоат ичида зикр қиламан», дейди».
Инсоннинг Аллоҳни жамоат ичида зикр қилиши қандай бўлади? У ана шу шаклда бўлади. Ҳа шундай.
Уларнинг яна бошқа бири: «Сизлар дуо вақтида қўлни очиб туришни қайердан олдинглар»? – дейди.
Сен бу ҳақидаги кўплаб ҳадисларга қара. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан турли санадлар билан ривоят қилинган ушбу сўзга эътибор бер.
«Албатта Аллоҳ тирикдир, Карийм ва саҳийдир. Агар банда дуо билан қўлини очса уни ноумид ҳолда қуруқ қайтаришдан ҳаё қилади».
Инсонлар салафийлик ва ўтган салафларга эргашиш номи билан Аллоҳнинг динга қарши уруш эълон қилмоқдалар. Улар ёлғон айтмоқдалар.
Аллоҳга қасамки, уларда ўтган салафларда бор сифатларнинг бирортаси йўқ.
Роббимиз субханаҳу ва таоло бизларни дуо қилишга буюради ва дуо қилишга қарши чиқишдан қайтариб огоҳлантиради.
«Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди». Ғофир, 60.
Расулуллоҳ ушбу оятни тушунтириб: «Дуо ибодатдир» – деганлар.
Ўзингиз яхши биласиз, биз ҳар вақт ибодат билан ранг олишимиз лозим. Уйимиздаги тўшагимиз устида, эртаю кеч, ўзимиз ёлғиз қолганимизда ҳам, турли ҳил вазифа ва ҳизматларимизда юрган чоғимизда ҳам ибодат билан машғул бўлишимиз керак.
Сизлар ўшалардан Аллоҳ таолонинг: «Ва Роббингнинг исмини зикр эт ва Унинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқ» – деб айтган ушбу сўзининг маъноси нима ҳақида эканини сўранглар.
Буюрилган ибодатга бутунлай ажралиб чиқиш инсон ҳамма вақт доимо ранг олиши лозим бўлган бўёқдир. Инсон унга бутунлай ажралиб чиқиши лозим. Агар у қолган бошқа вақтларда ажралиб чиқмаса ва зоҳидлик ундан ажралса унга шайтон такаббурлик билан суқулиб кириши аниқ бўлади. Такаббурликдан йироқ бўлишингиз учун зоҳидлик билан ранг олишингиз лозим.
Зоҳидлик ва ибодатга бутунлай ажралиб чиқиш қандай бўлади? У Аллоҳ таолога дуо қилишни кўпайтириш билан бўлади.
Сиз уйингиздан масжидга чиқаётганингизда Расулуллоҳ қилганларидек дуо қиласиз. Масжиддан уйингизга қайтаётганингизда ҳам Аллоҳ субханаҳу ва таолога дуо қиласиз.
Агар инсоннинг барча ҳолатида неъмат соясини кўрсангиз қўлингизни кўтариб Аллоҳга дуо қиласиз.
Инсонга етган синовларни кўрсангиз ҳам икки қўлингизни кўтариб Аллоҳга дуо қиласиз.
Энди Расулуллоҳ ушбу вақтда дуо қилганми ёки қилмаганми? – сен шуни собит бўлгани ҳақида суриштириб кўр. Ўқиб ўрган…
Мен одамларга ҳайрон бўламан. Улар ўз шаҳарларидан ушбу шаҳарга илм ўрганиш учун келадилар.
Агар сизлар ўқувчи бўлсангиз нима учун келдингиз? Агар сизлар ҳақиқатда илм ўрганишни истаётган бўлсангиз нима учун билимсизлигингиз билан такаббурлик қилаябсизлар?
Нима учун Аллоҳ субханаҳу ва таолога мутакаббирлик қилаябсизлар?
Мен йўлдан адашиб юрган фосиқлар ҳолига ачинаман. Лекин ўзларини ёлғондан исломда эканини кўрсатиб қалблари тошдан ҳам қаттиқ бўлган одамлар ҳоллари яна ҳам қалбимни эзади.
Уларга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи мувофиқ келади:
«Сўнгра, шундан кейин қалбларингиз қаттиқ бўлди, улар тошдек ёки тошдан ҳам қаттиқ». Бақара,74.
Албатта йўлдан адашган инсон ўз касаллиги орқали танилади чунки у янглишишни бошидан ўтказмоқда.
Лекин мусулмон бўла туриб ва дин масалаларини тушуна туриб такаббурлик қилаётган инсон, яна Аллоҳ таолонинг динидан тойилиш билан шуғулланади ҳамда Аллоҳнинг буйруқларига ва Расулуллоҳнинг насиҳатларига қарши хато қилиш билан ҳаракат қилади.
Мусулмонлар ушбу масжидда бўлганларида, Аллоҳ таолога Расулуллоҳ буюрганидек қўлларини очиб, Расулуллоҳ дуо қилгандек дуо қиладилар.
Ушбу мажлисга ғаразгўйлик билан қараётган инсон ҳеч қачон одоб ахлоқни билмайдиган, беодобдир. У дуо қилаётган ушбу одамларга назар солиб гўёки ҳол тили билан: “Мен сизларни бу дуоингизга муҳтож эмасман, мени сизларнинг бу илоҳингизга қўл очиб дуо қилишимга эҳтиёжим йўқ” – дейди.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқиш билан ранг олмайдиган инсон Аллоҳ таолонинг ҳузурига мўмин ҳолида кетиши бўлмағур гапдир.
Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.
Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан (31-май 1996-йил).