Фан – техника риожланиши ахборот технологияларининг беқиёс даражада тараққий этишини тезлаштириб юборди. Ҳаётга шиддат билан кириб келган глобаллашув ўз ортидан баъзи салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда. Мураккаб бир даврда “ахборот хуружи” ўзининг салбий оқибатларини намоён этмоқда. Бугунги глобаллашув даврида ёшларга жиноятчилик каби иллатларни тўғри талқин қилиш долзарб вазифадир. Аввал, “ахборот хуружи” мазмун – моҳиятини аниқлаб олайлик.
Ахборот хуружлари – бу шахсга муайян ташкилот ва давлатга қарши йўналтирилган харакат, таъсир ҳисобланади. Унинг асл мақсади ўша шахс, ташкилот ва давлатнинг ҳаёт тарзини бузишдир.ахборот хуружлари кўпинча сиёсий ва ижтимоий гуруҳларнинг ғаразли бузғунчилик нийятларидан келиб чиқади. Электрон террорчилик доимий харакатда. Интернетда, террорчилик ва бошқа жиноятларни тарғиб қилувчи веб – сайтлар, ижтимоий тармоқдаги гурухлар сони кун сайин кўпаймоқда. Бу ҳолат дунёқараши шаклланмаган ва ғўр ёшларнинг соғлом эътиқодини, онгу шуурини заҳарламоқда. Ғаламисларнинг интернет орқали хужумлари асосан ёшларга қаратилган бўлиб, улар ўсмирлар учун қизиқарли бўлган воситалардан усталик билан фойдаланишмоқда. Жумладан, ёшларнинг қизиқишига қараб, уларни турли видеолавҳалар ва фотосуратларни томоша қилишга жалб этиш орқали ёки ташки кўринишдан гўёки ўйин, техника, спортга доир бўлса – да, лекин ички саҳифаларида фақат жиноятчиликни сингдирувчи веб – журналларни тақдим этмоқда.
Ҳар хил ёлғончи маълумотлар кўпайган бир вақтда тўғри ва ҳаққоний ахборотни ажратиш йўлларини билиши лозим. Жумладан, бундай шароитда аждодлар тутган йўлни топиш керак. Имом Буҳорий ҳазратлари хадисларнинг саҳиҳ, заиф ва тўқималарини ажратишда жуда моҳир бўлганлар. Ривоят қилинишича, Имом Буҳорий хазратлари бир хадиснинг ровийсини қидириб, топадилар. Лекин ровий хайвонни қуруқ қўл билан алдаб, қўрага олиб кираётганини кўриб, суҳбатлашмасдан қайтадилар. Яна бошқа ривоятда айтилишича, бир ровий олди тарафга туфлагани сабабли, ундан ҳам хадис ривоят қилмаганлар. Мана, аждодларимиз қандай йўл тутишган.
Афсуски, интернет тармоғида қора қузғун каби ўрнашиб, юртимиз ютуқларини кўра олмаётган ёвуз кучларнинг бўҳтон ва ғийбат билан тўлиб – тошган маълумотларини айрим ёшлар ўқиб, баъзан уларга ҳамфикр бўлиб, адашиб кетаётганлари ачинарли ҳолатдир. Нима қилиш керак? Кунда келаётган ахборот уммонидан ёшларда қандай кўникмани шакллантириш зарур? У ёки бу ахборотни қабул қилишдан олдин инсон албатта ўзига “Бу ахборотни еим тарқатяпти?” “Нима учун узатяпти?” “Қандай мақсадни кўзлаяпти?” деган саволларни бериши керак. Ёшларда интернетдаги қандай маълумотни олиш керагу, қайсиларини қабул қилмаслик лозимлигини тушунтириш. Ёш авлодга интернетдаги фотосуратлар, видеолавҳаларни кўриш юзасидан зарур тавсияларни бериш.
Ёшларнинг интернет тармоғига қизиқишларини мунтазам ўрганиш ва бу борада керакли маслаҳатлар бериб бориш. Келажак авлодни миллий маънавиятга, одоб – аҳлоққа салбий таъсир этувчи маълумотлардан ҳимоя қилиш интернет хуружларига қарши мунтазам тарғибот ишларини олиб бориш. Ёшлар – ҳал қилувчи куч ва она – Ватан келажаги эканини, аввало, ўзлари юракларидан ҳис қилиб, илм – маърифат олишлари керак. Ҳар бир фарзанд эътиқоди софлиги учун ақл – идрокини ишлатиш зарур. Бунинг учун ёшлар оқни қорадан, ҳидоятни залолатдан ажрата олишлари лозим.
Андижон тумани “Обод” жоме масжиди имом хатиби
Мансурбек домла Азимов