Аллоҳ таоло биз – бандаларни санаб-саноғига ета олмайдиган даражада беҳисоб неъматлардан баҳраманд қилар экан, У ўз навбатида ана шу неъматларнинг шукрини адо этиб бормоғимизга буюради. Албатта Аллоҳ таоло ана шунда зиёдалик давлатини насиб этади. Ҳадиси шарифда бу ҳақда марҳамат қилиниб: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун Аллоҳга ҳамд бўлсин, деса, шунда у ўша неъматлардан афзалроқ нарсага эришган бўлади”, дейилган.
Бир куни Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг ҳузури шарифларидан бир соил (тиланчи) ўтди, унга бир дона хурмо ҳадя қилдилар. Соилнинг ғазаби келиб, қабул қилмади. Сўнгра бошқа бир соил келди, унга ҳам бир дона хурмо ҳадя қилдилар. У бир дона хурмони Росулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан деб, муҳаббат-у шукрона билан қабул қилди. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир жорияга Умму Салама онамиз ҳузуридаги қирқ тангани шу соилга беришликни буюрдилар. Эътибор берсак, бир соил “шу арзимаган нарсани ҳам берадими?”, деб ғазабланиб, қабул қилмади. Иккинчи соил эса, “У зотнинг қўлларидан”, деб севиниб, ташаккурона қабул қилиб олганлиги учун қўшимча қирқ тангага ега бўлди. Демак, банда озига шукр қилса, Аллоҳ таоло унга кўпини, у ўйлаган, ўйламаган томонлардан етказар экан.
Ривоят қилишларича, Мусо пайғамбар даврида икки киши қайси ишга қўл урмасинлар, ишлари орқага кетар экан, Охири на ейишга овқатлари, на кийишга кийимлари қолмади, Кунларнинг бирида Мусо алайҳиссалом Аллоҳ билан роз айтиш учун Тур тоғига чиқиб кетаётганларида, ҳалиги кишилар у кишидан “Бизлар қачонгача шундай юрар эканмиз, Аллоҳ бизларга ҳам бирор нарса берармикин, йўқмикин, сўраб беринг”, дейишибди. Мусо алайҳиссалом Аллоҳ билан гаплашиб, уларнинг айтган гапларини эсидан чиқарди. Шунда Аллоҳ: “Эй Мусо, йўлдаги икки бандам сенга нима деган эди?”, – деб сўрабди. Мусо: “Ўша бандалар сендан бирор нарса сўрашяпти”, дедилар.” Шу юришларига ҳам шукр қилишсин”, деди Аллоҳ. Бу гапдан, уларнинг жаҳли чиқиб, нимамизга шукр қилар эканмиз, ейишга овқатимиз, кийишга кийимимиз бўлмаса, дейишибди. Шундан сўнг, бир-бирларига суяниб ўтиришганда, бир-бирига ёпишиб қолишибди. Бориб айтсалар, Аллоҳ шу юришларига ҳам шукр қилишсин, дебди. Қайтаётиб бояги кишиларга бу гапни айтганларида, улар жаҳл билан “э, шукр-э”, дейишган экан, бир-бирларидан ажралишибди.
Ушбу ривоятдаги икки киши қашшоқлигининг асл сабаби, уларнинг ношукрлиги, бесабрлиги бўлган экан.
Бугунги кунга қайтиб фикр қилайлик. Бизчи ? Яшагани уй-жойимиз, асқотадиган маҳалла-кўй, қавму қариндош, ёру-биродарларимиз, кийгани кийимларимиз, истеъмол қилгани эса ҳафталаб, ойлаб етадиган овқат заҳираларимиз бор ҳолда ҳам ношукрлик қиламиз. Бир-биримизга йўлиққанимизда, нолиб “У кам, бу кам”, деб аҳволимиздан шикоят қиламиз. Бесабрлик, нолиш эса ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди, Аллоҳ сақласин. Бежиз Росулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Албатта банда қилган гуноҳлари сабабли ризқдан маҳрум бўлади”, деб огоҳлантирмаган.
Ношукрлик ҳам улкан гуноҳлардан бири. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда биз бандаларни бундан қайтариб, “Агар ношукрлик қилсангиз, менинг азобим жуда қаттиқдир”, деган. Ушбу оятни муфассирлар “Албатта, азобнинг қаттиқлиги дунёда неъматни олиб қўйиш ва охиратда азоб билан бўлади”, деб шарҳ қилганлар.
Жаҳон адабиётига муносиб ҳисса қўшган шоир Саъдий Шерозийга, кунлардан бир кун сафар чоғида ялангоёқ юришга тўғри келади . У зот қийналиб, оёғида пойафзали йўқлигидан нолиб, хафа бўлиб кетадилар. Басра масжидига етганларида оёғи кесилган бир инсонга кўзи тушади. Шунда Саъдий Шерозий шунда “пойафзал бериб, оёқсиз қилмаганингга шукр, ялангоёқ қолсам ҳам, саломат қилганингга шукр”, мазмунидаги сўзларни айтиб, Яратганга ҳамд айтиб, шукр келтирган эканлар.
Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб, мушоҳада қилиш билан билади. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулик бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча
неъматлар мужассам экан”, деганлар. Улуғ неъматлардан яна бири бу-юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг айрим жойларида бўлиб турган турли офат-балолар ва нотинчликлар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизнинг тинчлиги учун Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамд ва шукроналар айтишимиз, дуоларда бардавом бўлишимиз лозимдир.
Яна шуни ҳам билишимиз керакки, Аллоҳ таоло бизларга зиёдалик шартини таълим берди. Агар ҳар бир инсон шу шартга амал қилса, ҳаётда ҳеч кимга муҳтож бўлмай, бекам-у кўст яшайди ҳамда мол-у дунёси ҳам кундан-кун зиёда бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган нематларимга) шукр қилсангиз, албатта (уларни янада) зиёда қиламан”, деб ваъда берган.
«Имом Ал- Бухорий» жомеъ
масжиди имом хатиби О. Рахимов