Агар ношукрлик қилсангиз…

1420

Аллоҳ таоло биз – бандаларни санаб-саноғига ета олмайдиган даражада беҳисоб неъматлардан баҳраманд қилар экан, У ўз навбатида ана шу неъматларнинг шукрини адо этиб бормоғимизга буюради. Албатта Аллоҳ таоло ана шунда зиёдалик неьматини насиб этади. Ҳадиси шарифда бу ҳақда марҳамат қилинишича: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун Оллоҳга ҳамд бўлсин, деса, шунда у ўша неъматлардан афзалроқ нарсага эришган бўлади”, дейилган.
Бир куни Росули Акрам (С,А,В,) –нинг ҳузури шарифларидан бир соил (тиланчи) ўтди, унга бир дона хурмо ҳадя қилдилар. Соилнинг ғазаби келиб, қабул қилмади. Сўнгра бошқа бир соил келди, унга ҳам бир дона хурмо ҳадя қилдилар. У бир дона хурмони Росулуллоҳ (С,А,В,) дан деб, муҳаббат-у шукрона билан қабул қилди. Пайғамбаримиз (С,А,В,) бир жорияга Умму Салама (Р,А,) ҳузуридаги қирқ тангани шу соилга беришликни буюрдилар. Эътибор берсак, бир соил “Шу арзимаган нарсани ҳам берадими?”, деб ғазабланиб, қабул қилмади. Иккинчи соил эса, “ У зотнинг қўлларидан”, деб севиниб, ташаккурона қабул қилиб олганлиги учун, қўшимча қирқ тангага ега бўлди. Демак, банда озига шукр қилса, Аллоҳ таоло унга кўпини, у ўйлаган, ўйламаган ва кутмаган томонларидан етказар экан.
Ривоят қилишларича, Мусо пайғамбар даврида икки киши қайси ишга қўл урмасинлар, ишлари орқага кетар экан, Охири на ейишга овқатлари, на кийишга кийимлари қолмади, Кунларнинг бирида Мусо алайҳиссалом Аллоҳ билан роз айтиш учун Тур тоғига чиқиб кетаётганларида, ҳалиги кишилар у кишидан “Бизлар қачонгача шундай юрар эканмиз, Аллоҳ бизларга ҳам бирор нарса берармикин, йўқмикин, сўраб беринг”, дейишибди. Мусо алайҳиссалом Аллоҳ билан гаплашиб, уларнинг айтган гапларини эсидан чиқарди. Шунда Аллоҳ: “Эй Мусо, йўлдаги икки бандам сенга нима деган эди?”, – деб сўрабди. Мусо: “Ўша бандалар сендан бирор нарса сўрашяпти”, дедилар.”Шу юришларига ҳам шукр қилишсин”, деди Оллоҳ. Бу гапдан, уларнинг жаҳли чиқиб, нимамизга шукр қилар эканмиз, ейишга овқатимиз, кийишга кийимимиз бўлмаса, дейишибди. Шундан сўнг, бир-бирларига суяниб ўтиришганда, бир-бирига ёпишиб қолишибди. Бориб айтсалар, Аллоҳ шу юришларига ҳам шукр қилишсин, дебди. Қайтаётиб бояги кишиларга бу гапни айтганларида, улар жаҳл билан “э, шукр-э”, дейишган экан, бир-бирларидан ажралишибди.
Ушбу ривоятдаги икки киши қашшоқлигининг асл сабаби, уларнинг ношукрлиги, бесабрлиги ва Аллоҳ таоло томонидан берилган неьматларга ношукурчиликларидан экан.
Бугунги ўтказаётган кунимизга бир эътибор берайлик азизлр, ва фикр қилайлик. Бизчи ? Яшагани уй-жойимиз, асқотадиган маҳалла-кўй, қавму қариндош, ёру-биродарларимиз, кийгани кийимларимиз, истеъмол қилгани эса ҳафталаб, ойлаб етадиган овқат заҳираларимиз бор ҳолда ҳам ношукрлик қиламиз. Бир-биримизга йўлиққанимизда, нолиб “У кам, бу кам”, деб аҳволимиздан шикоят қиламиз. Бесабрлик, нолиш эса ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди, Оллоҳ сақласин.барчаларимизни неьматларга қаноатли ва шукрона билан яшайдиган бандаларидан қилсин.

Бўз тумани
“Юнусобод” жоме масжиди имом-хатиби У.Усмонов.