Бундан атига ўн-йигирма йиллар аввал ҳам гиёҳвандлик, ОИТС, одам савдоси, “оммавий маданият”ни бизнинг ҳаётимизга умуман даҳли йўқдек тасаввур этардик. Назаримизда, бундай иллатлар ахлоқий, иродавий тамойиллар унутилган, соғлом турмуш кечириш нима экани унутилган хориждаги давлатларга хос эди. Аммо бугун ёнгинамиздаги инсоннинг, энг аянчлиси, ёш йигит ё қизни гиёҳванд эканини ё ОИТСга чалинганини кўриш, одам савдоси қурбонига айланганини билиш ҳеч биримизга ғайритабиий ҳол бўлиб туюлмайди. Демак, бу иллатлар ҳаётимизга кириб улгурди. Демак, энди унга қарши кураш чораларини янада кучайтириш, ёш авлод онгига соғлом ҳаёт моҳиятини янада чуқурроқ сингдириш зарурати пайдо бўлди.
Статистик маълумотларга кўра, дунёда гиёҳвандлик дардига йўлиққанларнинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Гиёҳвандлик оқибатида ҳар йили 500 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.
Гиёҳванд нафақат ўз ҳаёти, соғлиги ва келажагини издан чиқаради, балки у жамият таназзулига, оғриғига ҳам сабабчи бўлади. Соғлом киши билиб-билмай бу кўчага кириб қолса, тинч, фаровон ва бахтли ҳаётини зулматга айлантиради. Гиёҳванддан туғилажак фарзандлар бир умрга мажруҳлик қисматига мубтало бўлади.
Афсуски, гиёҳвандлик домига илинган киши жиноят кўчасига ҳам киради. У нафсини қондириш истагида ҳар қандай қабиҳликдан қайтмайди. Ёвуз ниятли кимсага айланади. Оғуфурушларнинг ўлжасига, даромад келтирувчи воситасига айланган гиёҳванд учун янги бир гиёҳвандни “кашф этиш”, сафига жалб қилиш энг асосий мақсадга айланади. Чунки оғуфурушлар шу тариқа ўз “маҳсулотлари”га талабгорларни кўпайтиришади. Айнан шунинг учун ҳам гиёҳвандлар сони тобора кўпаймоқда.
Ҳеч кимга сир эмас, дунёқараши эндигина шаклланиб бораётган ўсмирларни алдов йўли билан гиёҳвандлик қурбонига айлантириш осон. Агар ота-она, педагог, жамоатчилик жуда ҳушёр бўлмас экан, фарзанд тўғри йўлдан тойиши мумкин. Ҳаётда “атига бир марта тотиб кўрмоқчи бўлдим, аммо кейин оғусиз туролмайдиган бўлиб қолдим”, дея надомат чеккан инсонлар озмунчами? Улар бирозгина бепарволик меваларидир.
Гиёҳвандлик инсонлар умрини қискартиришга, оилаларни пароканда қилишга қодир. “Оқ ажал”ни истеъмол қилишга одатланиш оқибатида ногирон, жисмоний ва ақлий нуқсони бор болалар дунёга келмоқда. Бу барчамизни сергак торттириши керак. Оғунинг қулига айланиб қолаётган замондошларимизни тўғри йўлга қайтариш барчамизнинг вазифамиздир. Оилалар тинчлиги, фарзандлар келажагига раҳна солаётган, жиддий хавфга айланган гиёҳвандликка қарши биргаликда курашишимиз шарт. Ана шундагина осуда, фаровон, эркин ва бахтли келажакни орзу қилишга ҳақли бўламиз.
Таъкидлаш ўринлики, халқаро миқёсда ва мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш юзасидан қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, ижроси таъминланмоқда. Жумладан, «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари соғлом авлод тақдирида муҳим аҳамият касб этади.
Гиёҳвандликка қарши қурашни кучайтириш мақсадида БМТ томонидан ҳам «Наркотик моддалар тўғрисида»ги, «Психотроп моддалар» ҳамда «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши қураш туғрисида»ги конвенциялар қабул қилиниб, 1987 йилда 26 июнь – Халқаро наркотик моддаларини суистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни деб эълон қилинган.
Қолаверса, ислом динида ҳам бу иллат қаттиқ қораланади. Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг 157-оятида: “… У (пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади…”, деб марҳамат қилади. Ҳадиси шарифда “ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаром”, дейилади. Муборак ҳадисларда ҳам ҳар бир инсон ўз тана аъзолари саломатлиги йўлида қайғуриши лозимлиги алоҳида таъкидланган. Жисм, тана аъзоларининг соғлом бўлиши ва турли зарарли одатлардан, касалликлардан сақланиш ҳар бир мўминнинг бурчидир.
Одам савдоси муаммоси ҳам кейинги пайтларда кенг жамоатчиликни қаттиқ ташвишга солмоқда. Бу жиноятнинг содир этилиши натижасида инсоннинг конституция, қонун ва халқаро қонунчилик меъёрларида олий қадрият сифатида тан олинган дахлсиз ҳуқуқларига тажовуз қилинади. Ушбу жиноий фаолият ортида мажбурий меҳнат, қуллик, ҳарбий тўқнашувларда фойдаланиш, фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбурлаш каби қабиҳ қилмишлар ётади. Бу энг аввало, қулчиликнинг замонавий кўриниши бўлиб, бунда инсон ҳуқуқлари қўпол ва шафқатсизларча бузилади. У орқали ишланган маблағлар кўп ҳолларда гиёҳвандлик воситалари ва қурол-яроғ савдосидан келиб тушган бойликлар сингари халқаро терроризмнинг ҳамда бошқа халқаро жиноятларнинг молиявий асосига ҳисса бўлиб қўшилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, уюшган жиноий гуруҳлар учун одам савдоси бозори жуда катта даромад манбаи бўлиб, у гиёҳвандлик моддалари ва қурол савдосидан кейин учинчи ўринни эгаллайди. Жамиятда аёллар дискриминацияси, коррупция, ёлғон реклама эълонларини тарқатиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар одам савдосининг ривожланишига олиб келувчи омиллар ҳисобланади. Одам савдоси жиноий занжир бўлиб, унга қарши ҳар томонлама, ҳамжиҳатликда кураш олиб борилмас экан, ижобий натижага эришиш қийин.
Сўнгги йилларда жамиятда гиёҳвандликдан ташқари ичкиликбозлик, кашандалик каби иллатлар ҳам кўпайиб боряпти. Ичкиликка муккасидан кетиш оқибатида тузатиб бўлмас хатолар юз бераяпти. Мастлик ҳолатида ўзгага тан жароҳати етказиш, тажовуз қилиш, ҳатто, қотиллик каби жиноятлар содир этиляпти.
Бу иллатларни таг-томири билан қуритиш мумкинми? Албатта. Бунинг учун оилада фарзанд туғилмасиданоқ унинг таълим-тарбиясига жиддий эътибор бериш керак. Болаликдан қалбига гўзал сифатларга интилиш, унинг соҳиби бўлиш ҳисси жой бўлган ўғил-қиз ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмайди. Чунки чиройли инсоний фазилатлар унда ирода, сабр, ақл билан иш тутиш каби хислатларни шакллантиради.
Шундай экан, оила аталмиш тарбия масканига эътиборни кучайтирайлик. Бир болага етти маҳалла ота-она, деган нақлни яна ҳаётимизга қайтаришимиз керак. Болаларни назоратсиз қолдирмаслик, уларни ҳалоллик билан улғайтириш, покизаликка ошно қилиш юқоридаги иллатлар домига илинмасликлари учун замин яратади.
Ҳайитали домла Тўйчиев
Улуғнор тумани “Мингбулоқ”
жоме масжиди имом-хатиби