Абу Ҳанифа р.а ҳақида

1093

Суннийлик исломдаги асосий йўналишдан бири бўлиб, унда ҳанафийлик, моликийлик, шофиийлик, ханбалийлик каби 4 та фиқхий ҳамда ашъария ва мотуридия каби 2 та ақидавий таълимот бор.

Ханафийлик. Ушбу мазҳабнинг асосчиси Абу Ханифа Нуъмон  ибн Собит хисобланиб, у 699 йилда Куфа шаҳрида туғилиб, 767   йилда Бағдодда вафот этган.

Ханафийликда қуръон ва Суннага асосланиш билан бир қаторда сахобалар сўзи, ижмо, қиёс, истехсон, урф-одат ҳам кенг қўлланилгани ва одамларга енгилликлар яратилгани боис Ер юзи бўйлаб кенг тарқалган.

Хожи Халифа ўзининг «Кашфуззунун» асарида ханафий мазҳаби хақида қуйидаги фикрни билдирган эди: «Тўрт мазҳаб ичида биринчи ўринда турадиган ва хақиқатга энг яқин бўлгани, Абу Ханифа асос солган мазҳабдир. Негаки, ушбу мазҳаб бошқаларидан иттифоққа асослангани, устуворлиги, олий истеъдод махсули бўлгани, назарияларининг кучлилиги ва илм ахком сохасида тўғри фикрлар юритилгани ва бошқа хусусиятлари билан ажралиб туради».

Абу Ханифа шариат хукмларини чиқаришда ўзига хос бир илмий услубга асос солди. Унинг мохияти Абу Ханифанинг ўзи томонидан билдирилган қуйидаги фикрларда яққол ифодасини топган: «Биринчидан, Қуръонга мурожаат қиламан. Керакли хукмни ундан тополмасам, Пайғамбар Сунналарига ва ул зотдан ишонарли ровийлар орқали ривоят қилинган сахих асарларга (хадисларга) мурожаат этаман. Улардан ҳам тополмасам, сахобалар сўзларини назардан ўтказиб истаганимни оламан, истамаганимни тарк этаман. Сўнгра сахобалар сўзларидан бошқаларнинг сўзларига ўтаман. Иброхим Нахаъий, Шаъбий, Хасан Басрий ва ибн Сийрин каби мужтахидларга келганда, мен ҳам улар каби ижтиход қиламан».

Ривоятчилардан Сахл ибн Музохим: «Абу Ханифа р.а. ҳар доим энг ишончли ривоятларга таянган, одамларнинг ўзаро муносабатларини тўғри йўлга қўйишга уринган. У қиёсга асосланиб иш олиб борарди, қиёс ноқулай бўлганда истехсонга ўтарди, у орқали ҳам муаммо ўз ечимини топмаса, халқ орасида амалда бўлган урф-одатга мурожаат қиларди»,  деб таъкидлаган эди.

Акмалжон Қурбонов

Олтинкўл тумани

“Оқ масжид”

жоме масжиди имом-хатиби