Ақидапарастларнинг пуч ғоялари

1492

Фитна оғир жиноятдир. Ҳатто Қуръони каримда фитнананинг одам ўлдиришда а\оғирроқ экани баён қилинган:
أَكْبَرُ مِنَ الْقَتْلِ
Яъни: “Фитна ўлдиришдан каттароқдир”. (Бақара. 217)
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам огоҳлантирганлар:
“Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”. (Муслим ва бошқалар ривоят қилишган)
Ислом дини тичнлик тарафдори. Одамлар орасида фитна уруғини сочиш мумкин эмас. Айниқса, ўзи ҳам мусулмонликни даъво қила туриб жамиятдаги мусулмонларнинг орасида ихтилоф солиб, мўмин инсонларни ўринсиз ҳолатда кофирга ҳукм чиқаргувчи ва натижада мўминларнинг қонларини тўккувчи ақидапарастлар бутун дунё жамоатчилигининг тинчлигига раҳна солмоқдалар. Ҳолбуки, Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, – деганлар.
Ўзларини мусулмонлардан деб ҳисоблаган тўдалар мўминнинг қонини ноҳақ тўкмоқ нечоғлик оғир эканини билмасларми? Ҳолбуки Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда баён қилган:
وَمَن يَقْتُلْ مُؤْمِناً مُّتَعَمِّداً فَجَزَآؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِداً فِيهَا وَغَضِبَ اللّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَاباً عَظِيماً
Яъни: “Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир”. (Нисо. 93)
مِنْ أَجْلِ ذَلِكَ كَتَبْنَا عَلَى بَنِي إِسْرَائِيلَ أَنَّهُ مَن قَتَلَ نَفْساً بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعاً وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعاً وَلَقَدْ جَاءتْهُمْ رُسُلُنَا بِالبَيِّنَاتِ ثُمَّ إِنَّ كَثِيراً مِّنْهُم بَعْدَ ذَلِكَ فِي الأَرْضِ لَمُسْرِفُونَ
Яъни: “Шунинг учун ҳам Бани Исроилга: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деб ёздик. Батаҳқиқ, уларга Пайғамбарларимиз баёнотлар олиб келдилар. Сўнгра, бундан кейин ҳам, улардан кўплари ер юзида исроф қилгувчилардан бўлдилар”. (Моида. 32)
Ҳозирги даврда дунё бузғунчилари динни ниқоб қилиб олиб, ақидапарастлардан фойдаланмоқдалар. Экстремистик кучлар ва мутаассиб гуруҳлар томонидан «ислом динидан сиёсий кураш учун, омманинг сиёсий онгига таъсир кўрсатиш восталарига эга бўлиш учун қурол сифатида фойдаланилади. Оқибатда охирги йигирма йилликда ислом дини ниқоби остида мақсад-маслаги бир хил бўлган ўнлаб экстремистик кайфиятдаги гуруҳлар пайдо бўлди.
Уларнинг асосий ғояси юқорида қайд этиб ўтилди, яъни динни ислоҳ қилиш, тозалаш орқали бутун дунёда ислом халифалигини барпо қилиш. Бундай оқимлар томонидан ҳеч қандай соғлом ақлга сиғмайдиган бузғунчи ақидалар ғоя қилиб олинган. Уларнинг сохта, ҳеч қандай ҳаётий ва ижтимоий асосга эга бўлмаган сафсаталари ортида мустақил давлатларнинг миллий хавфсизлигига, дунё ҳамжамиятининг тинчлик-барқарорлигига хавф солувчи таҳдидлар бор.
Муҳтарам Президентимиз бундай оқимлар фаолиятига баҳо бериб, шундай дегандилар: «Ахир, ҳаммамизга маълум: тарих ғилдирагини орқага қайтариб бўлмайди-ку! Шу нуқтаи назардан қараганда, барча мусулмон давлатларини ягона халифаликка бирлаштириш мақсади ҳам ҳеч қандай ақлга сиғмайдиган афсона, десак, асло хато бўлмайди».
Бугун кўзимизни очмасак бўлмайди. Айниқса ёшларимизни назоратсиз қолдирмаслигимиз, балки соф исломий ақдалар ҳақида тушунча бериб боришлигимиз лозим. Шунда динимиз олдида, Ватанимиз олдида ўз вазфмизни адо қилган бўламиз

Нурматов Нурмуҳаммад. Марҳамат туманидаги “Сунна” жоме масжиди имом хатиби
(Ватанпарвар.Уз сайти мақоласидан фойдаланилди)