Одатда биз Рамазонни интизор бўлиб кутганимиз, соғинганимиз ҳақида кўп гапирамиз-ку, бироқ Рамазон ойи ҳам бизни соғиниши ҳақида ҳеч ўйламаганмиз.
Аслида Рамазон сиз ва биз соғинганимиздан кўра кўпроқ бизни соғинади. Қандай қилиб дейсизми?
Рамазон бизни соғинганидан ҳар йили бизга тобора яқинлашиб, ўтган йилдагидан кўра эртароқ келади-ку. Бу Рамазоннинг бизни соғиниши эмас-ми ахир?
Рамазон ойи келиши билан ҳаётимизга барака кириб келади. Бу ойда қилинган кичик амал учун улкан савобларга эришилади. Мана шу баракалардан бири Саҳарлик вақти.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарликда барака борлигини ифода этганлар ва саҳарликни мусулмонлар ҳамда аҳли китоб рўзалари орасидаги энг катта фарқлардан бири эканини таъкидлаганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳарлик билан боғлиқ сўз ва амалларидан келиб чиқиб, уламолар саҳарлик учун уйғониш ҳамда саҳарликни кечиктирмаслик суннат эканини айтганлар.
Уламолар саҳарлик қилиш рўзадорга тоқат қувватини беришини, моддий ва маънавий баракотларга васила бўлишини таъкидлайдилар. Чунки банда саҳарликка туриш билан, саҳар вақтини уйғоқликда ўтказади ва бу пайтда дуо ҳамда истиғфор билан, жаннат аҳлининг хусусиятларига эришади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда: “Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам”, дейди», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганимда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда: “Албатта, саҳарлик баракадир”, дедилар” (Имом Насоий ривояти).
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш – баракадир, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барака жамоат ва саҳарликдадир”, дедилар (Имом Табароний ривояти)
Саҳарлик вақтида хурмо истеъмол қилиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларидан ҳисобланади.
Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик, деганлар (Абу Довуд ривояти)
Аллоҳ таоло Ўз каломи Қурьони каримда бундай марҳамат қилади: Айтинг (эй, Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» (Оли Имрон, 31).
Аллоҳ таоло барчамизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳарлик қилиш бўйича барча суннатларига амал қилишимизни насиб этсин.
Юртимизда кеча-ю кундуз баралла ўқилаётган Каломинг ҳаққи ҳурмати Ўзингдан сўраймиз, юртимизни тинч, осмонимизни доимо мусаффо қилгин, дунёни ташвишга солиб туган ҳар-хил бало офатлар, синовлар ва энг асосийси бошимиздаги бу касалликни бутун иннсоният устидан тезроқ кўтар. Бу ҳолатдан барчалариимз ибрат олиб чиқишимизни насиб қил.
Халқ ғамида бўлган Юртбошимиз ва барча диний ва дунёвий раҳбарларимизни қилиаётган хайрли ишларида доимо Ўзинг ёрдамчи бўл.
Мухаммадкуддус Абдуҳалимов
Хўжаобод туман
“Етти чинор”
жоме масжиди имом-ноиби