Инсонни камолот сари етакловчи миллий ва диний қадриятларимиздан бири Рамазон ойи билан боғлиқ маросимлардир. Бу ойда тутиладиган рўза амали инсонда ўз нафсини бошқара олиш, сабр-қаноатли бўлиш, мақсад сари собитқадамлик билан интилиш каби фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилади. Бу фазилатларни касб этган инсон эса ҳаётда дуч келадиган ҳар қаедай тўсиқларни осонлик билан енгиб ўта олади. Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, унинг қалбини турли ғуборлардан тозалайди. Аллоҳ таоло Рамазон рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).Маълумки, рўзадан бошқа ҳамма амалларга риё аралашиши мумкин. Лекин рўзада эса бундай бўлмайди: тонгга яқин ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади, кундузи эса ҳамма қатори юраверади. Рўза – Аллоҳ билан банда орасида сир бўлган ибодатдир. Ҳеч кимсиз, ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, бирор нарса емайди. Ана шулар – рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир. Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таолонинг Ўзи беришга ваъда қилмоқда. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали – ўзи учун, фақат рўза – Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, деди. Рўза – сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман” десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: бири – ифтор вақтида оғзини очганда ва иккинчиси – қиёмат кунида Роббисига рўбарў бўлганда” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган). Саҳл разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, уни Раййон деб аталади. Қиёмат куни рўзадорлар ўшандан киришади, улардан бошқа бирор одам кирмайди. Шунда “Рўзадорлар қани?” дейилади. Шунда рўзадорлар кириб боришади. Уларнинг охиргиси кириб бўлиши билан эшик беркитилади. Ундан бошқа ҳеч ким кирмайди” (Имом Бухорий ривояти).
Бизнинг юртимизда ҳам Рамазон ойига ўзгача тайёргарлик кўрилиши одат тусига кирган. “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш” тўғрисида куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов томонидан Баёнот берилди . Бугунги кунда дунё бўйлаб жумладан, Ўзбекистонимизда ҳам Каронавирус пандемияси тарқалди. Бу касаллик кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида юртимизда карантин эълон қилингани муносабати билан халқимиз Рамазон ойи рўзаси, ифторликлар, таровиҳ намозларини уйларида адо қилишлари кераклиги тушунтирилди. Ифторлик савобидан умидвор бўлган саҳоватпеша инсонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини жойлардаги Хомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали моддий кўмакка мухтож оилаларга етказишлари аъло эканлиги билдирилди. Инша Аллоҳ бу синовлар ҳам ўтиб кетади. Мана шу Рамазон ойида Каронавирус балосини Парвардигор юртимиздан даф қилишини сўраб ихлос билан дуо қилмоғимиз барчамиз учун ҳам қарз ҳам фарз бўлади.
Бу муборак ойнинг шарофатидан Аллоҳ таоло Каронавирус балосини бутун дунёдан даф қилсин, юртимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга фаровонлик, дастурхонимизга тўкин-сочинлик ато айласин! Бандаларнинг гуноҳларини кечириб, яхшиликда пешқадамлар сафида қилсин!
М.Тўрақулов
Олтинкўл туман бош имом-хатиби