ЎЗАРО ИТТИФОҚЛИК

991

Қуръони карим таълимотига кўра, ҳар бир мўмин-мусулмон одам ўзининг ҳатти-ҳаракатлари учун Аллоҳ таолога Улуғ кунда ҳисоб беради. Шу боис, ушбу масъулиятни хис этиш асносида, одамлар орасида ўзаро адолатли бўлиш, ожиз ва ёрдамга мухтож кишиларга рахм-у шафқат кўрсатиш, кексаларга ғамхўрлик қилиш, ер юзида бузғунчилик қилишдан ўзгаларни қайтариш ҳар бир инсоннинг асосий вазифаларидан биридир.

Зеро, тинчлик ва хотиржамлик энг олий неъмат эканлигини мўмин-мусулмон киши чин дилдан ҳис этади, шубҳасиз.

Аллох таоло ўзининг каломида, шундай мархамат этади: «Эй, имон келтирганлар! Исломга тўлалигича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очик-ойдин душмандир» («Бақара», 208).

Ояти каримадаги Исломнинг маъноларидан бири тинчлик бўлиб, тинчликка тўлалигича киринг дейилмокда. Тинчликка тўлалигича кириш эса, Исломни татбиқ қилиш билан бўлади.

Исломда тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланиб, сўнгра ушбу неъмат оилага кўчади. Шу маънода, Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солган.

Дарвоқе, юқорида қалб тинчлигинг оилага кўчиши ҳакида сўз айтилди. Оиладаги тинчлик қўни қўшни, қариндош-уруғ орасига, кейин эса жамиятга кўчади. Ҳар бир жамият ўзаро тинчлик ва осойишталикда яшаши асосан инсон қалби ҳамда оила осудалиги орқали эришилар экан, демак бир-биримизга бўлган меҳр-оқибат ҳамда дўстона муносабатларимизнинг мустаҳкамлигига эътибор қаратишимиз айни муддао.

   Зеро, хур ва озод юртимиз халқи учун узаро иттифоқликда умргузаронлик қилиш муносибдир.

 

Андижон шаҳар

«Пистамозор» жомеъ масжиди

имом-хатиби Сулаймонов Хайрулло