Деҳқончилик ризқимиз омилидир. Барча касб-ҳунарлар ва тадбиркорлик ҳам ризққа омиллиги равшан, лекин озиқ-овқатимизнинг асосий қисми деҳқончиликсиз бўлмайди.
Деҳқон экин экиб, деҳқончилик қилиб ҳосил олар экан, иложи борича кўпроқ маҳсулот етиштириш ҳаракатида бўлади. Бу эса ҳосил қанча мўл бўлса, жамият аъзоларининг ризқи шунча мўл-кўл бўлади демакдир.
Ҳозирги коронавирус пандемияси дунё бўйлаб тарқалиб, кўплаб мамлакатларда аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш масаласи тобора оғирлашиб бораётган бир даврда бизнинг юртимизда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ато этган шундай икки улуғ неъмат борки, бу – еримиз унумдорлиги ва оқин сувлардир. Демак, бизларда эртанги кун озиқ-овқати учун шарт ва шароитлар мавжуд.
Шундай экан, бизлар айниқса пандемия дунё иқтисодиётига чангал солиб турган жорий йилда деҳқончиликка қаттиқ тиришмоғлигимиз зарур. Хусусан қишлоқ ҳудудларида на томорқада, на фермер хўжаликларида бирор қарич ерни ишловсиз қолдирмаслигимиз лозим.
Чорвачилик, паррандачилик, ишлаб чиқариш, товар алмашинуви каби соҳаларга ҳам эътибор юқори. Лекин деҳқончилик кутиб турмайди. Чунки деҳқончилик мавсумни, саноқли кунларни тақозо қилади.
Шунинг учун ҳукуматимиз томонидан деҳқончиликка доимгидан ҳам кўра кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёев бошчилигида ўтказилаётган видеоселекторларда озиқ-овқат захираси ҳақида сўз борар экан, боғдорчилик ва деҳқончилик соҳаларига алоҳида тўхталиб ўтилмоқда. Хусусан яқинда бўлиб ўтган йиғилишда шу масала муҳокама қилинди. Президентимиз деҳқончилик кунлари саноқли эканлиги ҳақида шундай деди:
“Экинларни экишга оз муддат қолди. Бу ишларни ўн кун ичида якунламасак, кейин кеч бўлади. Маблағ бўлмаса, экин ҳам бўлмайди”.
Йиғилишда таъкидланишича серқуёш юртимизда апрель ойининг иккинчи ярмида кўкат, помидор, бодринг, май ойида эса гилос ва ўрик тайёр бўлади. Экспортнинг 60-70 фоизи ушбу маҳсулотларга тўғри келади.
Мутасаддиларга мева-сабзавотлар экспорти бўйича туманлар ва хўжаликлар кесимида аниқ ҳисоб-китоб қилиб, пандемия шароитида юзага келадиган масалаларни қисқа муддатда ҳал қилиб бориш бўйича топшириқлар берилди. (president.uz)
Ҳа, деҳқончиликни хоҳлаган инсонлар учун катта имконият эшиклари очиб берилмоқда. Одамлар ғафлатда қолмасликлари учун оммавий ахборот воситалари орқали деҳқончиликка бўлган имтиёзлар тўхтовсиз етказиб борилмоқда.
Диний идора тизимида ишлаётган ходимлар ҳам халқимизни ерлардан ўз вақтида унумли фойдаланиб қолишлари ҳақида кўрсатмалар бериб бормоқда. Деҳқончилик нафақат рўзғор тебратиш, балки айнан ибодат эканлиги, касбларнинг ичида шарафлироғи экани ҳақида тушунчалар берилмоқда. Натижада халқимиз бу тарғиботларни тўғри тушуниб, эртанги кунимиз захираси, ризқимиз омили бўлмиш деҳқончилик ишларига қаттиқ бел боғламоқдалар.
Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзи лоқайд кимсаларга ҳукуматимиз томонидан қўйилаётган чора-тадбирлар айнан ўринли бўлмоқда.
Ҳа, азизлар! Деҳқончилик учун кунлар саноқли. Қуёшнинг ҳароратидан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло инъом этган ҳосилдор тупроқ ва оқин сувлардан унумли фойдаланайлик, бу биздан шукрона бўлсин. Раббимиздан эса ваъда бор:
لَئِن شَكَرْتُمْ لأَزِيدَنَّكُمْ
Яъни: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман” (Иброҳим. 7)
Илоҳим, яхшиликларни зиёда айласин!
Жамолиддин Парпиев
Асака тумани
“Муҳаммадсолеҳ ҳожи”
жоме масжиди ходими