Қуръони каримда Аллоҳ таолонинг ибодатидан кейин келадиган ибодат ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳол, ўз навбатида, Ислом динида ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади. Ота-она ҳар бир инсон учун жуда мўътабар, эъзозли кишилардир.
Ислом дини ота-она ким бўлишидан қатъий назар, уларни хурмат-эҳтиром қилишга буюради. Динимизда ота-онага яхшилик қилиш билан бирга ота-онага ёмонлик қилмаслик, яъни, уларга оқ бўлмаслик ҳам қаттиқ тайинланади.
Бундай таълимотга ҳеч бир дин ёки фалсафада бизнинг динимизчалик эътибор қаратилмаган. Ота-онага яхшилик қилиш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Оталарингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз сизларга ҳам яхшилик қилишади.”
Демак, инсон ота-онасига яхшилик қилса, фарзандидан яхшилик, ёмонлик қилса, фарзандидан унга ҳам ёмонлик қайтар экан. Бу борада доно халқимизда гўзал нақл ҳам бор-ки, “Ҳар ким экканини ўради” дейилади. Киши ота-онасига қандай муомала қилса, ўша иш фарзандидан ўзига худди шундай қайтиши муқаррар.
Бир ўғлининг қарамоғида қолган кекса отаси бор эди. Ўғил кўзлари хиралашган, овқат еяётганида қўллари қалтирайдиган қари отасининг иззат ва ҳурматини бажо келтирмас эди. Бир куни бечора отасининг қўллари қалтираб, ош сузиб берилган чинни косани тушириб, синдириб қўйди. Буни кўрган келини аччиқ гап айтиб отанинг кўнглини синдирди. Ўғил эса отасини ҳовли этагидаги зах хонага кўчирди. Келин энди қайнотасига эски ёғоч косада таом берадиган бўлди. Бундан кўнгли озор топган қария вафот этиб кетган кампирини эслаб, зор-зор йиғларди. Унинг ёлғиз юпанчи ва суянчиғи – беш ёшли набираси эди. Бола бобосининг ёнига келиб ўтирарди, беғубор сўзлари, ёқимли қилиқлари билан бобосининг кўнглини овлаб, унинг ғам ва аламларини бир оз бўлса-да енгиллатарди.
Шу зайлда бир неча кунлар ўтди. Кунлардан бир кун бола қўлига пичоқ олиб бир ёғочни йўниб ўтирганида отаси ишдан келиб: “Ўғлим, нима қилаяпсан?” – деб сўради.
Бола ишидан бош кўтармаган ҳолда жавоб берди: “Дадажон, ойим эски ёғоч косада бобомга овқат берадилар. Мен ҳам ёғоч коса ясаяпман, катта бўлганимда ойим билан сизга шу косада овқат бераман.” Бу-ку бир ҳикоя аслида, лекин, ҳаётда ота-онасига хизмат қилиб, розилигини олиб дунёда саодатга эришганларни ҳам, аксинча, уларга беҳурматлик қилиб, дилини оғритиб, дийдорига зор қилаётганларни, кексалар уйига ташлаб кетаётганларни, ёхуд ўз уйида қаровсиз қолдириб норози қилганларни шу дунёнинг ўзида ота-онасига қилганларини фарзандидан қайтганини кўрганлар бор. Аллоҳ барчаларимизни ота-оналаримизни рози-ризолигини олиб дунё ва охиратда саодатга эришмоқлигимизни насиб этсин.
Хўжаобод туман
бош имом-хатиби
Қосимов Махсудали