Бугунги кун ғаниматдир

976

Бугунги кунда дунё маамлакатларининг диққат маркази пандемияга оид масалалар бўлиб турибди. Энг аввал қандай қилиб пандемияга қарши курашиб, инсонларнинг саломатлгини сақлаш масаласи бўлса, ундан кейинга асосий ташвиш эртанги кун иқтисодиёти бўлиб қолмоқда. Бу масала шунчалик юқори паллага чиқдики, нафақат иқтисодчи мутахассислар, балки ҳар қандай оқил инсон бу соҳага бефарқ қарай олмаяпти.

Ҳозирча шунчадан бери жамғарилган озиқ-овқат захираси ҳаётимиз бир текисда маромда давом этишини таъминлаётган бўлса-да, пандемия шароитидаги карантин ҳолати кўплаб корхоналарнинг иш фаолиятига зарба бераётгани мутахассислар томонидан эътироф этилаётгани ҳам сир эмас.

Юртимизда бу борада тинимсиз чора-тадбирлар ишлаб чиқарилиб, халқимиз бу борада оммавий ҳамжиҳатликка чорланмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, озиқ-овқатга алоқадор бўлган ишлаб чиқариш, бизнес ва унинг асосий манбаси бўлган деҳқончилик каби касбу-ҳунарлар бугунги кунда биз учун нафақат рўзғор тебратиш, балки бутун жамият олдида, эртанги кун олдида ҳар биримизнинг масъулиятимиз ва бурчимиз ҳамдир.

Муҳтарам Президентимиз бошчилигида қатор видеоселекторлар бўлиб ўтяпти. Барча йиғилишлардаги асосий мавзу халқимизнинг соғлиги ва иқтисодиёти, пандемия шароитида соғлигимизни ва иқтисодиётимизни ўз мавқеида ушлаб қолиш бўлмоқда.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Бу тўғрида president.uz сайтида берилган манбага кўра: “Бу йил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси вакиллари учун катта синов ва кенг имкониятлар йили бўлади. Пандемия ва карантин қанча вақт давом этишидан қатъи назар, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи камаймайди. Шу боис мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини икки баробарга ошириш вазифаси қўйилмоқда.

Йиғилишда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та туман, 86 та кластер ва 125 та кооператив бу борада етакчи бўлиши кераклиги таъкидланди. Боғ ва токзорларда қатор оралари, такрорий майдонларнинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиб, 2-3 марта ҳосил олишни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди”.

Бу борада халқимизга кўплаб имтиёзлар жорий этилди. Кимки пешона тери тўкиб меҳнат қиламан деса, марҳамат унинг учун жуда кенг имкониятлар берилмоқда. Имкониятдан ўз вақтида самарали фойдаланиб қолиш лозим. Бу эса бир томндан ўз оиламиз учун эртанги кунимиз фаровонлигининг омили бўлса, иккинчи томондан бутун жамият олдида жонбозлик ҳамдир.

Маълумки, деҳқончилик мавсумий иш. Ҳозир вақт бор, барча имкониятлар мавжуд. Карантин даври уйда, далада астойдил меҳнат қилиш палласидир. Бу имкониятни ғанимат билишмиз лозим. Акс ҳолда эртага кеч бўлади. Халқимиз айтганидек, аттанг ойи кирмасдан отни қамчилаб қолиш керак.

Шаҳобиддин Парпиев

Асака туман бош имом хатиби