Еримиз унумдорлиги катта неъмат

514

Динимиз воқелик динидир. Шариатимиз ҳукмлари дунё ва охиратнинг бахту-саодатини ўз ичига олган. Жумладан, ҳалол меҳнат қилиб оила аҳлларини нафақа билан таъминлашга тарғиб этилдаи. Шунга биноан, ҳар бир мусулмон киши ўзи учун муносиб касб танлаши ва шу касби орқали ризқини истамоқлиги лозим.

Саҳобалардан бири Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:

  • Эй Аллоҳнинг расули! Касбларнинг энг ҳалолроғи қайсидир?
  • “Киши ўз қўл меҳнати билан қилган амали ва ҳалол савдодир”, дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам. (Имом Аҳмад ривояти).

Қўл меҳнатлари орасида шарафлироғи деҳқончиликдир.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

من خير أعمالكم الحرث والغنم، وهو من عمل الأنبياء، وصاحب الحرث يؤجر في كل ما أصيب منه بعمله

“Касбларингизнинг энг яхшиси ер ҳайдаш ва қўй боқишдир. У пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади”.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларга Қуръон карим оятларида экин ва зироатлар ҳақида бир қанча сураларда эслатма беради.

أَفَرَأَيْتُمْ مَا تَحْرُثُونَ (63) أَأَنْتُمْ تَزْرَعُونَهُ أَمْ نَحْنُ الزَّارِعُونَ (64) لَوْ نَشَاءُ لَجَعَلْنَاهُ حُطَامًا فَظَلْتُمْ تَفَكَّهُونَ (65) إِنَّا لَمُغْرَمُونَ (66) بَلْ نَحْنُ مَحْرُومُونَ (67)

Яъни: “Ўзингиз экаётган нарсани кўрдингизми? Уни сиз ундирасизми ёки Биз ундирувчимизми? Агар хоҳласак, Биз уни қуруқ чўпга айлантириб қўямиз. Сизлар эса надоматда ажабланиб: «Албатта, биз зиён кўрганлармиз. Балки маҳрум бўлганлармиз», (дейсиз)”. (Воқеа. 63 – 67)

Саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ерлари бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб:

– Эй, Хузайма! Мана бу ерингизга кўчат экиб қўйинг дедилар.

– Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам оз қолди деди, – Ҳузайма.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:

  • Йўқ, ундай қилманг, бўш турган бу ерингизга, албатта, кўчат экинг, – деб, ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар.

Бутун дунёда коронавирус пандемияси тарқалиб, инсонларга катта ташвишлар келди. Энг аввалги ташвиш инсонларнинг соғлигига етаётган зарар хавфи бўлса ҳам, озиқ-овқат ва иқтисодиёт бўйича кўрилаётган зарарлар ҳам аҳамиятдан ҳоли эмас. Чунки барча мамлакатларда пандемия сабабидан карантин жорий қилинганлигида кўплаб корхоналар вақтинча фаолиятини тўхтатиб турганлиги ҳам сир эмас. Бу ҳақда жаҳон иқтисодиётчилари қатор маъдумотларни эълон қилмоқдалар.

Бизнинг юртимизда эса бу борада кенг имконият мавжуд. Хусусан ерларимиз деҳқончиликка ихтисослашганлиги халқимизда озиқ-овқат муаммосини ҳал қилиш учун энг қулай чоралар пайдо қилади. Кундай равшанки, озиқ-овқат муаммоси ҳал бўлса, бошқаси аста-секин, вақтлар давомида ўз йўлига тушиб кетиши мумин.

Халқимизнинг иқтисодий ҳолати юзасидан муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида бир қанча йиғилиш ва тадбирлар ўтказилиб бораётгани ҳам айнан халқимизга бўлган ғамхўрликдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Манбага кўра Пандемия шароитида тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 700 миллион доллар жалб қилиш кўзда тутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу маблағларни, биринчи навбатда, мева-сабзавотчилик, озиқ-овқат саноати ва экспортни рағбатлантиришга йўналтириш зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда озиқ-овқат муаммосини ҳал қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Шундай экан бу имкониятдан ўз вақтида самарали фойдаланиш бу бизнинг шунчаки тирикчилигимиз ва рўзғор тебратишимиз эмас, балки эртанги кун олдидаги, халқ олдидаги улкан масъулиятмиз ҳамдир.

Муҳаммадийхон Ҳожиев

Асака туман

“Мирзахолиқ ота” 

жоме масжиди имом-хатиби