Жаноза намози фарзи кифоядир

1247

 

Жаноза намози фарзи кифоядир. Маййит атрофидаги халқдан бир қисми ўқиши билан бошқалардан фарз соқит бўлади. Уламоларимиз жаноза намози фарзи кифоя эканлигига бир қанча ҳужжатлар келтиришган. Шулардан бири Имрон ибн Ҳусайн (р.а)дан Имом Термизий ривоят қилган ҳадисдир. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам, “Албатта биродарларингиз Нажоший вафот этди, туриб жанозасини ўқинглар” дея марҳамат қилганлар.

Имом Нававий (р.а.) “Шарҳи Муслим”да: “Ижмои уммат билан фарз бўлган”, дейдилар. Бошқа уламоларимиз ҳам буни таъкидлаганлар. “Ниҳоя” китобида жаноза намозини ўқиш учун жамоат шарт қилинмаганлиги, бир киши адо этиши билан раво бўлиши айтилган.

Ҳукми: Жаноза намози фарзи кифоя бўлиб, ҳанафий мазҳаби бўйича дуо ҳисобланади.

Рукнлари иккита:

  1. Тўртта такбир (ҳар бир такбир бир ракат ўрнига ўтади);

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги ўқиган жанозалари тўрт такбир ила бўлганига саҳобийлар иттифоқ қилганлар.

  1. Тик туриш (узрсиз ўтириб ёки улов миниб намоз ўқиш жоиз эмас)

Жанозани қуйида келтириладиган вақтлардан бошқа вақтда ўқиш жоиз.

Уч вақтда ўқиш макруҳ ҳисобланади:

  • Қуёш чиқаётганда;
  • Куннинг ярми – қуёш тиккага келган чоғда;
  • Қуёш ботаётганда;

Жаноза намозининг бошқа намозлардан фарқли олти шарти бор.

  1. Майитнинг мусулмон бўлиши.

2.Маййитнинг ва у қўйилган жойни тоза бўлиши, маййит жамоат олдига қўйилганда худди имом кабидир, ҳам ўзи, ҳам ўрни тоза бўлиши керак.

  1. Маййитнинг жамоат олдида бўлиши.
  2. Жасадни бус-бутун ҳолда ёки кўп қисми, ёки боши билан танасининг ярми мавжуд бўлиши.
  3. Жаноза ўқувчининг, агар узрли бўлмаса ўтирган ва бирор уловга минган бўлмаслиги.
  4. Жанозанинг ерга қўйилиши.

Фарз икки турдан иборат: 1. Фарзи айн       2. Фарзи кифоя.

  1. Фарзи айн балоғат ёшига етган ҳар бир ақлли киши шахсан ўзи бажариши шарт бўлган амалдир. Бу масъулият жамиятдаги муайян бир гуруҳ одамлар бажариши билан бошқалар зиммасидан соқит бўлмайди. Бунга беш вақт намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш каби амаллар киради.
  2. Фарзи кифоя маълум жамиятда баъзи кишилар бажариши натижасида бошқалар зиммасидан соқит бўладиган амалдир. Бунга жаноза намози ўқишни мисол келтириш мумкин. Фарзи кифояни ўша жамиятда бирор киши ҳам адо этмаса, ҳамма гуноҳкор бўлади.

Жанозага қатнашувчилар кам бўлганда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида ҳанафий Аллома МуҳаммадАмин ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва васаллам: “Кимнинг жанозасини уч саф мусулмонлар ўқиса, унинг гуноҳлари кечирилади”, – деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом ал-Ҳоким ривоятлари).

 Шунинг учун ҳам “Муҳит” китобида айтилади: “Жанозада уч саф қилиш мустаҳабдир. Агар жаноза ўқийдиганлар етти киши бўлса, бири олдинга чиқиб имом бўлади, орқасидан уч киши туради, кейинги қаторда икки киши, охирги қаторда бир киши туради”.” (“Раддул Муҳтор” китоби).

Демак, бугунги кунда жанозаларга карантин сабабли, заруратдан келиб чиқиб катта жамоат йиғилмаётган бўлсада, мўмин-мусулмонлар тушкунликка тушмасдан, имкон қадар ўз бурчларини бажаришлари ва Аллоҳ таолонинг кенг раҳматидан умидвор бўлишлари айни муддаодир. Чунки Аллоҳ таоло ундан умид қилганларни ноумид қилмайди. Аллоҳ таоло ўтганларимизни раҳматига олсин!

Олтинкўл туман бош имом-хатиби:      М.Тўрақулов