Кўчат ўтказганга бериладиган ажр савоблар

629

Пайғамбаримиз с.а.в. айтадилар: “ Қайси бир мусулмон киши бирор кўчат экса ёки бирор уруғ экса, кейин ундан қуш ёки инсон ёки бирор ҳайвон еса эккан одамга садақа ёзилади”. Бу ҳадис шарифдан кўчат ёки экиндан фойда келиб турса, ўша  инсон вафот этиб кетган бўлса ҳам унга қиёматгача савоб бориб туриши билдирилмоқда.

Мана шу ерда эл орасида жуда машҳур бўлган ҳикояни яна бир бора ёдингизга соламиз: Боязит Бастомий мулозимлари билан сайрга чиқиб , бир қишлоқдан ўтиб борар экан , боғида мева ниҳолларини экиб юрган соч-соқоли оппоқ, бели букилган чолни кўрди. Подшоҳ чолга яқинлашиб : Ҳорманг ота, нима қиляпсиз, ерни нега чопмоқдасиз?-деди. Нуроний чол саломдан кейин , табассум билан : саломат бўл, ўғлим, мевали дарахт ниҳолларини  экмоқдаман –деди.  Подшоҳ: -Ота, буларни мевасини ейиш сизга насиб этармикин?-деб сўради.  Нуроний чол : -Йўқ, умрим етмайди-деди.   Подшоҳ: -У ҳолда нега ўзингизни бунчалик қийнаяпсиз, ўзингиз мевасини тотиб кўрмаслигингизни билиб туриб дарахт экяпсиз?-деди.  Чол бу сўзлардан ва қиёфасидан подшоҳни таниб, бундай жавоб берди: Подшоҳим! Биздан олдингилар экди ,  биз едик. Энди биз экамиз , биздан кейингилар есин. Чолнинг жавоби подшоҳга ёқди ва чолга бир ҳамён олтин берди. Подшоҳим бизнинг дарахтлар ниҳоллигидаёқ мевасини берди -деди. Бу гўзал жавоб подшоҳга ҳам хуш ёқди ва яна бир ҳамён олтин берди. Чол: -Аллоҳга хамду санолар бўлсинки , ҳамма дарахтлар бир йилда бир марта мева берадилар, бизнинг дарахтимиз бир йилда икки марта мева берди-деди. Подшоҳ чолга яна бир ҳамён олтин отди-да , ёнидагиларга , тезроқ бу ердан кетайлик, бу чол бор пулимизни олиб қўяди, деб отини йўлга бурди.

Азиз ҳамюртлар: Аллоҳ яхши ният билан меҳнат қилганларга шундай мукофотлар беради. Бу хикоядан ибрат дарсини олайлик. Доимо яхшилик учун меҳнат қилайлик.Ҳозирги  Карантин  кунларида уйларимиздаги ерларимизга ишлов бериб ҳар бир жойлардан унумли фойдаланайлик!

Акмалжон Қурбонов

Олтинкўл туман

“Оқ масжид”

жоме масжиди имом-хатиби