МЎМИННИНГ СЎЗИ ШИРИН

607

Ақидамизнинг асоси имондир. Имон соҳибини эса мўмин дейилади. Мўмин қандай бўлади, дейилса, унинг сифатини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мўмин, ундан(ўзга) инсонлар омонда бўлган кишидир”, дея марҳамат қилинган ҳадисларида кўришимиз мумкин.

Ҳақиқий мўмин ҳуда-беҳудага бирон-бир инсонни айбламайди, сўкмайди, озор етказмайди. Айниқса, инсонларни куфрда айблаш, уларга лаънат айтиш бу мўмини комилга хос иш эмас.

Бу иш шу даражада нозикки, уламолар ҳатто мусулмонларни бир қанчасини ҳаётига зомин бўлган, золим деган лақабни олган Ҳажжожни лаънатлашни дуруст эмас, дейдилар. Ёки, Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуни жонларига қасд қилган Язид ибн Муовияга ҳам лаънат айтишдан қайтарганлар. Ҳатто, мана Шайтонни олайлик. Иблисни лаъин дейиш дуруст. Чунки лаънат тамғасини Аллоҳнинг Ўзи қўйган. У Каломи шарифда: “Ва, албатта, сенга жазо кунигача Менинг лаънатим бўлгай”, деган (Сод сураси, 78 ояти).

Аммо, агар биз шу иблисни лаънатламасак, гарчи лаънатга сазовор бўлса-да, Аллоҳ қиёмат кунида нима учун унга лаънат айтмадинг, деб сўрамайди. Инсонни лаънатлаш ёки куфрда айблаш учун асос керак. Уламолар айтадилар, лаънат ҳам куфр ҳам осмонда муаллақ қолиб кетадиган нарса эмас. Кимнинг оғзидан бирон кимсага қаратилган шу лафз чиқса, муаллақ қолиб кетмайди, албатта лойиқ одамга ёпишади. Сиз лаънат айтган одам шунга лойиқ бўлса, ёпишади. Аксинча бўлса, қайтиб ўзингизга тамға бўлади. Куфр ҳам шундай.

Шунинг учун бунга жуда хушёр бўлиш керак. Ушбуларга олиб борадиган сўзлар, ҳаракатлардан тийилишимиз лозим. Шундагина биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, мўмин дея эътироф қилган мақомга муносиб бўламиз.

Отабек Хусанов

Олтинкўл туман

“Жалабек ота”

жоме масжиди имом-хатиби