Янги иш бошлаган хизматкорига хўжайини иш буюрди: “Мана бу менинг боғим, уни хоналарга бўлганман. Ҳар бир хонага кириб, мева узиб манави саватга тўлдириб келасан. Шунга яраша ҳақингни оласан”. Хизматкор: “Шу холосми? Ахир бу осон-ку!” деб ўйлади. Боғ эгаси буни сезгандек: “Шартим бор: бир хонага киргандан кейин олдингисига қайтиш йўқ!” деб уқтирди.
Йигит буйруқни бажаргани кетди. Боғнинг биринчи хонасига кирди, мевалар ғарқ пишиб тўкилиб ётарди. Нимагадир унга булар ёқмади ва бошқа хонага кирди. Қараса, олдингисидан чиройли, кўримли мевалар бор экан. “Демак, кейингиси бундан ҳам зўр бўлади”, деган ишонч билан бошқасига кирди. Дарҳақиқат, бу ердаги мевалар аввалгилардан ҳам ажойиб ва хуштаъмроқ эди. Йигит “ана узаман, мана узаман”, деб хонама-хона маҳлиё бўлиб юраверди. Бўм-бўш хонага кирганидагина охиргисига етганини билиб қолди. Афсусланди, пушмон чекди, бироқ орқага қайтолмас, саватида эса бирортаям мева йўқ эди…
Ҳикояда айтилган боғ – биз яшаб турган дунё. Қайта киришнинг иложи бўлмаган хоналар – кунларимиз; мевалар эса хайрли ишлардир. Умр – Аллоҳ таоло бизга берган улуғ неъмат, имкон. Эртага пушаймон бўлмаслик учун Эгамиз – Аллоҳ таоло буюрган амалларни ўз вақтида бажариб, қайтариқларидан тийилсак, ваъдамизни бажарган бўламиз.
Ҳаёт абадий эмас, бир куни умр ниҳоясига етади. Шундай экан ҳар бир кунимиздан унумли фойдаланайик. Мева савати – умр дафтаримизни яхши, савобли ишлар билан тўлдирайлик.
Мақсудали Қосимов,
Хўжаобод тумани “Еттичинор” жоме масжиди имом-хатиби
Мақола ушбу сайтдан олинди:
http://irfon.uz/2015-yil-3-son/1538-bogdan-bosh-chiqmaylik.html