Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, баҳор фаслига ҳам етиб келдик.Бу фасл яшариш, яшнатиш, боғ яратиш, экин экиш фаслидир.Юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил. Бу ҳам Аллоҳ таоло бизларга кўплаб яхшиликларни ато этишни ҳоҳлаганининг аломатидир.
Бу борада Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга)
ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” (Анъом сураси, 141-оят).
Экин экиш савобли иш. Мўмин яхши ният билан кўчат экса улуғ ажр-савобга эга бўлади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси мусулмон экин экса, ундан ейилса унга садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақадир. Йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақадир. Қушлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, унинг учун садақа бўлади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти). Ҳадисдан кўчат экиш, деҳқончилик қилиш нечоғлик улуғ ва фазилатли касб экани маълум бўлади. Кўчат экмоқчи бўлган киши нафақат ўзини, балки ён-атрофдагилар, келажак авлодларни ҳам манфаатини ўйлаши керак. Бу амалнинг деҳқонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаати етиб туради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини кўчат ўтказиш ва экин экишга тарғиб қилганлар. Анас ибн Молик розияллоҳи анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Аллоҳ таоло зироат ҳосилини инсонларга ризқ қилиб берган экан, инсон ўз ризқига бефарқ муносабатда бўлиши мумкин эмас. Деҳқончилик соҳасида кузда олинадиган ҳосиллар ёки кейинги йиллардаги ризқ-рўзлар баҳорда қилинган меҳнатга ҳар томонлама боғлиқдир.
Бугун кунда томорқадан унумли фойдаланиб ундан келаётган даромад ҳам оила бюджетининг салмоқли қисмини ташкил қилаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Чунки кўплаб хонадонларда мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш билан чегараланиб қолмасдан, етиштирилган маҳсулотнинг ортиқча қисмини сотиш асосида қўшимча даромад олишга эришилмоқда.
Лекин айрим фуқароларимизнинг дангасалигими ёки лоқайдлиги сабабиданми ўзларига тегишли томорқаларидан унумли фойдаланмасдан қаровсиз қолдирмоқдалар. Бундай кишиларга нисбатан турли хил моддий жарима ва жазоларнинг қўлланиши ҳам адолатдандир. Аллоҳ таоло деҳқонларимизнинг ҳосилларига барака берсин. Юртимиз тинч ва обод бўлсин.
Отабек Ёрқулов
Бўстон туман
“Акбарали қори ота” масжиди имом хатиби