Деҳқончиликнинг фазилати

1139

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам деҳқончиликнинг фазилати ҳақида алоҳида тўхталиб ўтганлар. Жумладан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Мусулмон киши кўчат экса, кейин бирор қуш, инсон ёки ҳайвон ундан еса, бунинг учун эккан кишига садақа қилганнинг савоби ёзилади” (Имом Муслим ривояти).
Демак, кўчат ўтқазган ва экин эккан кишининг меҳнати ҳеч қачон зое кетмайди. Ундан еган барча жонзотлар орқали соҳибига садақа савоби ёзилиб туради.
Қуръони каримда барча мавжудотлар қатори набототлар ҳам Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиши ҳақида баён қилинган: “Етти осмон, ер ва улардаги бор жонзот Унга тасбеҳ айтур. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд билан Унга тасбеҳ айтур. Лекин сизлар уларнинг тасбеҳларини англамайсиз. Дарҳақиқат, У ҳалим ва кечиримли зотдир” (Исро сураси 44-ояти).
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам икки қабр устига ҳурмо дарахтининг шоҳини суқиб, унинг айтаётган тасбеҳи туфайли қабр аҳлининг азоби енгиллатилишидан хабар берганлар. Ана шу ҳадисга кўра, дарахтлар ва ўсимликларнинг тасбеҳлари уни эккан ёки парвариш қилган кишиларнинг номаи аъмолига ёзилиши ҳақида уламои киромлар ҳам айтиб ўтганлар.
Ҳикояда келишича, икки киши ўн йил бирга илм таҳсил қилишди. Улардан бири халққа аралашиб, илмини уларга ўргатди ва боғ – роғлар барпо қилди. Иккинчиси эса тарки дунё қилиб ғорга кириб, ибодатга машғул бўлди. Натижада ҳаттоки, қушлар тилини тушунадиган улуғ даражага етди. Бир куни ғордан чиқиб, тоғ остидаги жилғада таҳорат қилиб ўтириб, ёнидаги дарахтдаги икки қушни суҳбатига қулоқ солди. Қушлардан бири иккинчисига бугун фалончи олим вафот этди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин. У киши боғ – роғлар яратган эди. Паррандаю – даррандалар борки, у боғни меваларидан истеъмол қилганларида, у кишини ҳақларига дуо қиладилар деди. Ҳалиги киши билдики, вафот этган киши бирга илм олган дўсти экан. Шунда ўзига ўзи дўстим тўғри йўл танлаган экан, деб дўстига ҳавас қилиб, дўстининг ҳаққига дуолар қилди.
Аллоҳ таоло зироат ҳосилини инсонларга ризқ қилиб берган экан, инсон ўз ризқига бефарқ муносабатда бўлиши мумкин эмас. Деҳқончилик соҳасида кузда олинадиган ҳосиллар ёки кейинги йиллардаги ризқ-рўзлар баҳорда қилинган меҳнатга ҳар томонлама боғлиқдир.
Деҳқончилик шарафли ва энг қадимий касбдир. Башариятни отаси отамиз Одам алайҳис салом деҳқончилик билан шуғулланганликлари ҳақида хабарлар бор.
Азизлар деҳқончилик шу даражада шарафли, фазилатли касб экан. Ҳозир баҳор кунлари айни экин экиш, деҳқончилик қилиш мавсумидир. Айниқса, ҳозирги карантин кунларидан фойдаланиб, томорқаларимизга оиламизнинг эҳтиёжига зарур бўлган резавор экинларни, қараганда кўзни қувонтирадиган манзарали гулларни экишимиз, бир гап билан айтганда, хонадонимиз ва атроф муҳитни гўзал ва обод қилишимиз ва бу кунлардан унумли фойдаланишимиз зарур. Зеро, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Бўшлигингизни, бир нарса билан билан шуғулланмасдан аввал ғанимат билинг” – деганлар.

О.Каримов

“Муҳаммад Розиқбой”

масжиди имоми