Аллоҳ таолонинг бандаларига берган неъматлари беҳисобдир. Аллоҳ таоло мўминларни бу дунёни ўзида ҳам энг улуғ неъматлардан бўлган ислом неъмати ҳамда Қуръони карим билан мукаррам қилди. Охиратда эса, жаннатдаги энг улуғ неъматини беришга ваъда қилди. У ҳам бўлса мўминлар жаннатда Аллоҳ таолонинг жамолига мушарраф бўлишидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Қиёмат сурасида шундай марҳамат қилади:
وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَّاضِرَةٌ
У Кунда яшнар юзлар бор…
إِلَى رَبِّهَا نَاظِرَةٌ
Роббига назар солувчилар. (Қиёмат сураси, 22-23-оятлар).
яъни, мўминларнинг юзлари Роббисига назар солганлиги сабабли хурсанд, гўзал ва ёрқин бўлади. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Роббисига назар солади Унинг нури сабабли юзи гўзал бўлади”, деганлар.
Яна Аллоҳ таоло Ўз каломида марҳамат қилади: “
لَهُم مَّا يَشَاءُونَ فِيهَا وَلَدَيْنَا مَزِيدٌ
Улар учун унда нима хоҳласалар, бор. Ва ҳузуримизда зиёдаси бор. (Қоф сураси, 35-оят).
Яъни, бу ояти каримадаги зиёдани – Аллоҳнинг юзига назар солишдир, деб Ҳазрати Али ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумолар тафсир қилганлар.
Бошқа бир ояти каримада эса:
لِّلَّذِينَ أَحْسَنُوا الْحُسْنَى وَزِيَادَةٌ
Яхшилик қилганлар учун яхшилик ва зиёдалик бордир. (Юнус сураси, 26-оят) деб, марҳамат қилади.
Яъни, бу ояти каримадаги яхшилик – жаннат, зиёда эса Аллоҳ таолонинг жамолига назар солишдир. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Имом Муслим саҳиҳларида Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда тафсир қилиб берганлар. “Жаннат аҳли жаннатга киргач, Аллоҳ таборака ва таоло: “Сизларга яна бир нарсани зиёда қилишимни хоҳлайсизларми?” деб сўрайди. Улар: “Юзимизни ёруғ қилмадингми? Жаннатга киргизмадингми? Бизга дўзахдан нажот бермадингми?” дейишади. Шунда парда очилади, бас, уларга Парвардигорлари азза ва жаллани кўришдан ҳам суюклироқ бирор нарса берилмайди”.
Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳимолар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бошқа бир ҳадиси шарифни ривоят қиладилар: “Одамлар: Эй Аллоҳнинг Расули қиёмат кунида биз Роббимизни кўрамизми?, деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар ўн тўрт кунлик ойни кўришга қийналасизларми?, дедилар. Улар: Йўқ, Эй Аллоҳнинг Расули, дейишди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: Сизлар булут бўлмаган вақтда қуёшни кўришга қийналасизларми?, дедилар. Улар: Йўқ, Эй Аллоҳнинг Расули, дейишди. Шунда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: Сизлар Аллоҳ таолони мана шундоқ кўрасизлар, дедилар”.
Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифлар аввалда ўтган мўътазила фирқасининг эътиқоди бўлган яъни, Аллоҳни кўриш имконсиздир, деган сўзларига раддиядир.
Дарҳақиқат, жаннатда мўминлар Аллоҳ таолони кўриши ҳақидаги ҳадисларни ўттизга яқин саҳобалар ривоят қилганлар. Шундай экан, кимки охиратда бандалар Аллоҳ таолони кўра олмайди, деб даъво қиладиган бўлса батаҳқиқ, Аллоҳнинг китоби ва У Зот юборган Пайғамбарига ёлғон тўқиган бўлади. Ва ўзини Қуръони каримда ваъда қилинган шиддатли азобга дучор қилган бўлади.
كَلَّا إِنَّهُمْ عَن رَّبِّهِمْ يَوْمَئِذٍ لَّمَحْجُوبُونَ
Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббларидан тўсилганлардир. (Мутоффифун сураси, 15-оят).
Аллоҳ таоло барчаларимизни бу дунёда яхши амаллар қилиб, охиратда нажот топган бандалар қаторида қилсин ҳамда Ўзининг жамолини кўриш лаззатидан баҳраманд айласин!
Авазбек Мўминов
Андижон шахар
“Чинор”
жоме масжиди имом-хатиби