УЙДА ҚОЛИНГ! ИЛМ ЎРГАНИНГ!

1083

Илм – икки дунё саодати. Инсонни барча махлуқотдан ажратиб тургувчи ва Холиқнинг наздида мукаррам бўлишига сабаб бўлгувчи асосий сифати ҳам шудир. Илм амалларнинг бошидир. Ҳар ким бир яхши иш қиламан деса, ўша ишнинг илмини билиши лозим. Зеро уламоларимиз ҳар қандай амалнинг ибодат ўлароқ қабул бўлиши учун ушбу тўрт амал шарт қилинган – илм, ният, ихлос ва сабр, деганлар.

Ҳа, ҳар қандай амал – у дунё ишими, охират ишими, шариатга мувофиқ адо қилинса ибодат даражасига кўтарилади  ва шунга яраша ажр берилади. Бунинг учун энг аввало илм, яъни шу қилаётган ишимиз шариат ҳукмларида қандай баён қилинганлигини билишимиз зарур бўлади.

Шунинг учун ҳар мўмин ва мўминага ўзи учун керакли илмларни ўрганиш фарзи айн, бошқа илмларни ўрганиш бутун жамиятга фарзи кифоя бўлди. Ушбу ҳадиснининг шарҳларида мазкурлар баён қилингандир:

Макҳул Али ибн Абу Толибдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Набий (алайҳиссолату вассалом):

“Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарз”, деганлар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам илмга кўп тарғиб қилганлар. Жумладан шундай деганлар:

Бир ҳикматли сўзни эшитиб, уни ёдлаб, кейин бир мусулмон биродарингга ўргатишинг энг яxши совғадир. Бу қилган ишинг бир йиллик ибодатга тенг”.

Илмнинг даражаси шунчалар юқорики, у ибодатдан ҳам афзалдир. Бу тўғри Ҳабибимиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай илтифот қилганлар:

“Мўминнинг xайрли бир сўзни эшитиб, уни ўрганиб, унга амал қилиши бир йил ибодат этишидан яxшироқдир”

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам икки гуруҳ кишиларни кўрдилар. Биттаси Аллоҳ таолога дуою тасбиҳ билан машғул эди, иккинчиси одамларга илм ўргатарди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Мана булар Аллоҳдан сўраяптилар, Аллоҳ уларга xоҳласа беради, xоҳламаса бермайди. Аммо иккинчи мажлисдаги кишилар одамларга илм ўргатяптилар. Мен муаллим қилиб юборилганман», дедилар.

Кўпчиликка ёд бўлиб кетган яна бир ҳадисда:

“Илмни, гарчи Чинда бўлса ҳам, талаб қилинглар”, дейилади.

Бугунги синов кунларида ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан қилинаётган саъйи-ҳаракатлар туфайли илмга юқори даражадаги эътибор қаратилмоқда. Натижада ҳар қандай ташвишли кунда ҳам илм эшиклари яна-да кенгроқ очилмоқда.

Телевидение кўрсатувлари орқали, ижтимоий тармоқлар орқали олиб борилаётган онлайн дарслар биз учун, фарзандларимиз учун катта имкониятдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтган Чиндаги илмни уйда ўтириб ўрганишга шароитлар мавжуд бўлди.

Азизлар, бугунги кунда курраи-заминга ташвиш келтирган пандемиядан сақланишнинг энг яхши чораси, бутун дунёдаги соғлиқни сақлаш ходимлари бир овоздан таъкидлашларич уйда қолиш экан:

УЙДА ҚОЛИНГ!

ИЛМ ЎРГАНИНГ!

Улуғбек Йўлдошев

Асака тумани

“Холид ибн Валид”

жоме масжиди ходими