Муносабат

589

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан ҳозирги кунда юртимизда бўлиб турган коронавирус эпидемиясидан сақланиш мақсадида фатво чиқарилди.
Ҳазрати Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам бундай юқумли касалликлар ҳақида: “Агар сизлар у (касаллик) бирор ерда тарқаганини эшитсангиз, у ерга борманг. Агар сиз яшаётган ерда (у касаллик) тарқаган бўлса, у ердан чиқманг”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Динимиз покликка буюрар экан, касалликнинг олдини олиш борасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Озодалик, покизалик бор жойда касаллик бўлмайди. Ким ўзини покиза тутиб, тавсияда айтилганидек, қўлини тез-тез совунлаб ювиб турса, шу жумладан бекаму кўст таҳорат олиб юрадиган бўлса, унга дарду алам яқинлашмайди.
Ҳамжиҳатликни таъминлашда раҳбарга итоат муҳим саналади ва бу ақида матнларимизда ҳам келтирилган. Жумладан машҳур ақида матнларидан Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовийнинг китобларида шундай дейилган: “…Улардан (бошлиқлардан) бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз”. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир мусулмон айни пайтда раҳбарият томонидан берилаётган кўрсатмаларга қатъий амал қилмоғи лозим. Зеро, юрт раҳбарлари сиз-у бизнинг тинчимизни ўйлаб мазкур талабларни ўртага қўймоқдалар. Уларни аҳилликда бажарадиган бўлсак, миллатимиз, халқимиз саломатлигига хавф солиб турган балои офат албатта чекингай.
Диний масалаларда ҳар бир ҳукм ва фатволар айнан шаъриатимизнинг кўрсатмасига мувофиқ, Қуръони Карим ва ҳадисларга суянган ҳолда қабул қилинади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қийинчиликда ҳам, кенгчиликда ҳам, фаолликда ҳам, ёқтирмаганингда ҳам, қулоқ солиш, итоат қилиш, (раҳбарларни) ўзингдан устун қўйишни лозим тут”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадисда шундай марҳамат қилдилар: “Қай бир кишига тоъун (пандемия) етса ва уйида сабр билан ва савоб умидида ўтирса ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, илло унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади” (Имом Бухорий “Саҳиҳ”ларида ривоят қилганлар).
Шу ўринда айтиш жоизки, барча фуқароларнинг карантин даврида уйда бўлишига оид амалиёт биргина бизнинг юртда эмас, бутун дунёда қўлланилмоқда. Шу орқали касаллик занжирини узиш чоралари кўрилмоқда. Бу борада барчамиз якдил бўлсак, сабр қилиб вақтимизни уйда ўтказсак, кўрилаётган чоралар ва эзгу ишларнинг самарадорлиги ошиб, аввалги осуда ҳаёт тарзимизга қайтишимиз тезлашади.
Ҳозирги кунда муҳтарам Президентимизнинг шахсан бошчиликларида мавжуд эпидемиологик вазият назоратга олинган бўлиб, зарурий барча чоралар кўрилаётгани қувонарли ҳолдир. Ишонамизки, бу офат юртимизда жиддий талофатларсиз бартараф этилади. Мана шундай синовли дамларда мамлакатимизнинг барча фуқаролари бир бўлиб, бир халқ бўлиб, елкама-елка туришлари бағоят аҳамиятлидир. Агарда элимиз эзгулик йўлида бирлашса, Аллоҳ таолонинг инояти билан ҳаммаси жой-жойига тушади, ҳаётимизга яна шоду ҳуррамлик қайтади.
Аллоҳ таоло айтади: …Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир» (Моида сурасини , 2-ояти).
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган фатволарни амалга оширишда турли ихтилофларга берилмасдан, сабр ва матонат билан ўзаро ҳамжиҳатликда ҳамкорлик қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Бундай ҳолларда мусулмон киши ҳар хил асоссиз фитна ва иғволарга берилмасдан, жойларда турли тартибсизликлар чиқармасдан, намозларимизни ўз уйимизда адо этиб боришимиз ҳар жиҳатдан ўринлидир.
Бугун ҳар биримизнинг бош мақсадимиз битта: иложи борича тезроқ бу офатни бартараф этиш. Шундай экан, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, Аллоҳ таолодан ёлвориб дуоларда бўлишимиз даркор.
Фурсатдан фойдаланиб, жойларда хизмат вазифаларини сидқидилдан бажараётган шифокорларимиз ҳамда ўз соҳаларининг мутасаддиларига кучли ирода ва матонат, шунингдек, уйида ўтириб, офат занжирини узаётган юртдошларимизга сабр, бардош ва итоат тилаймиз!

Муҳаммадюсуф Тўрақулов

Олтинкўл туман бош имом-хатиби