Уйда қолиб, дуо қилинг!

1134

Бугун дунёга кенг тарқалиб, бутун инсониятни ташвишга солаётган короновирус инфекцияси кенг тарқалмокда. Шу муносабат билан юртимизда ушбу касалликни аҳоли орасида кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида Республика комиссиясининг қарорлари қабул қилиниб, барча таълим муассасалари, оммавий жамоат масканлари, шу қаторда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча масжидлар ҳам вақтинча ўз фаолиятини тўхтатди. Мақсад: фуқаролар хафвсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдир.

Шу сабаб ҳам айни кунларда кенг жамоатчиликка ушбу синов даврида уйдан заруратсиз кўчага чиқмай ҳар ким ўзини эҳтиёт қилиши ҳакида кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмокда. Ушбу кўрсатмаларга риоя қилаётган мухлис халқимиз динимиз таълимотига амал қилган ҳолда уйда ибодатларни адо этиб, юртимиз, халқимиз ҳақига ушбу синовларни тез кунларда бошимиздан аритишини сўраб, дуолар қилишмокда. Жонлиқлар сўйилиб, кўнгли ўксиклар ҳолидан хабар олиниб, улар дуосига шерик бўлинмоқда. Динимиз таълимотига кўра, бир мусулмоннинг бошига муаммо, кўнгилсизлик ёки ҳожатмандлик етгани маълум бўлса, дарҳол унинг ҳақига дуо қилиш лозим. Ҳатто кофирлар ҳақига ҳам Аллоҳ таоло уни исломга ҳидоят килсин дея дуо қилишни ўргатган. Шундай қилган кишига дуосининг савоби етиб бориши билан бирга бошқаларга яхшиликни раво кўрганлик фазилати ҳам ҳосил бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қуйидаги мазмундаги ҳадислари ҳам ворид бўлган: “Қайси мусулмон банда биродари учун ғоибона дуо қилса, унга муаккал қилинган (бириктирилган) фаришталар “Омийн” сенга ҳам ўшанинг мислича (савоб) бўлсин, дейдилар” (Имом Муслим ривояти).

Шундай экан, азиз ватандошлар! Бошимизга келган бу синовни енгишда асоссий омил заруратсиз кўчага чиқмаслик, уйда қолиб, гуноҳларимиз учун тавба қилиб, Яратган Роббимиздан устимиздан бу бало-оватларни аритишини сўраб дуо қилайлик! Шояд, Аллоҳ дуоларимизни ижобат қилиб, тез кунларда бу касалликни юртимиз ва бутун дунёдан кетказса!

Отабек Хусанов

ОЛТИНКЎЛ ТУМАНИ

“Жалабек ота” масжиди имом-хатиби