Жаннатни даъво қилган “ошиқ”лар

1084

Одатда “ошиқлар” диний манбааларда тариқат аҳлларига нисбатан ишлатиладиган сўз ҳисобланади. Тариқат аҳллари Аллоҳ таолонинг ишқида ҳар нарсага тайёр турадилар. Улар инсон ақли билан қараганда кўплаб хатоларни содир этишсада, фаросат кўзи билан қаралганда уларнинг ишлари тўғpи бўлиб чиқади. Бундай қарашлар фақатгина илми ҳолга эга бўлган бандаларнинг қўлидан келади холос.
Камина ходимингиз ушбу мақолада ҳақиқий ошиқлар ҳақида эмас, балки қўштирноқ ичидаги ошиқлap тўғрисида фикр юритмоқчимиз холос.
Минг афсуслар бўлсинки, дунёдаги аксарият кишилар ҳозирги кунда ўзининг нафси, орзу-истакларининг хизматкорига айлангани сабабли ер юзида яхшилик ва эзгуликни тарқатиш ўрнига ёмонлик ва ёвузликни ёйишга кўпроқ ҳаракат қилмоқдалар. Албатта, бунинг замирида қайсидир мамлакатларнинг қайсидир шахсларининг манфаатлари ётади. Биз айтмоқчи бўлган «жаннатга чақирувчилар», очиқчасига айтсак, “шайтон малайлари” эса, мазкур шахсларнинг ўз ғapaзли мақсадларини амалга оширишлари учун энг қулай ва тезлик билан натижа берадиган воситалардан биридир.
Ҳозирги кунимизда фитна тарқатиш учун ривожланган ахборот воситалари, жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали бир неча дақиқаларнинг ўзида бутун дунёга ҳар қандай ёвузлик ва қотилликлар, бўлиниш ва тафриқаларга сабаб бўладиган ғояларни тарқатиб юбориш имконияти мавжуд.
“Бу масала кишини доимо огоҳ бўлишга ундовчи томони шундаки, – деб ёзади Биринчи Президентимиз Ислом Каримов, – агар ҳарбий, иқтисодий, сиёсий тазйиқ бўлса, уни сезиш, кўриш, олдини олиш мумкин, аммо мафкуравий тазйиқни, унинг таъсири ва оқибатларини тезда илғaб етиш ниҳоятда қийин”.
Аллоҳ таоло айтади:
«Одамлар орасида илмсиз равишда Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун ва у (йўл)ни истеҳзо қилиш учун беҳуда сўзни сотиб оладиган кимсалар ҳам бор. Ана ўшаларга ўзларига хорловчи азоб бордир». (Луқмон-6).
Бошқа бир оятда эса: «Албатта, мўмин ва мўминаларни фитна қилиб, сўнгра тавба қилмаганларга, ана ўшаларга, жаҳаннам азоби ва куйдирувчи азоб бор». (Буруж -10)
Кейинги йиларда халқаро терроризм “ўргимчак уяси” тамойилида тузилган бўлиб, фаолиятни қатъий бошқарувчи умумий марказга эга бўлмаган, зарур ҳолда моддий-теҳник ва маънавий йўналишда ҳамкорлик қилувчи, жиҳод ғояси билан бирлашган террорчи гуруҳлар сифатида фаолият юритиши кузатилмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозирги даврда 500 дан зиёд террорчи ташкилотлар мавжуд. Уларнинг 80% ислом дини ниқоби остида фолият юритади.
Ҳозирги кунда ўзларининг жирканч ишлари билан дунёга танилган “жаннатга даъвогар “ошиқ”лар”, яъни, “ИШИД” террористик гуруҳи ҳам улар қаторидан жой олган.
Ушбу террористик ташкилот ўзларининг “ҳижрат”, “жиҳод”, “шаҳид”, тўғрисидаги асоссиз, пуч, жирканч ғоялари билан ўсиб келаётган ёшларни ўзларининг сафларига тортмокда. Чунки, улар ўзларини “динннинг ислоҳчиларимиз”, дейишади. Ҳамчунон, Аллоҳ таоло уларнинг аниқ башарасини қуйидаги ояти каримада баён қилиб қўйган.
Яъни: “Уларга: Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!” – дейилса улар: “Албатта, биз чин ислоҳчилармиз дейдилар. Огоҳ бўлинглар, айнан уларнинг ўзлари бyзғyнчилapдиp, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар”, дейилган. (Бақара -11-12).
Аллоҳ таоло айтади: “У сенга китобни туширган зотдир. Унда муҳкам оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашади. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслайдилар” (Оли Имрон – 7).
Бизлар зикр қилмоқчи бўлган террорчи гуруҳлар ҳам қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида иш кўришмокда.
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, келажакда фитналар бўлур. Огоҳ бўлинг! Бунда яна фитналар бўлур. Унда ўтирган юргандан яхшидир. Унда юрган саъйи қилгандан яхшидир. Огоҳ бўлинг! Қачон у нозил бўлса ёки воқеъ бўлса, кимнинг туяси бўлса уни лозим тутсин, кимнинг қўйи бўлса уни лозим тутсин ва кимнинг ери бўлса у ерини лозим тутсин”, дедилар. Шунда бир киши:
“Эй Аллох,нинг Расули, айтингчи, туяси, қўйи ва ери йўқ одам нима қилади?”, деди.
“Қиличини олиб тош билан тиғига уради. Сўнгра қочишга қодир бўлса, қочиб кетади. Эй Аллоҳим, етказдимми?! Эй Аллоҳим, етказдимми?! Эй Аллоҳим, етказдимми?!” дедилар. Шунда бошқа бир киши:
“Эй Аллоҳнинг Расули, агар мажбур қилинсам ва мени икки сафга олиб борилса ёки икки гурухдан бирига олиб борилса ва бир киши мени қиличи билан урса ёки ўқ келиб мени қатл қилсачи?” деди.
“Унга ҳам ўзининг гуноҳи ҳам сенинг гуноҳинг бўлади. Ҳамда у дўзах соҳибларидан бўлади”, дедилар». (Муслим ва Аҳмад ривоят қилган).
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва фитначилардан доимо эҳтиёт бўлишимизга чорлаб Ўзининг Каломида бундай амр этади:
“Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир”. (Анфол -25).
Афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда ўзини портлатиб, шу йўл билан шаҳидлик мақомига эришиб, жаннатга киришни истаган нодонлар пайдо бўлган. Хўш, ўз жонига қасд қилиб, шаҳидликни даъво қилаётганларга Ислом динининг муносабати қандай? Улар ҳақиқатан ҳам шаҳидми?
Абу Ҳурайрадан (р.а) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким тоғдан ташлаб ўзини ўлдирса, у жаҳаннам ўтида абадий, доимий йиқилиб азобланади. Ким заҳар ичиб, ўзига суйиқасд қилса, жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичган ҳолда абадий азобланади. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида темирни қорнига урган ҳолда абадий азобланади”. (Муттафақун алайҳ).
“Шаҳидлик”ни топаман деб бошқаларнинг жонига қасд қилганларга шариатимиз нима дейди? Аллоҳ таоло Қуръони каримда огоҳлантиради: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”. ( Нисо, 93).
Ушбу оят ва ҳадисларга кўра, ўзини ўзи ўлдириши “шаҳидлик амалиёти” деб баҳоланиши айни адашишдир. Парвардигор берган ҳаётга тажовуз қилиш даражасидаги гуноҳи кабира ҳисобланади.

Андижон туман

бош имом-хатиби

Матғозиев Салимжон