Сабрнинг фазилати

676

(Коронавируснинг энг муносиб ечимларидан бири сабрдир!)

قال الرّاغب: الصّبر: الإمساك في ضيق

Сабр машаққат вақтида тийилиб туриш деганидир.

في أسماء اللّه تعالى: الصّبور «وهو الّذي لا يعاجل العصاة بالانتقام

Сабр қилган киши улуғ фазилатларга эга бўлади.
Собур Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири. Гуноҳкор инсонларни азоблашга шошилмайди маъносини англатади.

Сабр қилиш пайғамбарларнинг энг улуғ хислатларидан.

وَإِسْماعِيلَ وَإِدْرِيسَ وَذَا الْكِفْلِ كُلٌّ مِنَ الصَّابِرِينَ

“Ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир”. (Анбиё сураси, 85-оят)

Сабр уч ҳил бўлади:
1-Ибодатга сабр қилиш;
2-Гуноҳга сабр қилиш;
3-Мусибатга сабр қилиш.
Қуръони каримда 70 ортиқ ўринда сабр ва унинг фазилати ҳақида оятлар келган.

أولئك يؤتون أجرهم مرتين بما صبروا

“Ана ўшаларга сабр қилганлари учун ажрлари икки марта берилган”. (Қасос сураси, 54-оят)

إنما يوفى الصابرون أجرهم بغير حساب

“Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берулур”. (Зумар сураси, 10-оят)

واصبروا إن الله مع الصابرين

“Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир”. (Анфол сураси, 46-оят)

والله يحب الصابرين

“Аллоҳ сабрлиларни севадир”. (Оли Имрон сураси, 146-оят)

وَالصَّبْرُ ضِيَاءٌ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сабр зиёдир”, дедилар. Сабр нур демадилар. Зиё дегани кучли нур ҳисобланади. Қуёшни ёруғлиги зиё, ойникини нур дейилади. Инсон машаққат ва қийинчилик вақтида гўё зулматда қолгандек бўлади. Шу вақт сабр қилса нур келиб, уни зулматдан чиқаради.

عَنْ عَائِشَةَ زَوْجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهَا أَخْبَرَتْنَا أَنَّهَا سَأَلَتْ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الطَّاعُونِ فَأَخْبَرَهَا نَبِيُّ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَنَّهُ كَانَ عَذَابًا يَبْعَثُهُ اللَّهُ عَلَى مَنْ يَشَاءُ، فَجَعَلَهُ اللَّهُ رَحْمَةً لِلْمُؤْمِنِينَ، فَلَيْسَ مِنْ عَبْدٍ يَقَعُ الطَّاعُونُ فَيَمْكُثُ فِى بَلَدِهِ صَابِرًا، يَعْلَمُ أَنَّهُ لَنْ يُصِيبَهُ إِلاَّ مَا كَتَبَ اللَّهُ لَهُ، إِلاَّ كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ الشَّهِيدِ» رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Бизга Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тоъун ҳақида сўраганини хабар берди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, у (тоъун) Аллоҳ хоҳлаган кишига юборадиган азоб эди. Бас, Аллоҳ уни мўминларга раҳмат қилиб берди. Қайси бир бандага тоъун етиб, ўз юртида сабр қилиб, ўзига Аллоҳ ёзган нарсадан бошқаси етмаслигини билса, унга шаҳиднинг ажри мислича (савоб) бўлишини хабар бердилар”. Бухорий ривоят қилган.

قال عليّ بن أبي طالب رضي اللّه عنه: «الصّبر مطيّة لا تكبو»

Али розияллоҳу анҳу: “Сабр қоқилмайдиган уловдир”, деганлар.

«مَنْ صَبَرَ ظَفَرَ»

Ҳикматларда: “Ким сабр қилса, зафар топади”, дейилади.

Абдулмажид қори Эргашев

ӮМИнинг Андижон вилоят вакиллиги ходими